Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шикастланган чет эл валютаси муомалага яроқли(ми?)

Шикастланган чет эл валютаси муомалага яроқли(ми?)

 

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ БРИФИНГ ЎТКАЗДИ

(энди валютани исталган шаҳобчада алмаштириш мумкин)

Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ҳар ҳафта брифинг ўтказилмоқда.

Шунга кўра, ушбу ҳафта давомида қабул қилинган бир қатор муҳим масалалар бўйича қонун ҳужжатлари ҳақида алоҳида маълумот бериш мақсадида жорий йилнинг 13 июль куни навбатдаги брифинг ўтказилди.

Брифингда 2018 йилнинг 9 июлида Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори каби қатор қонун  ҳужжатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Брифингдан сўнг ташкил этилган матбуот анжумани Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш қонунчилиги мавзусига бағишланди.  

Таъкиланишича, тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомда шикастланган чет эл валютасини муомалага яроқли деб топиш асослари ҳам кўрсатилган.

Хусусан, қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланади:

—    Тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган бўлса;

—    Энининг (бўйининг)тўртдан бир қисмидан ошмаган ёпиштирилган йиртиқларга эга бўлса;

—    Қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1-2см дан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса;

—    Майда доғлар, ёзувлар, штамп изи (бунда ёзув ёки штамп изи икки донадан ошмаган бўлиши лозим) бўлганда ҳамда улар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган асосий ҳимоя белгиларидан бирининг 5 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;

—    Диаметри 1 мм дан ошмаган ва иккитадан кўп бўлмаган тешиклар бўлса.

Сўзга чиқувчиларнинг билдиришича, тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг шикастланган банкноталарини миллий валютага айирбошлаш ёки шу турдаги шикастланмаган банкноталарга алмаштириш, майдалаш, йириклаш ҳамда конверсия операцияларини амалга оширишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоб олишди.

 

Чарос ЁҚУБОВА