Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Семизлик формуласи ҳақида хабардормисиз?

Семизлик формуласи ҳақида хабардормисиз? Семизлик муаммоси дунёнинг 20-30% аҳолисида кузатилиб, асосан 40 ёшдан ошган кишиларни кўпроқ безовта қилиб келади.
Семизликнинг қуйидаги турлари мавжуд:
Алиментар – конституционал (кўп овқат истеъмол қилиш натижасида).   
Гипоталамик – гипоталамусни шикастланиши (бош мияга инфекция тушиши, бош мия жароҳати).
Эндокрин –  гиперкортицизм, гипотериоз, гипогонадизм, инсулинома.

Улар ичида энг кенг тарқалган  Алиментар – конституционал туридир. Агар сиз ёғ ва углеводларга бой овқатларни ортиқча миқдорда истеъмол қилаверсангз семизлик сизнинг “жонажон дўстингиз” бўлади. Тавсия ўрнида бунда мол ёғи ва илик ёғини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслигингизни маслаҳат қилган бўлардик.

Бундан ташқари овқатланиш тартибининг бузилиши, яъни кунлик рационда кечки овқатни кўп истеъмол қилиш ҳам алиментар семизликни юзага келтиради.

Ортиқча вазн муаммоси ҳозирги вақтда фақат тиббий эмас, балки социал аҳамият ҳам касб этади. Чунки:

Атеросклероз (қон томирлар ичига ёғларни тўпланиши, томирларнинг қаттиқлашиши);

Юрак ишемик касаллиги,

Қандли диабет;

Хафақон касаллиги (гипертония касаллиги);

Саратон;

Бепуштлик ва бошқа касалликларнинг “дунёга келишига” сабаб бўлиши мумкин. Бу каби касалликлар семиз одамларда 2-3 баробар кўпроқ учраб, эрта ногиронликка ва ўлимга олиб келади ( турли касалликлар натижасида вафот этиш семизларда 1,5-2 баробар кўпроқ учрайди). Вазн ошган сари одамнинг ички орган ва тўқималари ишлаши қийинлашиб, физиологик жараёнлар бўзилиб боради. Кўпгина касалликларни олдини олиш ортиқча вазндан воз кечиш ва даволаш орқали эришилади.

 Ҳозирги кунда шифокорлар одамда вазн етишмовчилиги ёки семизликни аниқлаш учун махсус формуладан фойдаланадилар. Буни ҳисоблаш учун бутун дунёда тана вазни индекси (ТВИ) қабул қилинган. Бу қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади. ТВИ = вазн (кг) : бўй (м)2. Айтайлик, вазнингиз 80 кг, буйингиз 1,60 см. Демак, ТВИ = 80 : (1,60 X 1,60) = 31,25. Бундан кўриниб турибдики, сиз биринчи даражали семизликка чалингансиз. Ҳозирги кунда бутун дунё шифокорлари қуйидаги жадвалдан (ЖССТ, 1997) фойдаланишмоқда:

 

Кўрсаткич

ТВИ

Вазн етишмовчилиги

18,5 гача

Меъёрий вазн

18,6-24,9

Ортиқча вазн

25,0-29,9

I Даража семизлик

30,0-34,9

II Даража семизлик

36,0-39,9

III Даража семизлик

40 дан юқори

 

Семизликни I даражасида (алиментар - конституционал шакли) одатда одамларни ҳеч нарса безовта қилмайди. 2-3 даражасида: ҳолсизлик, тез чарчаш, меҳнат қобилиятини пасайиши, бош оғриғи, таъсирчанлик, атрофдагиларга бефарқлик, уйқуни бузилиши безовта қилади. Юкламада ҳарсиллаш, юракнинг тез уриб кетиши(оғриши), оёқларда шиш, бyғимларда оғриқ бўлиши мумкин. Ошқозон-ичак йyлларидаги ўзгаришда: жиғилдон қайнаши, кўнгил айниш, оғизда аччиқ сезиш, ўнг қовирға остида оғриқ, кузатилади.

Семизлик дардига мубтало бўлмай десангиз...

·    Редукцирланган парҳез, яъни калорияси чекланган овқат рационини қўлланг,  ана шунда ортиқча оғирлик йўқола бошлайди;

·       таом , оқсил ва витаминлар кўп бўлишига эътибо қаратинг (овқатни доимий равишда ўсимлик ёғида пиширган маъқул);

·        углеводлар суткада 100-120 гр, ёғлар  80-90; оқсиллар 120 грли кунига 500-800 ккал бўлган паст калорияли парҳез;

·        шифокор назорати остида чегараланган очликка риоя қилинг (кўпчилик семизликка қарши курашнинг осон йўли оч юриш деб хато ўйлашади.Чунки очлик кишининг жигари ва юрак фаолиятига катта зарар етказади. Шунинг учун очлик билан даволашда шифокор билан маслаҳтлашиш керак);

·        жисмоний фаолликни кучайиштириш. Эрталабки бадантарбия ва жисмоний меҳнатнинг бирор тури билан шуғулланиб туриш мақсадга мувофиқдир;

·        дорилар билан даволашда шифокор тавсияси билан иштаҳани пасайтирувчи ёки тўйишни тезлаштирувчи препаратлардан фойдаланилади.

Ўзингизга эътиборли бўлинг, семиришнинг олдини олиш, жисмоний фаолликни ошириш ва овқатланиш тартиб қоидаларига амал қилиш инсон саломатлиги гаровидир.

Акмал Юсупов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизли инситути
Тиббиёт хизмати шифокор-терапевт