Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Савол кўндаланг қўйилади: “Фаол ва нофаолларни қандай ажратиш мумкин?

Савол кўндаланг қўйилади: “Фаол ва нофаолларни қандай ажратиш мумкин? Турли йиғину мажлисларда, анжуману семинарларда “уюшмаган ёшлар” иборасининг қўлланилиши кўпчиликка эриш туюлади ва юзлаб саволлар ёғдирилади: кимлар ё қайси қатлам назарда тутиляпти? Улар нега уюшмаган (ёки уюштирилмаган)? Уюшган ёшлар қайсилар ва уларнинг бошини ким қовуштирган? Уюшган ва уюшмаганларнинг фарқли жиҳатлари нималарда акс этади ва ҳоказо-ҳоказо.

Бугун худди ана шу тарзда яна бир таърифга – “фаол депутат” атамасига турфа эътирозлар билдириляпти. Уларнинг фикрича, “фалончи фаол депутат” деган сиёсий шарҳловчи ёхуд мухбир “нофаол”ларга ҳам албатта мисол келтириши даркор. Йўқса, мазкур мулоҳаза аҳамиятсиз, кемтик, тугалланмаган бўлиб қолаверади. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бу чиндан-да муҳокамага арзийдиган мавзу экани ойдинлашади. Уни “фаол ва нофаол ходим” шаклида ҳам исталган идора тажрибасида кўриб чиқиш фойдадан холи бўлмайди. Зеро, ҳар нарсани ўз номи билан очиқ айтиш одатга айланмаган жамиятда тараққиёт йўлида жуда кўп тўсиқлар вужудга келиши кундек равшан.

Келинг, жайдари фалсафани чўзмасдан саволни кўндаланг қўяйлик: нега нофаол депутатларни нафақат журналистлар, балки парламент аъзоларининг фаолиятини мониторинг қилиш эвазига ойлик маош оладиганлар ҳам санаб бера олмайди? Бу саволнинг жавобини шунчаки андиша ёки ўзбекчиликка йўйиш мантиқсизлик бўлур эди.

Бизнингча, “нофаоллар”ни ажратиб кўрсатишнинг имкони йўқлиги чорасизликка, фойдали иш коэффицентининг атрофлича таҳлили ва комплекс мониторингининг сустлигига бориб тақалади. Очиқроқ айтадиган бўлсак, фаолларни хоҳлаганча мақташ мумкин – катта-кичикка ёқаверади. Инсон руҳияти шунақа. Бироқ “сиз нофаолсиз” деганлардан эса ўша нофаол исбот талаб қилади. Аниқ далиллар келтиришни сўрайди. Энг қизиғи, аксарият ҳолларда ўзи ҳақидаги важлардан ўзи қониқмай шаън ва қадр-қиммат масаласини кўтариб, тегишли органларга мурожаат йўллайди...

Кейинги бош оғриқларни ҳамма билади. Шунинг учун бўлса керак, барча бўғинлардаги раҳбару мутасаддилар фақатгина “фаол”ларни санаш билан чекланади. Лекин биз мазкур тамойилдан бироз чекинган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоларидан фаолларини ажратиб кўрсатиш фикридан йироқмиз. Зотан, уларнинг фаолиятига энг холис баҳони сайловчилар беради. Нофаоллар эса табиий равишда элнинг назаридан қолиб кетаверади. Яна бир томони – фаол ва нофаолни аниқлайдиган мезон-механизм ҳам мавжуд эмас.

Газетамизнинг аввалги сонларида парламент қуйи палатасидаги депутатларнинг жойлардаги учрашувлари самаралари, айни пайтдаги амалий ишларига қатор мисоллар келтириб, қандай хулоса чиқаришни ўқувчининг ихтиёрига ҳавола қилгандик. Бу гал ҳам ана шу анъанамизга содиқ қоламиз.

Сайловчиларнинг сўровлари кўп

Олий Мажлис депутати Гулшана Худоёрованинг электорат вакиллари билан навбатдаги мулоқоти Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов ижод мактабида ўтказилди. O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Фарзанд тарбия­сига масъулиятсизликнинг салбий оқибатлари”га бағишланган семинарда иштирок этиб, “Ёшлар ва замон: муаммо ва ечимлар” мавзусида маъруза қилди. 400 дан ортиқ битирувчи синф ўқувчилари ва ота-оналар томонидан берилган 40 дан ортиқ саволга жавоб қайтарди.

Шундан сўнг депутатимиз Косон туманидаги Регзор, Аралиқ, Равот қишлоқ врачлик пунктларида мавжуд шарт-шароитларни ўрганди. Бу ҚВПларнинг қамрови оз эмас-кўп эмас 12 минг кишини ташкил этади. Шу ҳудудда яшовчи фуқаролар (Нигора Қурбонова, Шоира Рўзиева, Нилуфар Бобоқулова) O‘zLiDeP фракцияси аъзосига фарзандларининг соғлиғини асраш билан боғлиқ муҳим масала юзасидан мурожаат қилишди. У ҳам бўлса, “Гепатит А”га қарши вакцина ҳозирги кунда 160 минг сўмдан сотилаётгани, 3-4 нафар боласи бор оилалар буни олишга қийналаётганидир. Натижада 14 ёшгача бўлган болаларнинг қарийб 70 фоизи эмланмасдан қолиб, инфекцион касалликлар кўпаймоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Г.Худоёрова бу масалани чуқур ўрганиб, оқилона ечим топиш юзасидан аниқ таклиф тайёрлашга киришди.

Косондаги яна бир мурожаат эътиборимизни тортди. Маълум бўлишича, “Юксалиш” МФЙ ҳудудида яшовчи Х.Х. биринчи турмушидан расмий ажралмасдан, иккинчи турмушга чиққан ва фарзандли бўлган. Аммо биринчи эри “Бола меники”, деган рўкач билан чақалоққа оталик белгиланиши ва гувоҳнома расмийлаштирилишига тўсқинлик қилган. Ҳужжатсиз эса туғруқхонадан чиқиб бўлмайди.

Депутат туман ФҲДЁ бўлими, ИИБ ва прокуратура ходимлари билан биргаликда тушунтириш ишлари олиб бориши натижасида масалага ечим топилди. Х.Х. жигарбандига гувоҳнома олиб, туғруқхонадан 12 кун деганда чиқарилди...

 Водийларни яёв кезганда

Фарғона вилоятидан сайланган депутат Одинахон Жамолдинованинг галдаги учрашувларида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш жараёнида парламент қуйи палатасининг иштироки ва масъулияти ҳақида сайловчиларга кенг ахборот берилди. 

Асосий эътибор туманларда тадбиркорликни ривожлантириш, тижорат банклари хизматлари сифати, савдо ва маиший хизмат кўрсатишни ўрганиш, янги иш ўринларининг яратилиши, бандлик муносабатлари, меҳнат бозоридаги аҳвол, пенсия таъминоти, ижтимоий нафақалар тўланиши, тиббиёт ҳамда таълим соҳасида хусусий сектор вакилларига яратилаётган шароитларни ўрганишга қаратилди. Албатта, эришилаётган натижалар қувонарли, лекин ечимини кечиктириб бўлмайдиган  масалалар  ҳам талайгина.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхоналарни ишга туширишда канализация тармоғи йўқлиги тадбиркорлик фаолиятини юритишга тўсқинлик қилаётгани, деҳқон ва буюм бозорларида санитария-гигиена нормаларига риоя этилмаслиги ҳолатларининг мавжудлиги, ўқувчиларнинг таълим муассасаларига қатновида хавфсизликнинг тўлиқ таъминланмагани, аҳолига суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб беришдаги узилишлар шулар жумласидандир.

Аҳолини энг кўп ташвишлантираётган масалалардан яна бири, бу  оиланинг даромад манбаи бўлган томорқалардан самарали фойдаланишда дуч келинаётган қатор қийинчиликлардир. Айрим фуқаролар бир неча йиллар олдин уй-жой қуриш учун ҳеч қандай ҳужжатларсиз ер сотиб олгани боис бугунги кунда яшаш учун тайёр ҳолга келтирилган иморатини кадастрдан ўтказиш масаласида муаммоларга дуч келаётганини айтиб, амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилмоқда.

Депутатимиз хусусий тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан танишди. Масалан, “Яккатут” МФЙ ҳудудида иш бошлаган хусусий стоматология шифохонаси хизматидан аҳоли мамнун. Ёш тадбиркор Мирзоҳид Абдумуталов томонидан энг сўнги русумдаги жиҳозлар ўрнатилган. Энди у фаолиятини янада  кенгайтириш мақсадида тиббий диагнос­тика хизматини кўрсатиш маркази учун қиймати 400 миллион сўмлик лойиҳасини тайёрлаб имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилганини маълум қилди. Унинг мурожаати юзасидан амалий чоралар кўрилди ва ижроси назоратга олинди.

 Жанубда “тез ёрдам”чилар  нега кечикяпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Муродилла Турсуновнинг Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани сайловчилари билан учрашувида аҳоли вакиллари бир қатор масалалар юзасидан мурожаат қилишди.

Биринчи масала. Давлат аҳамиятига молик 4 P-105 автомобиль йўлининг 70-89 километрлари 1970 йилларнинг охирида ишга туширилган бўлиб, қарийб 50 йилдан буён таъмирланмаган. Натижада ушбу автомобиль йўли юриб бўлмас ҳолатга келиб қолган. Чўкирли маҳалласида жойлашган ва ҳудуддаги 9 та маҳаллада яшовчи 25 837 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи 36-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасидан туман марказигача бўлган масофа 32 километрни ташкил этса-да, йўлнинг бутунлай яроқсиз ҳолатга келиб қолгани туфайли “Тез тиббий ёрдам” машиналари ушбу масофани 1,5-2 соат давомида босиб ўтади. Бу аҳволи оғир беморларни туман марказидаги шифохонага шошилинч олиб боришда жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда.

Иккинчи масала. Маҳат қишлоғига ўтиш жойида Бойсун-Оққапчиғай сойи мавжуд бўлиб, ундан баҳор ва ёз ойларида жала натижасида ҳосил бўладиган катта миқдордаги сел оқиб ўтади ҳамда Сурхон сув омборига бориб қуйилади. Ушбу сой устида 2009 йилгача аҳоли ва транспорт воситалари учун кўприк бўлган. Аммо кейин кўприкни сел бузиб кетган. Маҳат қишлоғи ва Ариқошган маҳалласи аҳолисининг асосий қисми ҳамда уларнинг 276 нафар фарзанди ушбу сойдан ўтиб, мактаб ва коллежларга боришади. Бугун кўприк йўқлиги туфайли аҳоли жабр кўриб, турли фожеалар юзага келаётгани алоҳида таъкидланди.

Учинчи масала. Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида юклатилган вазифалар ижроси муҳокамаси юзасидан 2018 йил 8 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баёни қарор қисмининг 24-бандида Қумқўрғон туманида кўп миқдорда сел келишидан зарар кўрган ҳудудлардаги кўприкларни тиклаш учун Республика йўл жамғармасининг табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун кўзда тутилган маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўм ажратилиши белгиланган бўлса-да, ушбу маблағ бугунги кунгача ажратилмаган ва кўп­рик қурилиши бош­ланмаган.

Муродилла Турсунов мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари номига депутат сўрови юборди.

Баъзилар ижтимоий тармоқлар, ТВ ва матбуотда тез-тез кўриниш берадиганларни, айримлар эса қайси мавзу бўлишидан қатъи назар, у ёки бу гапни айтадиган депутатларни фаоллар қаторига қўшишади. Учинчи тоифадагилар эса ҳар икки нуқтаи назарни нотўғри ёндашув оқибати деб ўйлайди. Камтаргина фаолият кўрсатиб ҳам талай амалий натижаларга эришаётган депутатлар кўплигини айтишади.

Хўш, сиз қандай фикрдасиз? Сиз сайлаган, катта ишонч билан овоз берган депутатингиз фаолми ёки аксинча? Вакиллик органларига навбатдаги сайловлар тобора қаттиқроқ эшик қоқаётган шу кунларда ҳар бир онгли киши ана шу саволга аниқ жавоб топиши мақсадга мувофиқ, назаримизда.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири