Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сергели туманида янги қурилган уйлар олимлар, тадқиқотчилар, илмий изланувчиларга топширилди

Сергели туманида янги қурилган уйлар олимлар, тадқиқотчилар, илмий изланувчиларга топширилди

       Пойтахтимизнинг Сергели туманида янги қурилган уйлар олимлар, тадқиқотчилар, илмий изланувчиларга топширилди.

      Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан тавсия этилган илмий салоҳиятга эга, билимли, тадқиқотлар олиб бораётган қирқ нафар ёш олим янги йил арафасида ўз уйларига эга бўлди. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
      Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий ва миллий меъморчилик талаблари асосида барпо этилаётган янги уйлар имтиёзли равишда аҳолига тақдим этилмоқда.
      Сергелида қурилаётган бу каби турар жой бинолари шаҳримиз кўркига кўрк қўшиши билан бирга, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу туманда қурилаётган уйлар атрофида мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, оилавий поликлиника, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрассалар барпо этилмоқда.
     «Ипотека» акциядорлик тижорат банки кредитлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган уйларнинг бошланғич тўлови умумий сумманинг 25 фоизи миқдорида бўлиб, кредитлар уч йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдорида йигирма йил муддатга берилмоқда. Етти қаватли бинолар икки ва уч хонали хонадонлардан иборат.
      Ўзбекистон Фанлар академиясининг Физика-техника институти кичик илмий ходими Қобилжон Омонов ҳам ана шундай уйга эга бўлган изланувчан ёш олимлардан бири. У қуёш элементларини ривожлантириш, фотоэлектроника йўналишларида фойдаланиладиган «Янги ярим ўтказгичли бирикмалар олиш ва уларни тадқиқ этиш» мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ёш олимнинг оиласи янги йилни янги, уч хонали, шинам ва кўркам хонадонда кутиб олади.
       – Биз узоқ йиллар ижарада яшаб келгандик, – дейди Муниса Омонова. – Турмуш ўртоғимнинг илмий изланишлари рағбатлантирилганидан хурсандмиз. Янги уй, айниқса, қизларимизнинг қувончига қувонч қўшди.