Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Сайёҳларни Ўзбекистонда нималар ҳайратлантиради?

Сайёҳларни  Ўзбекистонда нималар  ҳайратлантиради?

         Хабарингиз бор, шу йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузурида пресс-холл иш бошлаган эди. Илк тадбирда Бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродов Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга йўналтирилган дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий қилиш тўғрисида журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.

       15 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги пресс-холлда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов иштирок этиб, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш, тизимда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, халқимизнинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш, «Хавфсиз туризм» концепцияси ижроси, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларини жаҳон сайёҳлик бозорига олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

    Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасининг қонунчилик асосини мустаҳкамлаш, соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, улардан
22 таси амалда жорий этилди. Айни вақтда туризм хизматлари экспорти ўтган йилларга нисбатан 24 фоизга ошгани соҳада олиб борилаётган ишларнинг ижобий самара бераётганидан далолатдир.

      Ҳудудий дастурларда белгиланган режа асосида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд Сити” туризм зоналарини ташкил қилиш, умумий ҳисобда 450 га яқин лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 50 маданий мерос объектини реставрация ва консервация қилиш, 50 дан ортиқ меҳмонхона қуриш ва қайта тиклаш, 100 га яқин умумий овқатланиш объектини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

       Ўтган йили юртимизга ташриф буюрган 2,5 миллион сайёҳнинг туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 557 миллион долларни ташкил этган эди. Соҳадаги ютуқларни ва давлатимиз томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб туроператорлик хизматларини кўрсатувчи 128 тадбиркорлик субъекти сони 561 тага етказилди. Шунингдек, хорижий сайёҳлар учун виза ва рўйхатга олиш таомили анча соддалаштирилди. Якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди ва визаларни расмийлаштириш нархи 60 доллардан 40 долларга пасайтирилди. Мамлакатимиздаги 600 дан ортиқ сайёҳлик объектини бирлаштирган «E-Mehmonxona» автоматлаштирилган тизими ишга туширилиб, хорижий ва маҳаллий фуқаролар ҳисобини олиб бориш жараёни ва бу борадаги ҳисоботлар электрон шаклга ўтказилди. Тармоққа ахборот-коммуникация технологиялари изчил равишда жорий этилиб борилмоқда.

     Юртимиз ҳудудидаги барча аэропортларда «яшил» ва «қизил» йўлаклар ташкил этилиб, сайёҳларга шаҳарларимиз харитаcини бериш, такси ҳайдовчиларининг маданиятини ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. Аммо хорижий сайёҳлар эътирозига сабаб бўлаётган омиллар ҳам йўқ деб айта олмаймиз. Шулардан кафе ва ресторанларнинг тунги ишлаш вақти чеклангани, бир-икки юлдузли меҳмонхоналарга кам эътибор қаратилаётгани, автобуслар етишмаслиги, ҳудудларда санитария-гигиена масканлари етарли эмаслиги каби масалалар ҳақида савол берилди.

    – Биринчи навбатда 24 соат ишлашни истайдиган кафе ва ресторанларнинг хавфсизлик масаласига эътибор қаратиш керак, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Бу каби ишлар сертификатлаш усулида амалга оширилади. Кўпгина давлатларда мавжуд бўлган ушбу тизимда хизмат кўрсатиш муассасаси “tourist-friendly” тизими талабларга жавоб бера олиши керак. Яқин келажакда 24 соат ишлайдиган овқатланиш масканларини ташкил этиш учун Қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бу каби хизмат кўрсатиш муассасасида “огоҳлантирувчи тугма” ташкил этилиб, зарур ҳолларда сайёҳ ИИВ билан боғланиш имконига эга бўлади. 

      Очиқ мулоқотда Азиз Абдуҳакимов журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарар экан, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги ҳушманзара табиат, Сариосиёдаги Сангардак шаршараси хитойлик сайёҳларнинг катта қизиқиш ва ҳайратига сабаб бўлаётганини айтиб ўтди.

        Маълумотларга қараганда, Ўзбекис­тонга келаётган ёши 50 дан ошган сайёҳларнинг 41 фоизи мамлакатимизнинг хушманзара ҳамда табиий ландшафтлари яхши сақланиб қолган, 25-30 ёшдаги сайёҳларнинг 26 фоизи эса экологик муаммолар мавжуд ҳудудларни кўриш истагида эканини билдиришган.

           Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, экотуризмни ривожлантиришда туристларга юқори даражадаги хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналар талаб этилмайди. Туризмнинг бу турида анъанавий ҳордиқ чиқариш ва маиший қулайликлар энг муҳим деб ҳисобланмайди. Табиатнинг бетакрор манзараларини томоша қилиш учун палаткаларни жойлаштириш ва кемпинглар ўрнатишнинг ўзи кифоя. Бироқ экотуризм юқори малакали мутахассисни, яъни ҳар бир гуруҳ учун турист­ларнинг хавфсизлигини таъминловчи ходимни талаб этади. Келгусида маданий-этнографик, спелеологик (ғоршунослик), даволаш-соғломлаштириш каби бир қанча йўналишлар бўйича янгидан-янги туристик маршрутлар йўлга қўйилади. Бу эса ўз-ўзидан юртимизга хорижлик сайёҳлар оқимини кучайтириб, туризм хизматлари экспорти ҳажмининг ошишига олиб келади.

 

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,

“XXI asr” мухбири