Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сайёр қабулда айтилган муаммоларни ҳал этишга келишиб олинди

Сайёр қабулда айтилган муаммоларни ҳал этишга келишиб олинди

        Халқ депутатлари Олот туман Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи (раҳбари Гулноз Бахромова)нинг навбатдаги йиғилиши сайёр қабул тарзида ҳудуддаги “Кумкашон” МФЙда бўлиб ўтди.

        20- Кумкашон сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайланган Зулфия Рўзиеванинг таъкидлашича, ҳудуд аҳолисини анчадан бери ташвишга солиб келаётган муаммолар, ечимини кутиб қолган масалалар бу ерда талайгина. Туман марказидан “Кумкашон” МФЙгача олиб борадиган йўлнинг (умумий узунлиги 7 км.дан иборат) таъмирталаб бўлиб қолганлиги, хонадонларга узатилаётган табиий газ босимининг пастлиги, ҳудудда битта ҳам ҚВП нинг йўқлиги ана  шундай долзарб масалалардан бўлиб ҳисобланади.

        Сайёр қабул ташкилотчиларига ўзини анчадан бери қийнаб келаётган муаммо бўйича мурожаат этган аҳоли вакилларидан бири Роҳат Қурбонова Шўркашон қишлоғини талаб даражасидаги табиий газ билан таъминлаш учун қўшимча равишда яна битта газ тақсимловчи пункт (ГРП) ташкил этиш лозимлигини тилга олиб ўтган бўлса, фуқаро Муҳайё Авезова  бандлик масаласида кўмаклашишни, шунингдек унга қарашли уй-жойларни кадастр рўйхатидан  амалдаги қонунларга мувофиқ  расмийлаштиришда ёрдам беришни сўради.

        Сайёр қабулга келган аҳоли вакилларидан Р.Рахимова, Б.Тангриевлар маҳаллий Кенгаш депутатлари, O’zLiDeP фаоллари ва ижро ҳокимияти органлари масъул ходимларига юқорида тилга олиб ўтилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этишни сўраб, мурожаат этдилар. Партия фаоллари ва маҳаллий рахбарлар билан юзма-юз мулоқот  давомида муҳокама этилган масалалар бўйича мутасадди ташкилотлар зиммасидаги энг муҳим вазифалар белгилаб олинди ва шу тариқа аҳолининг ҳақли эътирозларига асосан жойларда  тегишли ишларни белгиланган  муддатларда амалга оширишга келишиб олинди.

       Депутатлик гурухлари  фаолияти билан боғлиқ бундай  сайёр қабулларни вилоятнинг бошқа бир қатор шаҳар ва туманларида ҳам ўтказиш кўзда тутилган.

 

А. ИСТАМОВ,

“ХХI asr” мухбири