Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Шакирали ота босиб ўтган умр йўллари ҳақида нималарни ҳикоя қилади?

 Шакирали ота босиб ўтган умр йўллари ҳақида нималарни ҳикоя қилади?

...1925 йил. Бағдодлик ғишт терувчи уста хонадонида тўнғич ўғил дунёга келди. Уни Шакирали деб атадилар. Йўқсиллик билан кун кечираётган бу оилада чақалоқ йиғиси эшитилгач, унча-мунча ташвишлар ҳам унутилгандай бўлди. Ёш она боласининг бошида туну кун парвона – емай едиради, ичмай ичиради, киймай кийдиради. Дам Янгиқўрғонда, дам Риштонда устачилик қилиб юрган эрнинг топган-тутгани кун кечириш учун учма-уч етиб турибди...

Шакирали 5-6 ёшга тўлганида отасига йўлдош бўлди. Ҳарна, болапақирнинг қорни тўяди, ҳунар ўрганади, кўзи пишади, эти қотади-да. Лекин тўнғич ўғилнинг шашти бўлакча чиқиб қолди – муштдеккина боши билан тонг саҳардан то кечга қадар отасига ғишт узатади, челаклаб лой ташийди, хуллас, рўзғор ташвиши ҳозирданоқ унинг ҳам елкасини яғир қила бошлади.

Отаси Шакиралининг қўлидан тутиб, қишлоқдаги мактабга етаклади. Аслида, томи илма-тешик бўлган, деворлари ана йиқиламан-мана йиқиламан, деб турган бу каталакдек бинони мактаб деб ҳам бўлмасди-ю, барибир 8 яшар болакайнинг қувончи ичига сиғмасди. Ахир, энди у савод чиқаради, хат-имлони ўрганади. Замонлар келадики, ота-онасига суянчиқ, ўзидан кейин бирин-кетин дунёга келган укаларига тирговуч бўлади...

Шакирали 7-синфни тамомлади. Бу ёғига нима қилсин энди? Отасига қўшилиб, устачилик қилиб юраверсинми ёки бошқа бирор бир ишнинг этагидан тутсинми? Бўйи чўзилиб, овози аллақачон дўриллаб қолган йигитчанинг отасига “дум” бўлиши уят саналмасмикан?

Шакирали шартта бориб, колхозга аъзоликка ёзилди. Билагида куч ўйнаган ўспириннинг ғайрат-шижоатини кўрган катталар уни табелчи қилиб ишга олдилар. Икки-уч йиллик умри далада кечди.

Шакирали ҳар қайси эр киши каби армия сафида ҳарбий хизмат ўташни орзу қилар, даладаги ишлардан бўшади дегунча “военкомат”га югурарди. Елкасида катта-катта юлдузлари бўлган бошлиқларга учрашиб, мениям армияга олинглар, деб қайта-қайта айтарди.

Бу орада фашизмга қарши аёвсиз жанглар бошланди. Навқирон йигитлар бирин-кетин фронтга жўнаб кетишди. Кўча-кўйда чол-кампирлар, бола-бақралар ва аёллар кўринади, холос. Бирдан ҳамма қариб қолгандек туюлди. Қишлоқдаги мактабни ҳам тамбалаб кетишди.

Шакирали ва унинг дўстларини Қозоғистоннинг аллақайси шаҳридаги ҳарбий қисмга олиб боришди. Бу ерда улар олти ойлик ўқув курсини ўтадилар. Шундан кейин биров Белоруссия, бошқа биров Украина сарҳадларида давом этаётган жангу жадалларга юборилди. Шакирали ҳарбий қуроллар билан ишлашнинг яхшигина ҳадисини олгани боис уни шу ерда қолдирдилар – ўз билганларини янгиларга ўргатсин деб. Шакирали бу ҳарбий қисмда яна бир йил қолиб кетди...

Белоруснинг адоқсиз ўрмонлари, тартибсиз оққайинларнинг тарвақайлаган шох-шаббалари тангадек нурни ҳам ерга ўтказмайди. Чор тарафда снарядларнинг портлаши эшитилади. Дайди ўқлар шундоққина қулоқнинг остидан учиб ўтади. Аскарлар таппа-таппа қулайди. Сўнгсиз ингроқлар кўнгилни алланечук қилади. Бироқ ҳарбий топшириқ ҳали тўла-тўкис адо этилмади: ўрмон ортидаги овлоқ шаҳарча газандалардан тортиб олингани йўқ...

95 ёшли Шакирали ота Тешабоев аччиқ кечмишидан ҳикоя қиларкан, бир зумга тиним олди. Кўз олдида ўша қақшатқич жанглар қайта гавдалангандек бўлди.

— Қўқонлик Мамажон деган қуролдош дўстим бўларди, — дейди отахон. – Шу бола жа-а-а шинаванда эди-да, қизиқ-қизиқ гапларни кўп айтарди. Ўрмонда душманга қарши аёвсиз жанг қилаётганимизда ҳам ёнимда эди. Бир пайт қулоғимга энгашиб, бу қурғур фашистларгаям тан бермадим, тинимсиз ўқ отишади, одамга тегиб кетадиям дейишмайди-я, дейди, — Шакирали ота елкаларини силкитиб-силкитиб, яйраб-яйраб кулади. — Ўлим билан юзма-юз турган одамнинг топган гапини қаранг! Ажални кулиб туриб қарши олди шу Мамажон дўстим. Эҳ-ҳе, биргина ўша жангнинг ўзида қанча қуролдошлардан айрилдим-у...

Шакирали ёнгинасида қонга беланиб ётган дўстига биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишга уринаётган вақти қўлидан яраланди. Ҳали нима бўлганини англаб етмасидан, иккинчи, кейин учинчи ўқ келиб чап оёғининг нақ тиззасига қадалди... Ҳарбий госпиталда ярим йилча даволанганидан сўнг Шакиралини юртга қайтаришди.

Ҳаёт фронт ортида ҳам ҳавас қилгулик эмас: очарчилик авжига минган, кетмонига беҳол суяниб турган деҳқоннинг бир тишлам нони йўқ, лекин каттаю кичикнинг юрагида ишонч – йигитлар фашизмни таг-томири билан қўпориб ташлашади ҳали! Шу биргина ишонч ҳаммани далага ҳайдаган. Оғир меҳнат ва узлуксиз машаққат ўрнини кун келиб роҳат-фароғат эгаллаши керак-ку, ахир!

...Шакирали тумандаги 19-мактабда жисмоний тарбия ва ҳарбий чақириққача ёшларни тайёрлаш фанларидан дарс бера бошлади. Бу даргоҳда икки йилча ишлаганидан сўнг Фарғона педагогика институтининг география факультетига ўқишга кирди. Олий таҳсилни тамомлагач эса, қишлоқдаги 4-мактабда иш бошлади ва 36 йил мобайнида ўқувчиларга сабоқ берди.

— Шу-у-унча йиллик хотиралар ҳалиям ёдимда эканига ҳайрон қоляпсизми, мухбир болам? — деб сўраб қолди Шакирали ота бирдан. – Бунинг сабабини ўзим айтай: Соттихон (ота шундай деб суҳбатимизни жимгина тинглаб ўтирган 90 ёшли турмуш ўртоғига ишора қилди) мени яхши парваришлади, ҳамиша соғлигимдан бохабар бўлиб турди, унча-мунча турмуш қийинчиликларини менга сездирмади, мен билан баб-баравар меҳнат қилди, фарзандларимизни оқ ювиб-оқ таради, барака топсин! Мана, бирга-бирга 60 йил яшабмиз, ҳали бирор марта “сен”лаб гапирмадим шу аёлга!..

Соттихон аянинг юзларига ажинлар чизиқ тортган, бироқ ҳаётдан мамнунлик унинг кўзларида шундоққина жилваланиб турибди.

— Бизни йўқлабсизларми, сизларни Яратганнинг ўзи йўқласин, болаларим, — дея дона-дона сўз бошлади Соттихон ая. — Худога шукр, юртимизни, ёшларимизни дуо қилиб ўтирибмиз чол-кампир. Сиҳат-саломатлигимиз жойида. Барака топгур, дўхтирлар кунда-кунора текшириб, керакли муолажаларни қилиб туришибди. Ҳа, энди бу томонда пенсияни ўз вақтида жарақ-жарақ олгандан кейин зориқиш нималигини ҳам билмас экансиз-да! Фарзандлар, маҳалладагилар ҳам қаровсиз қолдиришаётгани йўқ. Тақдирдан нолисак, нонкўрлик бўлар...

— Бугунги замон – қиёси йўқ замон, — дейди Шакирали ота фахр билан. — Ҳар томонга қарасангиз, бунёдкорлик, ободончилик, файзу тароват. Яшагинг келади, яшагинг! Айниқса, биз – уруш ва меҳнат фахрийлари Президентдан бениҳоя мамнунмиз. Ҳар байрамда, албатта, у кишининг алоҳида иззат-икромини, юксак эҳтиромини дилдан ҳис қиламиз. 

Мардлик ва матонат тимсоли бўлган Шакирали ота билан хайр-хўшлашиб, кўчага чиқдим. Чиқдим-у, бугунги тинчлик ва осойишталик, фаровонлик, тўкин-сочинлик учун қайта ва қайта шукрона келтирдим.

Давлатжон ПОЛВОНОВ