Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сарҳисоб

Сарҳисоб
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимларига ахборот берилди
 
Брифингда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда парламентга йўллаган Мурожаатномасида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ролини оширишга доир ваколатларни кенгайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилганди. Шунга мувофиқ фракция аъзолари иш режасини такомиллаштириш билан бирга жойлардаги вакиллик органларида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиш, амалий чоралар дастурини ишлаб чиқишга катта эътибор қаратишди. Шунингдек, фракциянинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлари “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминлаб борилмоқда.
Ўтган даврда O‘zLiDeP фракцияси қонун ижодкорлиги жараёнига алоҳида эътибор қаратди, 10 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилди. “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.
Ҳисобот даврида бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари фракцияга бириктирилган қўмиталар ҳамда фракция йиғилишларида мунтазам равишда парламент назорати доирасида эшитилди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат, Молия, Инвестиция ва ташқи савдо, Халқ таълими вазирларининг ўринбосарлари, шунинг­дек, қатор давлат қўмиталари, Марказий банк, Қишлоқ қурилиш инвест компанияси каби ташкилотларнинг тегишли масалалар бўйича мутасаддилари ўз ахборотлари билан иштирок этишди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳар ойнинг биринчи ҳафтасида “Ҳукумат соати” ўтказилиб, давлат идоралари раҳбарлари ва  вазирларнинг ахборотларини эшитиб бориш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Хусусан, фракция ташаббуси билан парламент қуйи палатасининг мажлисида “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳақидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг ахбороти эшитилди.
Фракция аъзолари ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш амалиётидан самарали фойдаланмоқдалар. Аҳоли билан ўтказилаётган тизимли мулоқотлар натижасида ҳудудларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолатини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Аҳоли томонидан келиб тушган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли жами 3756 та мурожаатнинг 1607 таси (42,7 фоиз) жойида ҳал этилган бўлса, 1791 та мурожаат депутатлар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, 385 таси бўйича республиканинг тегишли идораларига ёзма равишда тақдим этилди. 
Жорий йилнинг ўтган даврида фракция аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига жами 163 та сўров юборилди. Бу 2017 йилга нисбатан салкам 2 ва ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.
Бундан ташқари ҳисобот даврида фракция қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 100 га яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми Қонунчилик палатасининг ваколат доирасига кирмайдиган масалалар бўлганлиги сабабли тааллуқлиги бўйича тегишли давлат органларига юборилган ва ижроси назоратга олинган.
Брифинг давомида фракция фаолиятининг ОАВда ёритилиши ҳақида сўз юритилиб, амалга оширилаётган ишларни, хусусан, қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти, уларнинг жойлардаги ижросини халқимизга тўғри ва ҳаққоний тарзда етказишда журналистлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.