Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сайёҳлар кўпаймоқда бунга тайёрмизми? (биринчи мақола)

Сайёҳлар кўпаймоқда бунга тайёрмизми? (биринчи мақола)
 
Жорий йилда дунёнинг етти давлатидан сайёҳларнинг Ўзбекистонга бир ойгача визасиз келиб-кетиш тартиби йўлга қўйилгач, юртимиз, жумладан, Самарқандга келаётган сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди. Қўшни давлатлар билан ҳам шу тартиб жорий этилгач, бу миқдор янада кескин кўпайди. Юртимизда сайёҳликнинг барча йўналишларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар пайдо бўлди.
 
   Хўш, сайёҳлар сони кундан-кунга ошмоқда, биз эса туристлар оқимининг янада кўпайишини истаймиз. Аммо сайёҳлар учун яратилган шароит, тақдим этилаётган хизматлар билан туризмни ривожлантира оламизми? Умуман, сайёҳлар борадиган асосий жойларда меҳмонлар истагини ўрганиб, шунга мос шароит яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар талаблар даражасидами? 
 
Журналист Анвар МУСТАФОҚУЛОВ қадим шаҳарда ана шу саволларга жавоб излайди.
 
УНУТМАСМАН СЕНИ, ТОКИ ТИРИКМАН!
 
Самарқанд сайёҳларининг катта қисми юртимизнинг турли ҳудудларидан, қўшни давлатлардан ташриф буюрувчилардир. Ўз машинасида келадиганлар ҳам оз эмас. Муаммо шундаки, аксарият сайёҳлар келадиган жойларда илгари нечта автотураргоҳ бўлса бугун ҳам ундан кўп эмас. Ҳолбуки, шу йилнинг ўтган уч ойи давомида биргина Регистон мажмуасини томоша қилувчилар сони салкам 170 минг нафарга етди. Ўтган йилнинг шу даврида улар 37 минг тўрт юздан ошмас эди. Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилувчилар эса қарийб 150 мингга кўпайган. Сайёҳлар сони тўрт ярим баравар ошган экан, автотураргоҳдаги машиналар сиғими, ҳеч бўлмаганда, икки баравар кўпайиши керак эди. 
 
Самарқанд меҳмонлари билан суҳбатлашсангиз айни шу масалада қийинчиликка дуч келаётганидан зорланишади.
 
– Мамлакатларимиз давлат чегарасидан ўтиб-қайтувчиларга жуда илиқ муносабатга гувоҳ бўлдик, – дейди Тожикистон фуқароси Тахмина Қобулова. – Чегарадан ўтгач, бир соат ўтмай Самарқанд шаҳрига кириб келдик. Маҳобатли тарихий обидаларни бир умр унутмаймиз. Аммо турмуш ўртоғим ҳар бир зиёратгоҳ олдида машина қўйишга жой топиш учун анча қийналди. Дам олиш куни бўлгани учун бўлса керак, Шоҳи Зинда зиёратгоҳида ҳам, Регистонда ҳам автотураргоҳ тўлиб кетган эди.
 
Шаҳримизга келувчи сайёҳлар ортгани сайин, автотураргоҳлар сони ва сиғими камлиги кўзга яққол ташланяпти. 14 апрел куни тарихий обидалар атрофини кўздан кечириб бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Автотураргоҳларни кенгайтириш ёки сонини кўпайтириш, фаолиятини тартибга солиш, биринчидан хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қулайлик туғдирса, иккинчидан қўшимча иш ўринлари ва маблағ тушуми ошишига ҳам хизмат қилади. 
 
 АНА ҚАРАНГ, САЙЁҲ КЕЛДИ!
 
 Агар сиз Хитойдаги Буюк Хитой деворига чиқсангиз, кўп ўтмай сизга худди шу обида устидаги суратингиз туширилган бирор буюм, эсдалик суратингизни таклиф этишади. Қачон туширганини билмайсизу қўлингизда Хитойдан ажойиб эсдалик. Сотиб олмай иложингиз йўқ. Ёки Истанбулдаги машҳур Султон Аҳмад масжиди ёнида бўлсангиз, бир неча тил, хусусан, ўзбек тилидаги овозли китобларга кўзингиз тушади. Парижда сизга атиги икки кишилик тамаддихонада беш еврога чой ёки кофе таклиф этишади, тўғри, қиммат, аммо ана шу кафедан бутун Эйфел минораси кўриниб тургани учун иккиланишсиз кирасиз ва суратга тушасиз.
 
