Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

САРҲИСОБ: ишчи гуруҳ натижага ишлайди!

САРҲИСОБ: ишчи гуруҳ натижага ишлайди!

Одамлар билан дилдан мулоқот қилиш, улар тилга олаётган муаммоларни бартараф этишнинг мақбул йўлларини излаб топиш партиямиз депутатлари ва фаоллари олдида турган долзарб вазифалардан саналади. Зотан, ҳар бир сиёсий куч амалий ишлар билангина электорат ишончини қозониши мумкин. Аслида хонадонма-хонадон кириб, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга кўмаклашиш бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ва жадал ислоҳотлардан кўзда тутилган пировард мақсаддир.

Маълумки, газетамизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари, партия ҳудудий кенгашлари ва депутатлик корпуси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида ташкил этилаётган тадбирлар мунтазам ёритиб келиняпти. Бу гал эса анъанага кўра бошқа вилоятлар мисолида сўз юритамиз.

 Оролбўйидан қувончли муждалар

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН Республикасида фаолият кўрсатаётган сафдошларимиз уюштирган учрашувларда “Обод қишлоқ” дастурининг мақсади ва аҳамиятини кенг тушунтиришга жиддий эътибор қаратилди. Ана шу ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб “O‘zLiDePнинг обод кўчалари” акцияси амалга оширилаётганининг ўзига хос жиҳатлари тарғиб қилинди. Хусусан, инновацион акция доирасида Элликқалъа туманининг “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қилинаётган тизимли ишлар намуна сифатида кўрсатилди.

– Бу овулда 37 та хонадон бўлиб, жами 237 киши истиқомат қилади, – дейди O‘zLiDeP Элликқалъа туман кенгаши аппарат раҳбари Д. Шарипова. – Қисқа вақт ичида “Ақчакўл”да мақтанса арзигулик янгиликлар рўй берди. Ушбу жараёнда партия электорати фаол қатнаш­ди. Уйларнинг деворлари оқланиб, кириш эшиклари ва йўлаклари таъмирланди, кўчаларга гуллар экилди. Ичимлик суви ва табиий газ қувурлари янгидан тортилаётгани эса барчани қувонтирмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари самимий суҳбатларни Кегайли туманидаги “Бахтли” ва “Қуёшли” маҳаллаларида давом эттиришди.

– Маҳалламизда тўрт мингдан зиёд киши осуда турмуш кечириб келмоқда, – деди “Бахтли” МФЙ раиси Х. Қурбонниязов. – Хонадонлардаги мулоқотларда кредит олиш ва ишсизликни бартараф этиш бўйича юзага келаётган муаммоларга оқилона ечим ҳам изланди. Жумладан, шу ерда яшовчи Т. Жиемуратовнинг ўз уйига яқин жойлашган пахта тозалаш заводига ишга кириш юзасидан ёрдам сўраб қилган мурожаати депутатлик сўрови орқали ижобий ҳал этилди.

Партия фаолларининг навбатдаги манзили Нукус туманидаги “Қус ферма” овули бўлди. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида мазкур овулдаги 11 та кам таъминланган оилалар истоқомат қилувчи уйларнинг олд томони ҳомийлар ҳисобидан, 85 та хонадон фасади эса тушунтириш туфайли аҳолининг ўзи томонидан, 14 та уй пудратчилар кўмагида таъмирланди.

Мулоқотлар давомида 32-сонли мактаб ўқитувчиси Қ. Айимбетов ёшлар спортнинг самбо, кураш ва бошқа турлари билан шуғулланиш мақсадида туман марказига қатнаб юрганини айтиб, болалар жисмонан чиниқиши учун шароит яратиш кераклигини айтди. Унинг мурожаати тегишли тартибда ўрганилиб, ёпиқ спорт зали бунёд этиш бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган Давлат дастурига таклиф тайёрланди. 

– Анчадан бери ишсизман, – дейди Қонликўл туманидаги “Бескўпир” ОФЙда яшовчи Р. Сабурова. – Мутахассислигим бўйича ўқитувчиман. Партия ишчи гуруҳи келганда ишга жойлашишга ёрдам сўрадим. Мурожаатим эътиборсиз қолмади. Туман Кенгаши депутати Л. Ешба­ева тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали масалани ижобий ҳал қилди. Ҳозирги кунда тумандаги 15-сонли мактабда болаларга дарс бераяпман.

Амударё туманидан Н. Тлеўмуратова оилавий тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишда қийинчилик­ларга дуч келаётган экан. Унинг мурожаати ҳам атрофлича ўрганилгач, туман Кенгаши депутати Р. Рўзметовнинг аралашуви билан “Микрокредитбанк”нинг Манғит филиали томонидан маблағ ажратиладиган бўлди.

Сирдарёда натижа ёмонмас

СИРДАРЁ вилоятидаги мулоқотлар ҳам амалий натижа билан якун топаяпти. Масалан, куни кеча Гулистон туманидаги “Боёвут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 30 кишидан иборат янги бошланғич ташкилоти очилгани ҳам тарғибот таъсири туфайлидир.

– Маҳалламизга келган O‘zLiDeP фаоллари бизга мазкур сиёсий кучнинг мақсад ва вазифалари, амалий лойиҳалари, давлат миқёсида амалга оширилаётган дастурларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўлиқ маълумот беришди. Шахсан ўзим шу мулоқотдан сўнг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредит олишни ният қилдим. Ўйлаб қўйган бизнес-режам орқали 7 нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминлашни мақсад қилдим, – дейди Сурайё Тиллаева.

      Ишчи гуруҳи аъзолари “Боёвут” маҳалласидан Боёвут туманидаги “Истиқлол” маҳалласига ўтиб, 50 дан зиёд хонадонга киришди. Шу куннинг ўзида анчадан буён ишсиз юрган Бахтиёр Қорабоев ва Расул Абдураимовнинг бандлиги таъминланди.

      – Мен Боёвут енгил саноат ва агросервис касб-ҳунар коллежини тамомлаганман. Тадбиркорликни бошлашга кўмаклашишни сўраб O‘zLiDeP туман Кенгашига мурожаат қилгандим. Партия фаоллари “Халқ банки”дан 25 миллион сўм кредит олишимга ёрдам беришди. Ҳозирда иссиқхона ташкил этиб, 90 га яқин лимон кўчатини парваришлаяпман, – дейди ёш тадбиркор Мадина Таджиматова.

Фаоллар Боёвут тумани “Лайлаккўл” маҳалласида уйма-уй юриш давомида гепатит хасталигига чалинган Ф. Эрбўтаевани бориб кўришди. Туман Кенгаши депутати Саодат Қорабоеванинг сўровидан сўнг беморга 2-гуруҳ ногиронлигини расмийлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

– Мен O‘zLiDeP Боёвут туман Кенгаши кўмагида “Миллий банк”дан 18 миллион сўм миқдорида кредит олишга муваффақ бўлдим ва аёллар гўзаллик салонини очдим, – дейди Асал Бойзоқова. – Энди маҳалладошларим узоққа қатнамайди. Ҳам вақт, ҳам харажат тежалади.
Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди

СУРХОНДАРЁ вилоятида “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилган ҳудудларга чиққан ишчи гуруҳи бир неча кун давомида 1 318 та хонадонда бўлишди. Мулоқотлар жараёнида аҳолини ўйлантираётган масалаларга жўялироқ ечим топиш чоралари кўрилди.

– Маҳалламиз қисқа муддат ичида замонавий қиёфа касб этди, – дейди Узун туманидаги “Кичик жончекка” МФЙда яшовчи Дилбар Пардаева. – Томорқа учун оқар сувнинг йўқлиги маҳалла аҳлини қийнаб келаётганди. O‘zLiDeP депутатларининг амалий ёрдами туфайли сув келди.

Арзимасдек туюлган нуқсон ёки камчилик ҳам одамлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши сир эмас. Аҳоли банд­лиги таъминланишининг ўзи эса кўп муаммолар барҳам топишига замин яратади. Шу нуқтаи назардан, “Кичик жончекка”даги ишсиз 126 нафар фуқаронинг 51 нафари партия фаолларининг саъй-ҳаракати билан доимий иш жойига эга бўлгани муҳим аҳамиятга эга.

