Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

САРМОЯСИЗ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎҚ (суҳбат/таҳлил/таклиф)

САРМОЯСИЗ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎҚ (суҳбат/таҳлил/таклиф)

Инвестициялар, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар иқтисодиёт, умуман, жамият ҳаёти учун сув билан ҳаводек зарур. Буни, айниқса, мутахассислар яхши билади. Шу билан бирга орамизда сармоя ва сармоядорларга шубҳа билан қаровчи, умуман, бу борада “ўзига хос” нуқтаи назарга эга бўлганлар ҳам бор. Бинобарин, инвестициялар жалб қилиниши билан боғлиқ баъзи масалаларга ойдинлик киритиш, мазкур масалада тўлароқ тасаввурга эга бўлиш учун иқтисод фанлари доктори, профессор Ашур Қодировга бир неча савол билан мурожаат этдик.

–  Ўтган 27 йил давомида иқтисодий соҳада ҳам ўзга мамлакатлар ҳавас қилаётган талай муваффақиятларга эришдик. Нимагаки эҳтиёжимиз бўлса, деярли ҳаммаси ўзимизда етиштириляпти, ўзимизда ишлаб чиқариляпти. Шундай экан, инвестициялар жалб қилинишига зарурат борми? 

– Кишилик жамияти ва ҳар бир инсон доимий диалектик ривожланишдаки, унинг бугунги талаби эртанги кунга мос келмайди. Мисол тариқасида чақалоқ туғилганидан тортиб, оила қуриб, мустақил ҳаёт кечиришигача бўлган ўртача 25 йиллик даврни олиб кўрайлик. Албатта, сарф-харажатлар йилдан йилга ошиб боришига амин бўламиз. Шуни ҳам биламизки, халқимизнинг бугунги ҳаёт даражаси Президентимизни қониқтирмаяпти. Давлатимиз раҳбари бошчилигида халқимиз турмуш сифатини янада юксалтиришга ҳаракат қилишимиз керак. Бош­қача айтганда, олдимизда кўплаб янги  иш жойларини яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини 2-3 баробарга ошириш ва келгуси 3-4 йил ичида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни камида 4-5 бараварга ошириш вазифаси турибди. Қўшимча маблағларсиз ана шу ишларни уддалаш жуда мушкул, бу жараёндаги харажатларни қисман хорижий инвестициялар ҳисобига қоплаш мўлжалланаётгани табиий ҳол.

Четдан қарз олиш охир-оқибат бизни қийин аҳволга солиб қўймасмикан? Сир эмас, узоқ йиллар юртдошларимизга хориж сармояси ялпи ички маҳсулотга нисбатан  16-18 фоиздан ошмаслиги кераклиги уқтириб келинди...   

– Ҳақиқатан ҳам кўп йиллар мобайнида чет эл инвестициялари ЯИМга нисбатан 16-18 фоиз бўлиши халқаро меъёрларга мос, дейилди. Мазкур меъёрлар қаердан олинган, уларни ким тасдиқлаган?  Бу саволларга жавоб топилмас эди.       Ваҳоланки, неча ўн йиллардан бери қарийб бутун жаҳондаги мамлакатлар  қарзга яшаяпти. Айтайлик,  дунё кредит-қарзларининг 58,5 фоизи АҚШ, Хитой ва Япония  ҳиссасига тўғри келади ва, эътироф этиш керакки,  улар  жаҳондаги энг ривожланган мамлакатлардандир. Қўшни давлат – Қозоғистон Республикасининг ташқи қарзи 2007 йилга келиб ЯИМга нисбатан 100 фоиздан ошиб кетган. Лекин ҳозир ҳам мазкур мамлакат МДҲдаги иқтисодий жиҳатдан энг бақувват ўлкалардан бири саналади. Европа Иттифоқи давлатларининг бугунги ташқи қарзлари ЯИМга нисбатан ўртача 81 фоизни ташкил этяпти. Туркияда эса бу кўрсаткич 60 фоизга тенг. Президентимизнинг кейинги икки йилда  чет эл инвестициясини жалб этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасида республикамиз ташқи қарзи 14,7 миллиард АҚШ долларига етиб,  валюта либерализациясидан кейин ЯИМга нисбатан 40 фоиз атрофида бўлмоқда. Шуни ҳам қайд этиш лозимки,  Халқаро валюта жамғармасининг 2017 йилги маълумотига кўра ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига нисбати бўйича Ўзбекистон дунёдаги 187 мамлакат орасида 124-ўринда бўлса, Қозоғистон 53- ва Туркманистон 70-ўринларни эгаллаб турибди.

Юқоридаги мухтасар таҳлилдан маълум бўляптики, ялпи ички маҳсулотни аҳоли жон бошига нисбатан кўпайтириш учун унинг миқдорини оширишимиз ва миллий валютамизнинг АҚШ долларига нисбатан курсини мустаҳкамлаб боришимиз керак.  Бунга эришишнинг ягона йўли иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини жадал ривож­лантиришдир. Ҳукуматимизнинг бугунги иқтисодий сиёсати айнан шунга қаратилган. Аммо олдинги даврдан мерос қолган иқтисодиёт тизими яратган пул маблағлари ана шу мақсадни амалга ошириш учун етарли эмас. Бунинг учун қўшимча маблағ – чет эл инвестицияси талаб этилаётир. Давлатимиз раҳбари охирги беш ойда юртимизга инвес­тициялар кириб келишини жадаллаштиришга қаратилган иккита фармон ва иккита қарорга имзо қўйиб, сармояларни жалб қилиш юзасидан тармоқ ва ҳудудий раҳбарлар иштирокида бир неча бор селектор йиғилиш­ларини ўтказди.

Шу ўринда юртбошимиз олимлар, фан намоёндаларига иқтисодиётимизни ривож­лантиришга тааллуқли фикр-мулоҳазаларини эркин айтишга даъват этаётганликларини алоҳида миннатдорлик билан қайд этишни истардим. Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси, республика қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази академиклари ва мухбир аъзолари, мамлакатимизнинг етакчи олимлари билан бўлиб ўтган йиғилиш баёни асосида   иқтисодиётимизнинг йирик тармоқлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва ўқув юртларига Фанлар академияси аъзоларининг илмий маслаҳатчи сифатида бириктирилиши, хусусан, жаҳон математика фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган академик Шавкат Аюповнинг “Микрокредитбанк” АТБ илмий маслаҳатчиси этиб тайинланганлиги ҳам, шубҳасиз, белгиланган вазифалар бажарилишида муайян аҳамиятга эга.

–  Бир мулоқот доирасида албатта соҳага тегишли қарор ва фармонларни атрофлича шарҳлаш қийинчилик туғдиради, шу боис мазкур ҳужжатлардаги алоҳида эътиборга молик жиҳат – чет эллик инвесторларга қандай қўшимча имтиёз ва қулайликлар вужудга келтирилгани хусусида гапириб берсангиз.    

–  2018 йил 1 августдан  инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади ва жорий  йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан ҳамда фойда ва зарарлар кўриб чиқилганидан кейингина йўл қўйилади. Шунингдек, ер участкаларини олиб қўйиш, жисмоний ва юридик шахс­ларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш оқибатида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши қатъий белгиланди.

–      Амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимиздаги  инвестицион муҳитга қандай таъсир кўрсатяпти?

– Президентимиз таъкидлаганидек, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар кириб келиши фаоллашди. Хусусан, 2018 йилнинг дастлабки беш ойида 776 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 496 тага кўп. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестиция­лар иштирокида 377 та ҳудудий ва 148 та тармоқ лойиҳалари амалга татбиқ қилиниши белгиланган.

Инвестиция жалб этилишини кенгайтириш учун маҳаллий ҳокимиятлар ва тармоқ раҳбарлари мунтазам равишда хорижий давлатларга боряптилар. Уларнинг  музокаралари натижасида жами қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та лойиҳани амалга ошириш бўйича бирламчи келишувларга эришилган эди. Лекин яратилган имкониятларга  қарамай, Бухоро вилоятида хорижий инвестициялар иштирокида 10 та лойиҳа, Навоийда 9 та, Қашқадарёда атиги 1 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни пайтда Қашқадарёнинг 13 туманида, Фарғонанинг 11 та, Сурхондарёнинг 10 та, Тошкент, Бухоро, Жиззах вилоятларининг ҳар бирида 8 тадан, Хоразм, Навоий вилоятларида 7 тадан, Қорақалпоғистон ва Самарқандда 6 тадан, Андижон ва Сирдарёда 5 тадан, Наманган вилоятининг эса 4 та туманида чет эл сармояси иштирокида бирорта ҳам лойиҳа режалаштирилмагани Президентимиз томонидан қаттиқ танқид қилинди. Бу борадаги аҳволни ўнглаш учун зарур чоралар кўриляпти, инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига масъуллар белгиланяпти. Хусусан, Бош вазир барча инвестиция лойиҳаларига умумий раҳбарлик қилиш билан бирга 144 та лойи­ҳа, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари эса 18 та лойиҳа бўйи­ча тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишига бош-қош бўляпти.

– Иқтисодиётимизга чет эл инвестицияларини жалб этиш кўламини янада кенгайтириш учун, сизнингча,  яна қандай ишлар бажарилиши зарур?

– Аввало, чет эл инвесторлари билан ишловчи  молия бозорини  такомиллаштиришимиз керак. Жумладан, республикамиздаги инвестиция компанияларининг фаолиятини ривожлантиришимиз ва янгиларини ташкил этишимиз мақсадга мувофиқ. Маълумки,  бундай компания-жамғармалар тижорат банклари қошида очилиб, улар  молия муассасасининг қимматли қоғозларини фонд бозорларига жойлаштириш билан шуғулланади. Масалан, Халқаро молия корпорацияси (IFC) “Ҳамкорбанк” АТБ билан 2001 йилдан буён ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу молиявий ташкилот “Ҳамкорбанк”ка унинг капиталини инвестициялаш ва молиялаштириш учун кредит маблағи сифатида 20 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган. Мазкур корпорация илк бор ўзининг 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тўғри келадиган “Самарқанд” деб номланган сўмдаги облигациясини жорий йил май ойида Лондон фонд биржасига жойлаштирди. Банкларимиз тарихида ана шундай мисоллар илгари ҳам қайд этилган. Афсуски, қандайдир сабаб­ларга кўра бош­ланаётган халқаро амалиёт тўхтатилган эди.

Чет эл инвестициясини республикамизга олиб киришнинг йўлларидан яна бири  тижорат банкларимиз филиалларини хорижий мамлакатларда очиш  ҳисобланади. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги 1996-1997 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликдаги келишуви асосида  ёпиқ акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган ва ҳозир ҳам ишлаб турган ”Азия инвест банк”ни ҳисобга олмаганда, мамлакатимиз  тижорат банкларига хорижий филиалларни очишга ҳозирча рухсат этилмаяпти.  Банк мижозлари ҳам хорижий банкларда ҳисоб рақамлари очиш имконига эга эмас.

Юртимиздаги йирик корхоналар ва катта сармояга эга тадбиркорларга хориж банкларида ҳисоб рақамларини очишга рухсат берилишининг афзаллиги шундаки, улар ўз маҳсулотларига харидор топиши, шунингдек,  арзон кредитлардан фойдаланиб, керакли дастгоҳларни, янги технологияларни  юртимизга олиб келишлари мумкин.

 Бу каби долзарб масалаларнинг ижобий ҳал қилиниши хориж тажрибасини ўзлаштириш, молия, фонд ва хомашё бозорларини ўрганиш ҳамда хорижий банкларнинг арзон кредитларидан фойдаланишга имкон яратади. Ўз навбатида, чет эллик сармоядорлар банкларимиз филиаллари орқали респуб­ликамиз молиявий салоҳияти, аграр тармоқ ва саноатимиз куч-қувватидан хабардор бўлиб, ҳамкорликда ишлашга қизиқади.

Ана шу ишлар амалга ошса, жаҳон фонд бозорларида қатнашувчи тижорат банкларимиз инвестицияларининг нархи кўтарилиб, нуфузи пастлаб бораётган долларда эмас, балки бошқа резерв валюталар – евро ва юаньда жалб этишимиз нечоғли мақбуллигини ҳам аниқлаб берган бўлардилар. Шунингдек, республикамиз экспортида салмоқли ўрин тутувчи рангли металл – тилланинг жаҳон бозорларида нархи тушиб бораётган бир пайтда хорижда филиали бўлган тижорат банкларимиз олтинни ўзгармас нарх билан гаровга қўйиб, энг арзон (Европа марказий банки ставкаси 0-0,25%) кредитлар олиб, республикамиз тадбиркорлари учун керакли  асбоб-ускуналарни харид қилардилар. Хуллас, хорижда банк филиалига эга бўлиш шу мамлакат молия бозорига йўл очиб, давлатлараро иқтисодий-сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлашда замин яратади.

Яна бир таклиф. Маълумки, Марказий банк валюта қийматини ўтган ҳафтанинг талаб ва таклифлари асосида шаклланган курс асосида аниқлаб, ҳар душанба куни келгуси ҳафта учун эълон қилмоқда. Менимча, валюта биржаси фаолиятини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда мукаммаллаштириш зарур. Бунда биржадаги талаб ва таклиф ҳамда курснинг ўзгариб бориши соатбай аниқланса ҳамда кунлик савдо натижалари, курс белгиланишига қандай омиллар сабаб бўлганлиги ҳар куни эълон қилинса, бу ҳам инвесторлар учун жуда қўл келарди, деб ўйлайман.

“XXI asr” мухбири
Беҳзод ИСРОИЛОВ суҳбатлашди.