Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим масалаларини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим масалаларини муҳокама қилди

        Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди. Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг яккама-якка учрашувидан сўнг расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокара бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликнинг муҳим масалалари кўриб чиқилди, дея хабар беради ЎзА.

     Музокарада узоқ муддатли алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги мавжуд юксак салоҳиятни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

      Бугун савдо иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. 2017 йилда ўзаро савдо айланмаси 20 фоиз ўсиб, 240 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

      Бугунги кунда мамлакатимизда тожикистонлик ишбилармонлар иштирокида 25 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида Душанбе ва Тошкентда қўшма бизнес-форумлар ўтказиш яхши анъанага айланди. Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида “Тожикистон – Ўзбекистон” ишбилармонлар кенгаши тузилди.

       Томонлар енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотни қайта ишлаш, транзит учун қулай шароит яратиш, минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби соҳаларда атрофлича фикр алмашди.

       Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми имкониятларга мос эмаслиги эътироф этилиб, икки томонлама товар айланмаси ҳажмини 500 миллион долларга етказиш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

      Музокарада қўшма корхоналар ва савдо уйлари ташкил этиш, ташқи савдо инфратузилмалари ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш, икки томонлама бизнес-форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил қилишни давом эттириш зарурлиги қайд этилди. Душанбе шаҳрида ташкил қилинган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси ва Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумига юқори баҳо берилди.

        Олий даражадаги учрашувда таъкидланганидек, икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан имкон қадар тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада ҳамкорликни кенгайтириш, илгари амал қилган автомобиль, темир йўл, ҳаво қатнови йўналишларини тиклаш ва янгиларини яратиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.

         Музокарада тегишли вазирлик ва идораларга икки томонлама келишувлардан самарали фойдаланиш ва ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, ишбилармонларнинг бевосита алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш каби вазифалар топширилди.

       Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, халқаро муаммоларни ҳал этиш, терроризм ва экстремизм ҳамда бошқа турдаги уюшган трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

        Очиқ мулоқот, ўзаро англашув руҳида ўтган музокарада минтақа давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этишда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларга риоя қилиш лозимлиги таъкидланди.

        Президентимизнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.