Хўш, биз сайёҳларга тарихий биноларимизни кўрсатиш билан бирга қандай қўшимча хизматлар таклиф этяпмиз? Бутун дунёда энг сердаромад соҳа туризм эканини кўп гапирамиз. Аммо сайёҳ келди дегани, бу — даромад оқиб келяпти дегани эмас ҳали. Ҳар қандай давлатга сайёҳнинг келиши, бу — туризмнинг кичик бир қисми, иккинчи масала – унга турли хизматлар таклиф этиш, жайдарироқ айтганда, пулини олиб қолиш.
 
Регистон мажмуасида бу борада жуда катта имконият бор. Зеро, ҳар икки йилда бутун дунё нигоҳи Регистонда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига қаратилади. Мажмуа маъмурияти ташаббуси билан яқинда ушбу масканда йигирма кишилик фолклор ансамбли иш бошлаганини олқишлаймиз. Сайёҳлар ҳар оқшом мазкур жамоанинг чиқишларини интиқ кутадиган бўлди. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Бу ерда бутун дунё халқлари чолғу асбоблари музейи ташкил этилса, сайёҳлар бир умр эсдан чиқмайдиган таассуротга эга бўлишади. Фестивал ғолиблари, дунё мусиқаси ҳақидаги маълумотлар ҳам шу музейдан ўрин олиши айни муддао. Ана шундан сўнг, меҳмонларга Самарқанддаги тарихий обидалар тасвири туширилган чолғу асбобларини сотиб олишни таклиф қилиш мумкин. Туркиянинг Кастаману шаҳрида бутун дунё халқлари бош кийимлари жамланган музей бор (Афсуски, фақат ўзбек миллий дўпписи йўқ у ерда). Биргина ана шу бош кийимларни кўриш ва харид қилиш учун йил давомида сайёҳ аримайди ўша м
узейдан. Энди ўйлаб кўринг, дунёнинг энг яхши мусиқачилари йиғиладиган Самарқандда чолғу асбоблари музейи бўлса-ю, сайёҳлар тинимсиз чўнтак ковлашдан ташқари, маданият ва маърифат марказидан бир умрлик эсдалик олиб кетса! Ўша совға йиллар, балки асрлар оша дунёнинг не бир мамлактларида, не бир одамларнинг уйини ва кўнглини безаб турса! Соҳибқирон салтанатидан, бугунги Ўзбекистондан, Самарқанду Регистондан мангу ҳикоялар сўзлаб турса!.. Савобига ким етсин! Етадиган борми?  
 
 ЗИЁРАТЧИЛАР ЕРДА ЎТИРМАСИН!
 
 Тарихий обидаларнинг аксариятида, ўриндиқлар сони жуда кам.  Биргина Шоҳи Зиндага дам олиш кунлари 10 мингдан ортиқ киши ташриф буюради. Ўриндиқлар сони эса бармоқ билан санарли. Амир Темур мақбарасида ҳам айни ҳолат. Регистон мажмуасидан Шоҳи Зинда зиёратгоҳига Ислом Каримов кўчаси орқали пиёда ўтаркансиз, дарахтлар соясида ўнлаб одамлар ўтирганига гувоҳ бўласиз.  
 
Яна бир масала. Ноқулай бўлса ҳам айтиш керак. Амир Темур мақбарасида ҳожатхонада доим навбат. Ахир, сайёҳлар учун энг муҳим шароит ҳожатхона ва ювинишга имконият етарлича ташкил этилмас экан, бошқа масалаларни тилга олиш ҳам ноўрин. 
 
Зиёрат туризмининг энг муҳим обЪектларидан бири Имом Бухорий мажмуасида аҳвол анча ўзгарган. Мажмуанинг кириш ва ички ҳовлисида элликта замонавий ўриндиқлар қўйилган. Тиббиёт хонаси мавжуд. Замонавий таҳоратхоналардан ташқари, иккита душхона ҳам ишлаб турибди.  
 
Ўтган йили мажмуада  42 нафар ишчи ходимлар хизмат кўрсатган бўлса, жорий йил зиёратчилар ва сайёҳлар оқимининг кескин кўпайиши натижасида яна 13 нафар мутахассис ишга қабул қинган. Шунингдек, мажмуада 50 нафарга яқин сураткаш шартнома асосида фаолият олиб бормоқда (бошқа зиёратгоҳларда улар 2-3 нафар).
 
