Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ШАЙТОН МАЛАЙИ ёхуд қадрдон, раҳмдил дўстининг ишончини суиистеъмол қилган бир фирибгар хусусида

ШАЙТОН МАЛАЙИ ёхуд қадрдон, раҳмдил дўстининг ишончини  суиистеъмол қилган бир фирибгар хусусида

Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида шундай ёзади: “Тама деб бировдан бир нарса умидвор бўлмакка айтилур. Аъзо ва жавоҳирлари саломат, куч ва қувватлик кишиларга тама қилмак ҳаром, ожиз ва нотавон, кучсиз кишиларга мубоҳдир. Тама балосига гирифтор бўлган кишиларда номус ва ҳаё деган яхши сифатлар бўлмайдур. Ҳозирги замонда орамизда тама нони билан қорин тўйғазадурган кишиларнинг ҳисоби йўқдир...”.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўрилган жиноят тафсилотлари ҳам орамизда ҳали ҳам ана шундай “ҳунар” эгалари борлиги ва биз бундай кишилардан ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз, уларнинг қармоғига тушиб қолишдан ўзимизни ҳимоялашимиз зарурлигини яна бир карра исботлади.

...Аброр Афзалов тама нони билан қорин тўйғазадиган, ўзгалар давлатини алдов йўллари билан ўзлаштиришни яхши кўрадиганлар тоифасидан чиқиб қолди. Ана шу бемаъни одати туфайли бугун 50 ёшида давраларнинг тўрида савлат тўкиб ўтириш ўрнига панжара ортида жазо ўташга мустаҳиқ этилди.

Қизиғи шундаки, Аброрнинг таъмагирлигига унинг ишсизлиги ёки жисмоний имконияти чеклангани сабаб эмас. Олий маълумотга эга, оилали, бир фарзанднинг отаси ҳисобланмиш ҳамюртимиз пойтахтимиздаги машина ва эҳтиёт қисмлари сотиш ва сотиб олиш билан шуғулланувчи масъулият чекланган жамиятда иш юритувчи вазифасида ишлаб келаётган эди. Келинг, яхшиси, воқеани бошидан бошлайлик...

...Аброр пойтахтдаги ўзи яшаб турган уч хонали квартирасини сотишни мақсад қилади. Тез орада Нигора исмли жувон уйга харидор чиқади. Томонлар келишуви битгач, барча олди-сотди ишлари нотариал тартибда тасдиқланиб, уй жувоннинг номига ўтказилади. Аброр калитни уйнинг янги эгасига топшираётиб, унга ялинишга тушади:

– Синглим, кўринишингиздан ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган, тушунган аёлга ўхшайсиз, – содда аёлни аврашга тушади у. – Биргина ўғлим бор, оғир дардга чалиниб қолди, уйни ҳам аслида шуни операция қилдириш учун иложсизликдан сотдим, ҳозир эса борадиган жойимиз йўқ. Агар хўп десангиз, арзонроқ бир хонали уй топилгунча шу ерда яшаб турсак, ижара пулини ҳар ойда, вақтида тўлаб турамиз. Сизнинг ҳам ёш болаларингиз бор экан, илоҳим, ҳузурини кўриб юринг...

Она эмасми, уч фарзанди билан овсинининг уйида сиғинди бўлиб ўтирганига қарамай, Нигора ушбу алдовларга лаққа ишониб, раҳмдилларча рози бўлди. Аброр эса мана шундай содда инсонлар учраганидан ва ҳозирча яна ўз уйида қолганидан хурсанд эди.

– Вақтинча эмас, умрбод қолишим керак бу уйда, – ўзича чора излашга тушди Аброр жарақ-жарақ пулларни кафтида шапатиларкан. – Барибир чорасини топишим керак, топаман ҳам!

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, хизмат юзасидан алоқада бўлиб турадиган, яқинида яшайдиган дўсти Толибжон Муродов уч хонали уйини сотмоқчи эканидан хабар топади. Аброр хаёлига келган шум ниятни амалга ошириш мақсадида бозорга тушиб, совға-салом харид қилди-да, Толибжонникига йўл олди. Совға-саломлар орасида, албатта, зарур ичимликларни жойлашни ҳам унутмади. Меҳмондорчилик авжига чиқиб, икки ўртоқ бир-бирига янада яқинлиги изҳор этилгач, Аброр яккаю-ягона ўғлининг оғир бетоблиги ва унда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ўзи яшаб турган уч хонали уйини сотганини, айни пайтда ўз уйида ижарачи бўлиб яшаётганини кўзига ёш билан “куюниб” айтди.

Толибжон дўстининг бошига оғир ташвиш тушганидан қаттиқ азият чекди:

– Нега уй сотишдан олдин бизга бир оғиз маслаҳат солмадинг, қараб ўтирмасдик, қўлдан келганча ёрдамлашардик, оғайни, – тасалли берди у.

– Сизларни ҳам ташвишга қўймай дедим-да, – деди Аброр чўнтагидан рўмолчасини олиб ёлғон кўз ёшларини артиб, чуқур хўрсинаркан. – Уйни сотишга сотдим-у, лекин бошим қотган. Агар мени тўғри тушунсанг, бир таклифим бор...

