Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сайёр қабул: Урганчда Саъдуллаева Замирага қурилиш материаллари ишлаб чиқариши учун ер майдони ажратилди

Сайёр қабул: Урганчда Саъдуллаева Замирага  қурилиш материаллари ишлаб чиқариши учун ер майдони ажратилди

O’zLiDeP Урганч шаҳар Кенгаши ташаббуси билан “Саҳоват” МФЙда навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.

Унда Шаҳар электр тармоқлари корҳонаси раҳбари ўринбосари Умарбек Исмоилов, ИИБ Урганч шаҳар паспорт бўлими ходими Сардор Сапаев, МФЙ раиси Отабой Шомуратов ва шу ҳудуддан сайланган депутат Нигора Қўшчановалар иштирок этди.

 Қабулда аҳоли томонидан маҳаллада жойлашган 96-сонли мактаб интернатида қиш ойида газ босимининг пасайиб кетгани, йўл таъминоти масалалари, кўчаларни капитал таъмирлаш, электр токининг тез-тез ўчиши, мактабгача таълим муассасасига болаларни жойлаш, қарияларга янги паспортни уйларига олиб бориш каби 10 дан ортиқ муаммоларни ўрганиб, тегишли тартибда амалий кўмак бериш ҳақида келишиб олинди.

–        Маҳалламизнинг Пардов ва Мустақиллик кўчаларини тунги ёритиш чироқлари ишламайди, – дейди шу маҳалланинг Махтумқули кўчаси 253-уйда  истиқомат қилаётган Қадамбой Юсупов. – Бу эса ўз навбатида кечқурунлари шу кўчаларда ҳаракатланишимизга қатор ноқулайликлар туғдирмоқда.

Депутатимиз Н.Қўшчанова мазкур муаммони ўрганиб чиқиб, шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови юбориш орқали ижобий ҳал қилинишини таъкидлади.

Кейинги масала нуронийларни паспорт олишлари учун тегишли бўлимга олиб бориб келиш муаммоси бўлди.  Бу борада қийналаётган қариялар кўпчиликни ташкил қилиши таъкидланди. Агар иложи булса, янги паспорт масаласида масъул ходимлар қарияларни овора қилиб юрмасдан, уларнинг уйларига бориб бериши каби таклифлар билдирилди.

Масала юзасидан ИИБ Урганч шаҳар Паспорт бўлими ходими Сардор Сапаев бу муаммо ҳозирги кунда ўранилаётганлигини ва албатта қарияларга шароит яратиш бўйича ишлар бошлаб юборилганлигини айтди.

Шунингдек, Самарқанд кўчасида истиқомат қилаётган фуқаро Одилбек Хасанов набираларини МТМга жойлаштириш бўйича Давлат хизматлари агентлиги томонидан йўлланма берилганлигига қарамасдан, боғча мудираси бўш ўрин йўқлигини айтган. О.Хасановнинг ушбу муаммоси ҳам шу ернинг ўзида депутатлик назоратига олинди.

 Таъкидлаш керакки, олдинги учрашувларда депутатимизга келиб тушган мурожаатлар  жавобсиз қолмаябди.  Мисол учун, Урганч шаҳридаги оилавий тадбиркор Саъдуллаева Замиранинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун ер майдони ололмаётганлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, Хоразм вилояти Архитектура ва қурилиш бошқармасига юборилган депутатлик сўровига асосан тадбиркорга ер майдони ажратиш бўйича  шаҳар хокими қарори чиқарилди.

Фуқаро Ғайрат Қурбондурдиевнинг доимий яшаш учун турар жойи йўқлиги бўйича қилган мурожаати ҳам депутатнинг Урганч шаҳар хокимига йўллаган сўровига асосан Саҳоват маҳалласининг Амударё кўчасида жойлашган ётоқхонадан турар жой берилди. 

 

                                            

Қудрат БЕКМЕТОВ,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири