Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Касб-корда ҳалоллик – икки дунё шарафи

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Касб-корда ҳалоллик – икки дунё шарафи

Миллатимизнинг маънавий ҳаётини ислом дини аҳкомларидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Шундай қилишга уриниш эса жамиятимизни муқаррар ҳалокат чоғи томон бошлайди. Шариатда алоҳида эътибор қаратиладиган масалалардан бири, шубҳасиз, ҳалол ризқ топишдир. Ҳалол ризқ қалбни, наслни пок сақлайди.

“Бировнинг мол-мулкини ҳаром йўл билан ейиш бу дунёда турли бало-офатларга, охиратда дўзах азобларига сабаб бўлади”, деб ёзади Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобида. Ушбу муборак Рамазон кунларида  эътиборингизга мазкур асардан қисқартирилган ҳолда тақдим этилаётган айрим иқтибосларни ўқиб, ҳар биримиз ўз турмуш тарзимизга, касбу коримизга яна бир қур соғлом назар ташлаб олсак, фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.

 

Тижорат ва унинг одоблари

«Тижорат» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда олди-сотди маъносини англатади. Уламолар тижоратнинг таърифида бир-бирига яқин бир неча маъноларни айтишган: «Тижорат – бир нарсани савдога қўйиб, фойда олиш учун сотиб олишдир»; «Тижорат – олди-сотди ила фойда излашдир»; «Тижорат – фойда кўриш мақсадида молни айлантиришдир» ва ҳоказо.

Савдо ҳалол бўлиши учун икки тарафнинг – ҳам сотувчининг, ҳам харидорнинг розилиги шартлиги ушбу оятда очиқ-ойдин айтиб қўйилган. Ушбу ҳақиқатга алоҳида эътибор бериш керак. Бировга нисбатан тазйиқ ишлатиб, унинг молини ўзи истамаган тарзда паст баҳога сотишга мажбурлаш энг катта ҳаромлардандир. Шунингдек, ўзининг нарсасини бошқага мажбурлаб сотиш энг катта ҳаромлардан бири бўлиб, бу борада мансабни, кучни ва бошқа чораларни ишга солиб, одамларни норози қилиб муомалага чорлаш энг катта гуноҳ ишлардан биридир...

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: «Ва Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган» (275-оят). Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Пулини сарфлаб, одамларга керакли молларни олиб келади, маълум муддат сақлайди, овоза қилади ва бошқа хизматларни бажаради.

Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, унинг фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи ҳам йўқ. Мазкур сабабларга ва зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Ҳа, юқорида айтиб ўтилганидек, тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзлари фойда топишларидан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар, кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадийжа онамизнинг моллари ила тижорат қилганлар.

Уламоларимиз «Тижорат, зироат ва саноатдан қайси бири афзал?» деган саволнинг жавобида баъзи ҳолларда тижорат афзал эканини таъкидлашган.

Бугунги кунимизнинг тожирлари ичида ҳам тижорат одобларига қўлдан келганича амал қиладиганлар мавжуд. Уларга ёрдам сифатида бу борадаги баъзи тавсияларни тақдим қилмоқчимиз.

 

Шубҳали нарсалардан йироқда бўлиш

 Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарурдир.

Тижоратда кўп учраб турадиган шубҳали, ноаниқ, аслини билиб бўлмайдиган, шунинг билан бирга, шариатдаги ҳукми ноаниқ бўлган савдо молларидан узоқда бўлиш тожир учун ўта муҳимдир. Мусулмон тожир бундай нарсаларнинг ҳукмини биладиган олимлардан сўраб олиб, кейин сотса, ҳаромдан сақланган бўлади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали нарса)ларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз: «Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун уни Исломнинг учдан бири десак бўлади, дейишган.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таом, ичимлик, кийим, никоҳ ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Эҳтикор (монополия) ҳаромдир

Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор (монополия)дир.

Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

«Эҳтикор» луғатда «ушлаб туриш» деган маънони англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсанинг нархини ошириш учун уни қасддан сотмай, ушлаб туришга «эҳтикор» дейилади.

Ушбу таърифдан эҳтикор бўлмайдиган ҳолатлар ҳам аён бўлади.

1. Ўзи етиштирган нарсани ушлаб туриш эҳтикор эмас.

2. Қайта сотиш учун эмас, ўз эҳтиёжи учун сотиб олган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас.

3. Бошқа юртдан сотиб олиб келинган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. Агар доимий равишда олиб келадиган одам бўлса-ю, нархни сунъий равишда ошириш мақсадида ушлаб турса, бу эҳтикор бўлади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.

Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар.

Эҳтикор ҳақида юқоридаги мазкур ҳадисдан бошқа бир қанча ҳадислар ҳам келган…

Тармоқли савдо

Савдо борасида бўлиб ўтган жараёнлардан бири тармоқли маркетинг деб номланган савдо тури бўлди. Одамлар бу каби ишдан аввал хабардор бўлмаганлари учун алданиб қолишлар кўп бўлди. Бу борадаги гапларнинг энг машҳури «QuestNet» тармоқли маркетинги атрофида бўлди. Шунинг учун тармоқли савдо борасидаги гапларни мазкур савдо ташкилотига оид гап-сўзлар асосида баён қилишга ижозат бергайсиз.

Қабулимга кирадиган одамлар ичида «QuestNet» тармоқли маркетинги ҳақида савол сўрайдиганлар пайдо бўлишди ва уларнинг сони аста-секин кўпая борди. Кейин «QuestNet» тармоқли маркетинги шариатга тўғри келади», дебсиз», дейдиганлар ҳам чиқди. Баъзилар: «QuestNet» тармоқли маркетингидагилар сизнинг уларга бу иш тўғрилиги ҳақида ёзма ҳужжат берганингиз ҳақида гапиришмоқда», дейишди. Мен бу гапни кескин рад қилганимдан кейин «QuestNet» тармоқли маркетингининг тожикистонлик раҳбари бир-икки киши билан қабулимга келди. У одам: «Одамлар сизга тўғри тушунтира олишмабди, ўзим баён қилиб берай», дея узундан-узоқ гапирди. Мен уларнинг гапни олиб қочишда устаси фаранг эканини билиб, ёзма баёнот олиб келишини талаб қилдим. Анча муддатдан кейин ёзма баёнот олиб келишди. Мен уни ўрганиб чиқиб, бу иш нотўғри эканини, шариатга тўғри келмаслигини тушунтириб бердим. Уларнинг одатларини билганим учун мажлисни ўзим овоз ёзиш воситаси ила ёзиб ҳам олдим. Кейин одамлар бу борадаги ҳақиқатни англай бошладилар. Тушуниб етганлар бу ишдан ўзларини четга олдилар. Охир-оқибат «QuestNet» тармоқли маркетингининг одамлари маҳкамага тортилдилар ва жазоларини олдилар.

Ўша пайтда бу масала islom.uz интернет порталимизда ҳам кенг тарзда ёритиб борилди. Одамларимиз бу борада ўзларида мавжуд маълумотлар билан ўзаро ўртоқлашдилар, «QuestNet» тармоқли маркетингини фош қилдилар. Ул азизларимизга бу ишлари учун самимий ташаккурларимизни айтамиз. Шу билан бирга, кўпчилик ҳам хабардор бўлишлари учун мазкур ёзишмалардан кўчирмалар келтирамиз.

«Дунёда тармоқли маркетингнинг ҳар хил тури бор. Ҳар бирининг ўз йўналиши ва шартлари мавжуд. Кейинги йилларда жуда кенг ривожланаётган «QuestNet» тармоқли маркетингига келадиган бўлсак, унинг иш олиб бориш тартиби қуйидагича:

Бир киши ишга кириши учун шу компаниянинг чекланган миқдорда ишлаб чиқарилган маҳсулотидан бирини сотиб олиши шарт. Маҳсулотнинг энг арзони 670 доллар. Сўнгра у яна бошқа одамларни шу компания маҳсулотидан сотиб олишга жалб қилиши керак. У одамлар ҳам ҳар бири иккитадан одам жалб қилади ва ҳоказо....

Шундай қилиб, пирамида ҳосил бўлади. Компанияга тушган пулнинг маълум фоизи пирамидадаги одамларга бериб турилади. Ўнг ва чап томонига тенг учтадан олтита одамни жалб қилган одамга компания 250 доллардан беради».

Кўпчилик Ислом уламолари «QuestNet» тармоқли маркетингининг иш фаолиятини ҳаром деб фатво беришган. Масалан, Мисрдаги Ал-Азҳар университетининг Ислом иқдисодиёти профессори Ҳусайн Шаҳҳата, Қатар давлат университетининг Ислом шариати факультети профессори Али Муҳиддин Қорадоғий, Саудия Арабистони фатво қўмитаси тармоқли маркетингнинг барча иш йўналишларини ҳаром деб фатво чиқарганлар.

Илмий тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитасининг 22935-рақамли фатвоси:

Бу каби олди-берди қилиш ҳаром. Сабаби, бу олди-бердидан мақсад маҳсулотни сотиш эмас, балки кўпроқ фойда кўришдир. Бунда ўн мингга сотилаётган маҳсулотнинг асл нархи юз сўмдан ҳам ошмаслиги мумкин. Бундай компаниялар сизни кичикроқ миқдордаги пул билан (бирор маҳсулотни сотиб олиш билан) компанияга қўшилиш, кейин эса бу пулни бир неча баробар қилиб қайтариб олиш имконияти билан ўзларига жалб қиладилар. Аслида компаниянинг маҳсулот таклиф қилиши кўзбўямачилик, холос. Компаниянинг асосий мақсади маҳсулотни сотиш эмас, балки пирамидага кўпроқ одамларни жалб қилишдир. Бу эса қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир:

1. Бу кўринишдаги олди-берди икки хил рибони ўз ичига олади: рибоул фазл (бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олиш) ва насия рибоси (қарзни адо этишни кечга суриш эвазига олинадиган фойда). Ҳар бир компания аъзосининг мақсади камроқ пул билан қўшилиб, кейинчалик кўпроқ пул ундириб олиш, яъни камроқ пулни вақт ўтганидан сўнг кўпроқ пулга сотиш бўлади. Бу эса аксар уламолар томонидан ҳаром дейилган. Компания таклиф қилаётган маҳсулот эса бир восита, холос. Асосий мақсад, юқорида айтилганидек, мижозлар сонини ошириб, пирамидани юқорироқ кўтариш.

2. Олди-бердининг бу кўриниши ғарар (гумонли, ноаниқ савдо) ҳам дейилади. Гумонлиги шундаки, янги қўшилган мижоз бу ишга яна янги мижозларни жалб қила оладими-йўқми, ҳали билмайди (олдиндан айта олмайди). Демак, бу иш унга келажакда фойда келтирадими ёки йўқми, у пирамиданинг юқорисига чиқа оладими ёки унинг энг пастида қолиб, «омадсиз»лардан бири бўлиб қоладими – буни ҳам аниқ билмайди. Аслида бундай олди-бердидан ютқазганларнинг сони ютганларга қараганда кўпроқ. Демак, бу ишга киришаётган одамнинг олдида аввалдан фақатгина икки хил йўл бор, бу эса гумонли ёки ноаниқ савдо дейилади. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай савдодан қайтарганлар.

3. Бу турдаги олди-берди инсонларнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳамдир. Сабаби, бунда фақатгина пирамида тепасида турган ва омади келадиганлар ютаверади, қолганлар эса ютқазиб, пулларига куйиб қолаверадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли» (Нисо сураси, 29-оят).

4. Бу каби олди-бердида алдов, ҳийла, кўзбўямачилик ва инсонларни лақиллатиш бор. Юқорида айтилганидек, компания ўз маҳсулотини сотишни ўзининг асосий мақсади қилиб кўрсатади, бу эса ёлғон. Шунингдек, инсонларга агар компанияга аъзо бўлишса, катта фойдаларга эга бўлишлари ваъда қилинади, бу эса ҳали ноаниқ.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бизни алдаса, у биздан эмас», деганлар.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотувчи ва харидор то тарқалгунларига қадар уларнинг ихтиёри ўзларидадир. Агар рост сўзласалар ва молнинг айбини айтсалар, уларнинг бу савдоларига барака берилади. Агар молнинг айбини яширсалар ва ёлғон сўзласалар, бу савдоларининг баракаси бўлмайди», деганлар.

Баъзилар бундай савдони даллоллик билан тенглаштирадилар. Бу нотўғри, чунки даллол бировнинг молини сотиб бергани учун маълум миқдорда пул олади. Тармоқли маркетингда эса бировнинг молини сотиш учун кириш пули тўланади. Даллолликдан мақсад ўз молини тезроқ сотиш, тармоқли маркетингдан мақсад эса пирамида аъзоларини кўпайтириш. Орадаги фарқ очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Компания томонидан рағбатлантириш, совға, ҳадя, бонус ёки шунга ўхшаш кўринишда фойда оладиганларга эса жавоб шундай: ,у ҳам нотўғри, чунки Исломда ҳар қандай совғани ҳам қабул қилинавермайди.

Бу каби рағбатлантиришлар қандай номланишидан қатъи назар, битта мақсадга қаратилган бўлиб, у ҳам бўлса – Сизни компанияга қўшилишга ундаш ва бошқаларни ҳам унга қизиқтиришдир.

 Афсуски, ҳозирги кунда бундай компаниялар кўпайиб кетди. Нимани таклиф қилишидан, қандай номланишидан ва қандай маҳсулот сотишидан қатъи назар, улар юқорида айтилгани каби иш юритадилар».