– Айтавер бемалол, қўлимдан келса бажонидил, ҳаммамизнинг бошимизга ҳам ташвиш тушиши мумкин-ку.

– Тунов куни уйингни сотишингни айтгандинг, мен уйимни сотиб олган жувонни олиб келиб кўрсатсам, ёқса уйингни унга берсанг-да, меникини ўзимга қайтарса, сен менга сотган бўласан, айтган пулингни икки-уч ойда қилиб бераман, – дангалига ўтди энди.

Хуллас, Толибжон дўстининг корига яраш учун бу таклифни қабул қилгач, Нигорага янги уй кўрсатилди. Олдинига бундай таклифдан бироз хавотирга тушган бўлишига қарамай, таъмирлари бинойидек, Аброрникидан-да шинам уйни кўриши билан Нигора дарров розилик билдирди. Аввалги уй эгасига қайтарилиб, Толибжоннинг уйи нотариал тартибда Нигорага сотилди. Уй 240 миллион сўмга баҳоланди.

Бироқ икки-уч ой тугул, икки йил ўтди ҳамки, Аброр қарзини тўлашни орқага суриб келди. Толибжон эса Аброр билан оилавий борди-келдиси бўлмагани боис, чиндан ҳам, фарзандини даволатиб, пулдан қийналиб қолган деб ўйлаб, пулни қистаб дўс­тини қийнаб қўйишни истамай лом-мим демади. Аксига олгандай, “жонажон дўст”нинг бошига тағин ташвиш тушди. Аброр фирибгарликка қўл ургани учун жавобгарликка тортилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ чораси қўлланилди. Панжара ортида турган Аброр каттагина қарзи борлиги ва бундан уялиш ўрнига ёрдам бера оладиган ягона кўмак сифатида яна Толибжонни чорлади. Жабрланувчига етказган 65 000 АҚШ доллари миқдоридаги моддий зиённи қоплаб, уни қамоқдан чиқарса, шу қарзи ҳамда олдинги пулларини тезда қайтариб беришини ваъда қилди. Толибжон бу гал ҳам унинг алдовига ишониб, ўзида бунча пул бўлмаса-да, таниш­ларидан ёрдам сўради. Сўзида турадиган мард инсон бўлгани ва доим буни амалда исботлаб келгани учун танишлари ҳам уни қўллагиси келди. Мана, таниши Рустам Рафиқов жияни ихтиёридаги баҳоси 56 000 АҚШ доллари турадиган “Хонда-Аккорд” русумли автомашинасини Толибжонга топширди. Чет элда ишлаб чиқарилган яп-янги машина қонуний талаблар асосида жабрланувчи номига расмийлаштирилиб, қолган қисми нақд пул билан қопланди. Ўз навбатида жабрланувчи ҳеч қандай давоси йўқлигини, етказилган зарар қопланганини маълум қилди. Натижада Аброрга нисбатан бўлган қамоқ чораси тилхат эҳтиёт чорасига ўзгартирилди. Аброр Афзалов содиқ дўстининг ёрдамида озодликка чиқди. Бироқ нажоткор дўстга яна қуруқ ваъдалар тегди, холос...

Фирибгарнинг жиноий қилмиши шугина эмас. Янги йилга атиги бир кун қолганда фирибгар тағин “ҳунар” кўрсатиб, яна жиноий жавобгарликка тортилди. Жавобгар давлат ҳисобига тўлаши лозим бўлган 3 265 000 сўм миқдоридаги сумма бу сафар ҳам Толибжоннинг ҳисобидан кетгач, Аброр оиласи бағрига қайтади. Бироқ... жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият билан ўзи ишлайдиган жамият ўртасида тузилган шартномага асосан, ҳар бирининг баҳоси 34 544 400 сўмдан бўлган 2 та тракторни сотиб бериш шарти билан олиб, ҳозирги кунга қадар, яъни шартномани бажариш муддати ўтган бўлишига қарамай, мулкни эгасига ҳам қайтармаган...

Жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Аброр Афзалов ҳам тамагирлик, товламачилик, хизмат вазифасидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш каби жиноятлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур.

Мазкур товламачининг найранг­ларини батафсил айтиб ўтишдан мақсадимиз, Аброр Афзаловга ўхшаганларнинг ҳақиқий башарасини кўрсатиб, бундай кимсаларнинг тузоғига тушиб қолмасликка чорлашгина эмас, албатта. Танганинг икки томони бўлганидек, масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳам бор. Ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш, айниқса, дўстининг корига яраш миллатимизга хос бўлган, алоҳида шараф билан қадрланадиган фазилат ҳисобланади. Аммо барча нарсанинг, хусусан, яхшилик ва ёмонликнинг ҳам меъёри бор. Оқ билан қорани ажратиб, топган-тутганимизни товламачиларга эмас, савоб ишларга йўналтирсак, таваккалчиликка берилишдан тийилсак, ўзимизнинг умримиз ва яқинларимизнинг ҳаёти заҳарга айланишига сабабчи бўлиб қолмаймиз.

(Мақолада келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган)

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири