Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

САЙЛОВ 24 ДЕКАБРЬ КУНИ БЎЛИБ ЎТАДИ Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси мажлисида маълум қилинди.

САЙЛОВ 24 ДЕКАБРЬ КУНИ БЎЛИБ ЎТАДИ Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси мажлисида маълум қилинди.
Республика миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирни Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов бошқариб борди. Мамлакатимизда демократик талаб ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилгани таъкидланди.  Мажлисда “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига cайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, қайд этилган сайлов 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 24 декабрь куни ўтказилади.
Шу куннинг ўзида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. 
– Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари кенгашларини тузиш туманлар даражасида маҳаллий бюджет, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш, уларнинг ижросини назорат этишда муҳим ўрин тутади, – деди
М. Абдусаломов. – Кенгашлар сессиясида туманларда жойлашган маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотлари тингланади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатишга замин яратади.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишлар жойларда ташкил этиладиган сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчилик, халқаро умумэътироф этилган демократик принцип ва стандартлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олиб борилади. 
Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил амалга оширади. Ҳар қандай давлат органи, жамоат бирлашмаси ва манфаатдор шахсларнинг аралашишига йўл қўйилмайди. Сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йили ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади. 
Тадбирда округ ва участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш, депутатликка номзодлар кўрсатиш тартиби, сайловолди ташвиқоти, манфаатдор ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш каби масалалар бўйича ҳам маълумотлар берилди. 
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 23 сентябрдан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов кампанияси бошланди.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири