Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Сен зўрми, мен зўр?” ёхуд бизга хавотир керакми?

“Сен зўрми, мен зўр?” ёхуд бизга хавотир керакми?

Савдо уруши, бу – икки ёки ундан ортиқ

давлатларнинг хориж бозорини эгаллаш мақсадида савдо-сотиқ

муносабатларидаги рақобатлашувидир.

 

Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида савдо уруши давом этмоқда. Бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакатга киритилаётган Хитой маҳсулотларига нисбатан солиқларни оширгани ортидан юзага келди. Бунинг маъноси шундаки, Хитойдан келтирилган маҳсулотларга юқори бож қўлланилиши оқибатида улар маҳаллий маҳсулотларга нисбатан қиммат бўлади ва шу сабабли америкаликлар ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қила бошлайдилар. Бугун АҚШ ва Хитой ўртасида кун сайин кескинлашиб бораётган савдо уруши дунё ҳамжамиятининг эътиборида турган воқелик.

Кескинлик нимадан бошланган эди? АҚШ президенти Дональд Трамп 2016 йилнинг куз ойларида кечган сайловолди кампанияси пайтида “Хитой бизнинг мамлакатни босим остида ушлаб турибди”, деган иддао билан икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларини бир неча марта танқид қилади. 2017 йил апрель ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин АҚШга ташриф буюриб, Трамп билан учрашади. Ўша йилнинг ноябрида жавоб ташрифи билан Трамп Пекинга келади.

2017 йил икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 710,4 млрд. долларни ташкил қилиб, 335,4 млрд. доллар миқдорида савдо дефицити юзага келганди.

2017 йилнинг августида Дональд Трамп Хитойни АҚШ интеллектуал мулкини ўғирлашда айблади ва шу иш бўйича текширув ўтказишга бел боғлади. Бу иш АҚШ савдо вакилига топширилди. 2018 йил 23 январда АҚШ раҳбари мамлакатга олиб кирилган қуёш панеллари учун 30 % тариф жорий қилди. Бундан ташқари, йирик уй-рўзғор кир ювиш машиналарининг импорти учун ҳам тариф белгиланди.

2018 йил март ойида АҚШ савдо вакили томонидан ўтказилган текширувдан сўнг Хитойда Америка савдоларига зарар етказадиган амалиётлар қўлланилганлиги аниқланди.

Апрель ойи бошида Хитойдан импорт қилинадиган тахминан 1300 та товар рўйхати эълон қилинди ва божлар 25 фоиз оширилди. Рўйхатда электроника, самолётлар, йўлдошлар, тиббий буюмлар, ускуналар ва бошқалар бор эди.

Хитой ҳам бунга океан ортидан олиб келинадиган гўшт, мева ва бошқа нарсаларга қўшимча бож тўловларини жорий қилиш билан жавоб берди.

Хуллас, “сен зўрми, мен зўр?” қабилидаги адоқсиз сиёсий-иқтисодий ўйинлар шу тариқа давом этаверади.

Бугунга келиб Трамп томонидан очилган савдо уруши кўплаб компаниялар ва шаҳарларнинг иқтисоди орқага кетишига сабаб бўлмоқда. Одамлар ўз ишларини, оддий ҳаёт учун зарур бўлган инфратузилма ва маҳсулотларни йўқотмоқдалар.

 

ЭРТА ЗАФАР

Яқинда Трамп рақобатчиси устидан иқтисодий ғалабага эришганини эълон қилди. “Мен келганимда, Хитойга ривожланиши ва тараққий топиши учун барча имкониятлар яратиб қўйилган эди, аммо энди бундай бўлмайди”, деди давлат раҳбари. Шу билан бирга, у Пекинга жуда яхши муносабатда эканини ва у билан дўстлик ўрнатишни хоҳлашини, лекин ҳозирча бундай бўлмаётганини таъкидлади.

Президентнинг ёрдамчиси Ларри Кудлоу эса рақибига умуман имконият қолдирмади: “Уларнинг иқтисодиёти заиф, валютаси кучсиз, одамлар мамлакатни тарк этмоқда”. Бу каби баёнотларни Хитой фақат ҳайрат билан қабул қилди.

Хитой иқтисодиётининг пасайиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Сўнгги ойда маҳаллий маҳсулот экспорти 12,2 фоиз ўсди (бу кутилганидан 2 фоиз кўп).