Ўрганиш жараёнида ўз бизнесини бошлаш ниятида юрган юртдошларимиз ҳам талайгина эканлиги аён бўлди. Қиш­лоқда иссиқхона ташкил этиш, тикувчилик цехини ишга тушириш ва ”Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича тушган 21 та мурожаат ўрганилиб, шундан 6 таси жойида ечилди.

– Ўз тадбиркорлигимни бошлаш учун 25 миллион сўм кредит олиб, маҳалла аҳлига савдо ва маиший хизматни йўлга қўйишда партия вакиллари ёрдам берди, – дейди Музработ туманидаги “Юртим жамоли” МФЙда яшовчи Шавкат Ғозиев. – Келгусида тармоқни янада кенгайтириб, маҳалла гузари барпо этиш ниятим бор.

 Инсон манфаатидан муҳимроқ вазифа йўқ

ҚАШҚАДАРЁ вилоятидаги  26 та ҚФЙ “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилган. O‘zLiDeP ишчи гуруҳи вакиллари мазкур ҳудудлардаги 3 296 та хонадонда бўлиб, 21 минг 345 нафар аҳоли билан  бевосита мулоқотда бўлдилар.

Учрашувларда жадал амалга оширилаётган ишлар, “Yoshlar – kelajagimiz” ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари доирасида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга, оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги имконият­лар ҳақида маълумот берилди.

Касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизлар билан мулоқотда 298 нафар ёш иш сўраб мурожаат этди. 112 нафари турли корхона, ташкилот ва фермер хўжалик­ларига ишга жойлаштирилди. 300 га яқин оилавий тадбиркорлар, ҳунарманд ва уюшмаган ёшлар банклардан кредит олишда кўмак сўрашди.

Деҳқонобод туманидаги Карашина қишлоғида яшовчи Рустам Ҳасанов “Бобур Шер Оқтош” қурилиш ташкилотига ишга кирганидан хурсанд. Шаҳрисабз шаҳридаги Қорасув маҳалласидан опа-сингил Дилором ва Гулираъно Халиловалар касб-ҳунар коллежини битирган бўлсалар-да, ишга жойлаша олмай юрган эдилар. Туман Кенгаши депутатлари кўмагида “Оқсарой Текстиль” МЧЖга ишга киришди. Уюшмаган ёшларга тадбиркорликни бош­лаш учун бизнес лойиҳалари тайёрлаб берилиб, вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатларига бириктириб чиқилганлиги яхши самара бермоқда.

– Кўп йиллардан буён оқар сув танқислигидан азият чекардик, – дейди Косон туманидаги Пудина қишлоғида яшовчи Комил Эшпўлатов. – Партия фаолларига қилган мурожаатимиз беҳуда кетмади. Қисқа фурсатда қишлоққа оқар сув келтирилди. Қишлоқнинг тўрт чақиримлик ички йўлларини таъмирлаш учун 1 миллиард 294 миллион сўм маблағ ҳам ажратилди.

– “Хўжаилғор” ва “Эсат” МФЙларда  яшаётган аҳоли ҳам оқар сув танқислиги боис томорқаларида экин эка олмайдилар, – дейди яккабоғлик Суюн Чориев. – Айни ҳосил гулга кирган пайтда сув бўлмаса на илож. Партия фаолларидан ушбу муаммони ижобий ҳал этиб беришларини сўрадик. Депутатлик гуруҳи туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалик бўлимига сўровнома киритгандан сўнг 2019 йилдан бош­лаб томорқачиларга оқар сув лимити ажратиладиган бўлди.

Нишон туманининг Пахтакор ва Байналмилал маҳаллаларидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли канализация мутлақо ишламаслигидан шикоят қилди. Вилоят Кенгаши депутати Убайдулла Усмонов томонидан мутасаддиларга депутатлик сўрови киритилиб, муаммони ечиш юзасидан амалий ишлар бошланди.

Миришкор туманидаги “Обод” қишлоғи аҳолиси ҳам партия депутатларидан мамнун. Қишлоққа 18 километр ичимлик сув қувурлари тортиб келинди. Ғузор туманига қарашли Ярғунчи қишлоғидаги томорқачиларни сув билан таъминлаш мақсадида 3 та артезиан қудуғи ишга туширилди. Чироқчи туманидаги “Чиял” МФЙда партия фаоллари ва депутатлар кўмагида “Чиял тикувчилик” цехи ташкил этилиб, 12 нафар қизнинг бандлиги таъминланди.

Қовчин қишлоқ врачлик пункти ҳудуддаги 10 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Мазкур муассасада тиббий жиҳозлар эскирганлиги сабаб кўрсатилаётган хизмат талаб даражасида эмас. Ишчи гуруҳи сўровномасига кўра, ҚВПга 420 миллион сўмлик замонавий асбоб-ускуналар олиб берилди. 

Касби туманидаги Муғлон қишлоғи аҳолисини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида янги трансформатор ўрнатилди. 5 нафар ёш кулолга ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида ер майдони ажратилиши учун туман ҳокимлигига сўровнома билан чиқилди. Айни пайт­да бу масаланинг ижобий ечими кутилаяпти. Бу ердаги кулолчилик мактабини қайта тиклаб, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. 

Қашқадарёдаги мулоқотлар давомида партия сафига 390 нафар янги аъзо қабул қилинди. Ташаббускор, одамларнинг ҳурматига сазовор бўлган 116 нафар етакчи аниқланди. Хуллас, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги тамойилига таяниб фаолият юритаётган ишчи гуруҳи томонидан аниқланган 953 та муаммонинг 672 тасига мақбул ечим топилди. Қолганлари юзасидан депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан мутасадди идораларга сўровномалар киритилди.

Юлдуз Усмоновага тикув машинаси берилди

БУХОРО вилоятидаги ишчи гуруҳи томонидан Ғиждувон туманидаги “Сармижон” ва “Ростгўй” МФЙда ўтказилган  учрашувлар чоғида  аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига  алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда ушбу маҳаллаларда жами 8 170 нафар киши истиқомат қилади. Ушбу ҳудудларда 5 та фермер хўжалиги, 57 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Партия фаоллари жами юзта хонадонда бўлиб, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишдилар.

Мулоқотлар давомида мавжуд муаммолар юзасидан 11 та масала кўтарилган бўлса, уларнинг аксарияти ҳал этилди. Мисол учун туманнинг Лабирўт қишлоғидаги кам таъминланган оилаларда яшовчи Замира Облобердиева, Холида Чориева ва Барчиной Азизоваларга, шунинг­дек, Ростгўй қишлоғидаги эхтиёжманд аёллардан Юлдуз Усмонова, Маҳлиё Худойбердиева, Наргиза Бақоеваларга тикув машиналари берилди. Партия фаоли бошқараётган “Ғиждувон Машҳураси” хусусий корхонасида 42 нафар аёлга бепул ўқиш имконияти яратилганлиги уларнинг  келгусидаги  тадбиркорлик фаолиятлари талаб даражасида бўлишида муҳим аҳамият касб этиши ўз-ўзидан аён.

  “Ростгўй” МФЙда болалар боғчасини ташкил этиш бўйича тушган таклифлар  ўрганилиб, ушбу  масалани ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Ишчи гуруҳи саъй­-ҳаракатлари натижасида 10 нафар фуқарога “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг истеъмол кредитини олишга оид тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

 Халқ депутатлари Ғиждувон туман Кенгаши депутати М. Раҳматова кўмагида “Соктари” МФЙ  ҳудудида “Феруз Бехруз” МЧЖ ўз фаолиятини бошлади ва  шу тариқа   18 та  янги иш ўрни яратилди.  Эндиликда  ушбу  корхона ихтиёридаги 8 та енгил автомобилда йўловчиларнинг оғири енгил, узоғи яқин  қилинмоқда.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати ва вилоят
мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.