– Икки кун мобайнида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, мажмуани ҳам зиёрат қилмоқдамиз, – дейди Қирғизистоннинг Қорасув туманидан келган онахон Давлатхон Хўжамқулова. – Албатта, ҳар бир жойнинг ўзгача таровати бор. Айниқса, мазкур мажмуа ҳақиқатдан жуда гўзал. Бу қутлуғ жойда намоз ўқиш бахтига муаяссар бўлдим. Армоним қолмади. Шу кунларга етказганига шукур!
 
Дарвоқе, Имом Бухорий мажмуасида ҳам, бошқа обЪектларда ҳам фотосессия хизмати ҳақи бўйича аниқ прейскурант ишлаб чиқилиши лозим. Негаки, кўп ҳолларда сайёҳларга фотосессия ҳақини сураткашлар истаган нархда айтади. Бу борада аниқ тартиб ҳозирча Регистон мажмуасида йўлга қўйилган, холос. 
 
 ТАРИХИЙ ОБИДАЛАР КЎЗДАН КЕЧИРИЛДИ, КЕЙИНЧИ?
 
 Мутахассислар бир неча йилдан буён сайёҳларни Самарқандда кўпроқ «ушлаб туриш»нинг фойдаси ҳақида гапиришади. Тўғри, келаётган сайёҳларнинг аксарияти бир кунда тарихий обЪектларни кўздан кечириб бошқа шаҳарга ўтиб кетади. Агар улар яна бир кун шаҳарда қоладиган бўлса маблағ тушуми ҳам бир неча баробарга ошади. Муаммо шундаки, аксарият сайёҳлар бир кундан ортиқ шаҳарда қолишни истамайди. Нега?
 
Тасаввур қилинг, сайёҳсиз. Дам олиш, бир дунё таассуротлар олиш учун Самарқандга келдингиз. Тарихий жойларни айланиб чиқдингиз. Айтингчи, кеч бўлгач, зерикиб қолмаслик учун вақтингизни қандай ўтказган, қаерга борган бўлардингиз? Муаммо ана шунда. Юқорида Регистонда фолклор ансамбли иш бошлаганини айтдик. Аммо шаҳарнинг бирор жойида кечаси сайёҳлар бориши мумкин бўлган, таклиф этадиган кўнгилочар гўша йўқ. Ҳеч бўлмаганда, бирор театр оқшом ҳам ишласа ёки Алишер Навоий истироҳат боғида шеърхонлик ўтказилиб шоир байтлари чиройли тарзда айтиб турилганда ҳам бир-икки қизиқувчи топиларди.
 
– Самарқандни бутун дунёда Амир Темур давлати пойтахти деб билишади, – дейди Регистон мажмуаси директори Беҳрўз Маруфий.  – Энди тасаввур қилинг, Буюк ипак йўлидаги қадимий шаҳар номли бир маскан ажратилиб, тўлиқ бино ва иншоотлар қадимий услубда қурилса, кўчаларда навкарлару, миршаблар, ҳунармандлар кезиб юрса, маскан девор билан ўралиб, атрофда ҳовуз, миллий чойхоналар  ишлаб турса. Ана шунда бу ерга келган сайёҳ, ўзини Амир Темур замонига тушиб қолгандек ҳис қилади. Биз бу борада бир қатор таклифлар ишлаб чиқмоқдамиз.
 
 ТОЙЛОҚДАГИ КЎРИК 
 
 Яна бир масала. Шуниси эътиборлики, қўшни давлатлардан келадиган сайёҳлар оқими ошган сари Самарқандда тиббий ва агротуризм ҳам ривожлана бошлади. Тожикистонлик меҳмонлар Тойлоқ туманидаги иссиқхоналар, томорқалардаги экинлар парвариши, технологияси билан қизиқиб, танишиб чиқмоқда. Тожикистоннинг Панжикент туманига турли хил кўчатлар етказиб бериш йўлга қўйилди.
 
— Биз учун зарур тиббий ташхис аппаратлар Тойлоқда борлигини эшитгач, – дейди панжикентлик Рози Рустамов, – аёлим шу ерда тиббий кўрикдан ўтди. Энди фарзандларимни ҳам олиб келмоқчиман.  
 
Ҳа, излаган имкон топади. Изламаган-чи?.. Ризқини бировга бериб ўтираверади. Жаҳон туризм бозорида сайёҳларни жалб қилиш учун жиддий кураш бошланган даврда боқимандалик қилиб ўтирганнинг ҳолига вой.
 
 "Хуррият" газитасидан олинди.
 
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
 
журналист
 
Самарқанд вилояти