Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шавкат Мирзиёевнинг ички сиёсатга доир энг муҳим баёноти

Шавкат Мирзиёевнинг ички сиёсатга доир энг муҳим баёноти

      Президент Шавкат Мирзиеёв Олий Мажлисга Мурожаатида, жумладан, мамлакат миллий хавфсизлик хизмати тизимини ислоҳ қилиш кераклигини уқтирган эди. Би-би-си журналисти Паҳлавон Содиқ буни Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён унинг ички сиёсатга доир энг муҳим баёноти деб баҳолади.

       Ўзбекистоннинг етакчи расмий ахборот агентлиги ЎзА тарқатган муносабат-мақолада Паҳлавон Содиқ шундай деб ёзади: “Президентнинг ўзи ҳам... мамлакатда "тийиб туриш ва мувозанат" тизими ишдан чиққанлигини айтди. Бу Мурожаатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири эди. Ҳокимиятнинг бир идора қўлида жамлангани ва ортиқ бунга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Таъкидлабгина қолмай, ўтирганларга "буни ёдда тутинглар", дея уқтирди. Президент биринчи марта Миллий хавфсизлик хизматини танқид қилди. Ҳозиргача бу идора танқидлардан четда қолиб келаётганди. Танқид МХХнинг туман, шаҳар ва вилоят бошқармаларига қаратилди, аммо умумият-ла, МХХ ислоҳ қилиниши кераклиги айтилди. Бу Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён унинг ички сиёсатга доир энг муҳим баёноти эди. Баёнотни аниқ қадамлар таъқиб этадими, ҳозирда шу муҳим. Сўз ва иш бирлиги муҳим. Бу каби танқидлар марҳум Президент бошқарувининг илк йилларида ҳам янграган, аммо амалиётда мутлақ тескариси бўлган эди. Яна бир муҳим жиҳат: Президент амалдорларни, айниқса, собиқ ҳукумат мулозимларининг кўпчилигини коррупция ва бошқа жиноий ҳаракатларда баралла айблаяпти. 

      Агар Президент кимнидир жиноятда айбласа, тергов ва суд идоралари бунга қонуний баҳо бериши керак. Президент инвестицион лойиҳаларнинг талон-тарож қилингани ҳақида гапирди, аммо аниқ рақамларни келтиргани йўқ. Гап миллиардлаб доллар халқ маблағлари ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Бу маблағлар халққа қайтарилиши керак ва жамоатчилик, матбуот бунинг учун зарур ҳуқуқий процедураларни бошлашни талаб қилишдан чекинмаслиги керак, назаримда. Битта одам, у Президент бўлса ҳам, ҳамма нарсани ўзгартиролмайди. Жамоатчилик фикри, қўллови, айниқса, матбуот ва журналистларнинг фаоллиги муҳим. Матбуот Президентни мақташ бўйича пойгага ўтиб кетмаслиги керак. Президентнинг нутқини танқидий таҳлил қилиши тўғрироқ бўлади, деб ўйлайман. Айримлар Шавкат Мирзиёевнинг нутқини Уинстон Черчиллнинг 1946 йилдаги Фултон нутқига қиёслашди. Мен бу каби муқояса қилишга шошмаган бўлардим. Черчиллнинг нутқи "Фултон нутқи"га айлангунича орадан бир неча ўн йил вақт ўтган, бунгача унинг ўзи "шуҳратпараст" ва "ҳаётдан узилган" раҳбар, дея истеъфога мажбурланган. Фақат вақт Черчиллнинг нутқига баҳо берди. Шунга ўхшаб, Шавкат Мирзиёев Мурожаатига ҳам энг яхши ҳакам вақтдир