Савдо уруши туфайли Хитой бозори ташқи дунё учун тобора очилиб боряпти. Бироқ бу жараён бир неча йил аввал бошланган эди, шунинг учун буни вазиятдан келиб чиққан ҳолат дейиш ҳам тўғри эмас. Мисол учун, ўтган йили ҳукумат хорижий инвесторлар учун талабларни юмшатишни бошлади. Уларга банкларда ва бошқарув компанияларида чекланмаган улушларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилди, суғурта соҳасидаги тўсиқлар ҳам сезиларли даражада камайди. Шу билан бирга, Пекин эркин савдо зоналар ва портларини яратиб, чет элликлар кенг фойдаланиши мумкин бўлган тармоқлар сонини кўпайтирмоқда. Бу саъй-харакатлар пул илинжида эмас, балки дунё кўз ўнгида мамлакатга ишониш мумкинлигини намойиш қилиш учун ҳам амалга оширилмоқда.

Қўшма Штатлар Хитой бизнеси учун ҳар доим ёпиқ ҳудуд бўлиб келган. Ҳатто энг яхши пайтларда инвестициялар бир неча ўн миллиард доллар билан чекланган. Хитойликларнинг интеллектуал мулкни ўғирлашларидан ҳадиксираб, юқори технологияли соҳа яқинига йўлатишни истамадилар – 2005 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда атиги 21 млрд. долларлик 16 та битим имзоланган. Шу муносабат билан ХХР ҳукумати ўз фуқароларининг хорижий инвестицияларини ҳам чеклади. Энди ўйин-кулги, спорт, қуролланиш ва кўнгилочар ўйинлар билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракат тўлиқ ёки қисман тақиқ остида.

Энг асосийси, Хитой “Бир макон, бир йўл” ва “Хитойда ишлаб чиқарилган – 2025” каби асосий давлат дастурларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Биринчи лойиҳа қуруқлик ва денгиз коридорларини яратиш, транспорт, энергетика, савдо-сотиқ йўналишида Осиё ва Европани жипслаштиришни назарда тутади. Ҳозир Пекин 80 дан зиёд мамлакатни ҳамкорликка жалб қилишнинг уддасидан чиқди.

“Хитойда ишлаб чиқарилган – 2025” ўн йиллик дастур орқали ҳукумат саноатни, айниқса, қайта ишлаш ва IT соҳасини модернизация қилиш ишларини якунлашни режалаштирган. Мақсад – ўз ҳудудида нафақат Ғарб ишлаб чиқарувчиларини, балки маҳаллий технологияларни ҳам ривожлантириш. Шунинг баробарида, АҚШ билан муносиб рақобатга киришиш. Ушбу лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилаётган аксарият маҳсулотлар экспортга йўналтирилади. Оқ уй учун рақибнинг бу режасини барбод қилиш жуда муҳимдир. Шу сабаб айнан “Хитойда ишлаб чиқарилган – 2025” рўйхатидан ўрин олган аксарият маҳсулотлар юқори божлар нишонига айланди.

Савдо уруши дунё бизнеси ва турли қитъалар иқтисодиётига таъсир ўтказмоқда. Кимдир янги ҳамкорларни излашига тўғри келади, кимдир бутун заводларни кўчиришга мажбур. Хитойда эса Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо уруши ҳақидаги қўшиқ оммалашмоқда. Қўшиқ “Савдо уруши” деб номланиб, унга 1960-йилларнинг “Ер ости уруши” фильмидаги Японияга қарши қўшиқ мусиқаси асос қилиб олинган.

Бундан ташқари, Хитой давлат оммавий ахборот воситалари халқни хорижий босимга биргаликда қаршилик кўрсатишга чорловчи материалларни чоп этмоқда. Маҳаллий Global Times нашри таҳририяти АҚШ билан савдо ихтилофини “халқ уруши” ва бутун Хитойга хавф, деб атаган.

 

БИЗГА ХАВОТИР КЕРАКМИ?

Яқинда Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази директори Жеффри Дэвид Сакс Ўзбекистонга ташрифи давомида бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов билан учрашди. Қатор маҳаллий ОАВ ушбу ташрифни кенг ёритиб боришга харакат қилди, айрим электрон сайтлар эса Сакс билан AҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги савдо урушининг Ўзбекистонга таъсири ва бошқалар тўғрисида интервьюлар уюштирди.

Aгар кенг қамровли иқтисодий уруш юз берадиган бўлса, бу нафақат AҚШ ва Хитой, балки бошқа давлатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Чунки улар дунёдаги бозор иқтисодиёти энг ривожланган давлатлардир. Aгар улар ҳамкорлик қилса, жаҳон иқтисодиёти ўсиб боради, янгиликлар ва ижобий ўзгаришлар содир бўлади. Aгар улар бир-бири билан зиддиятга борса, бошқа мамлакатлар ўзлари учун ушбу икки давлатдан қайси бири билан ҳамкорлик қилишни танлашига тўғри келади. Бу жуда хатарли. Бу можарони Қўшма Штатлар бошлагани мени ташвишлантирмоқда. Бу охири ўйланмасдан, шошма-шошарлик билан амалга оширилган иш. Фикримча, америкалик кўплаб сиёсатчилар ва бошқа мутасадди шахслар Хитойга ҳасад қилишмоқда. Хитой жуда қудратли бўлиб кетса, Aмерика Қўшма Штатларига қулоқ солмай қўяди. Бу AҚШ сиёсатчилари жуда кибрли, улар ҳеч қандай рақобатчини хоҳлашмайди. Шунинг учун улар Хитойнинг ривожланишини тўхтатишга уринмоқда. Ўйлашимча, бу ҳеч қандай натижа бермайди. Ушбу ҳаракат жуда қимматга тушиши мумкин, лекин умид қиламанки, ҳар икки томон ҳам келишувга эришади, AҚШ томонидан илгари сурилаётган чекловларга барҳам берилади. Чунки агар вақтида ҳал қилинмаса, бу зиддият жуда хавфли тус олиши мумкин, – дея фикр билдирган Жеффри Дэвид Сакс.

 

Америкалик яна бир мутахассис – сиёсатшунос, “For a free Ukraine” ноҳукумат ташкилоти директори Жейсон СМАРТ билдирган фикрлар ҳам эътиборга молик:

Бу борада Трамп стратегиясининг ожиз томони шундаки, Хитойда ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотлар (мисол учун, айфонлар) Америка компанияларига қарашли экани инобатга олинмаган. Бу компаниялар эҳтиёт қисмларни бутун дунёдан, жумладан, АҚШнинг ўзидан ҳам олади ва фақатгина йиғув ишлари Хитойда амалга оширилади. Кўплаб эҳтиёт қисмлар эса ишчи кучи арзон бўлган Осиё мамлакатларидан харид қилинади ва бунинг оқибатида Хитойда тайёрланган маҳсулотлар АҚШдагига қараганда бир неча баравар арзон бўлади. Нисбатан арзон маҳсулот ишлаб чиқариш орқали Америка компаниялари катта фойда кўради. Америкада бу маҳсулотларнинг кўп сотилиши ҳам аслида иш ўринлари яратилишига сабаб бўлади, иқтисодиётимизда йирик пул айланишини таъминлайди.

 

Савдо урушидан кўпроқ Хитой азият чекаётган бўлса-да, АҚШ ҳам сувдан қуруқ чиқаётгани йўқ. Бу уруш Вашингтоннинг чўнтагига зарар етказяпти. Оқ уй савдо уруши бошланса, Хитой кўп ўтмай тиз чўкади ва ялиниб келади, деб бироз адашган кўринади. Пекин осонликча ён бермаслигини Трамп маъмурияти аллақачон тушуниб етди. Лекин энди ортга қайтиш ҳам осон бўлмайдиганга ўхшаяпти. Чунки Пекин билан келишувга эришиш Вашингтон учун ҳам зарурлиги тобора аён бўлиб боряпти. Иккала мамлакат ўртасидаги савдо кўлами жуда катта, ўзаро қарздорлик ва умумий манфаатлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Ушбулар инобатга олинадиган бўлса, Вашингтон ҳам Пекин ҳам бу муносабатлар барбод бўлишини истамайди. Бу жараён муайян муддат ечимини топмай турса-да, юқоридаги омилларга кўра, икки йирик давлат охир-оқибат бир-бирини қаноатлантирадиган келишувга эришиши шубҳасиз.

 

“Bloomberg”:

– 2021 йилда жаҳон иқтисоди АҚШ-Хитой ўртасидаги савдо урушининг таъсирини яққол сезади. Яъни ушбу йилда дунё иқтисодиёти тахминан 600 млрд. доллар йўқотади. Икки қудратли давлат ўртасидаги савдо урушидан айниқса, Осиёнинг Тайвань, Жанубий Корея ва Малайзия каби давлатлари кўпроқ зарар кўриши тахмин қилиняпти.

 

 

“Америка овози”:

– АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг иқтисодий сиёсати туфайли Америка иқтисодиёти ҳар қачонгидан кучли эканини таъкидламоқда. Бироқ Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси АҚШ ва Хитойни тарифлар урушини бас қилишга чақиряпти, акс ҳолда ўзаро тортишувдан жаҳон иқтисодиёти зарар кўриши айтилаётир.

 

Н.ҚОБИЛЖОНОВ