Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шоҳларни-да тўхтатган фасл

Шоҳларни-да тўхтатган фасл

             Яқинда бир танишимни учратиб қолдим. Шамолга қарши юраётгандек қаддини бироз букканча тез-тез одимлаб борарди. Салом берсам, индамай ўтиб кетди-да, кейин ортга қараб: “Ие, сизмисиз?”, дея кўришди.

 – Бунча шошмасангиз?

– Э, нимасини айтасиз, ҳеч ишларимга улгура олмаяпман, бу юрганим камлик қилаяпти. Энди югураман, чоғи...

– Сўзимдан ранжимангу, учсангиз ҳам улгуролмайсиз, – дедим ярим ҳазил, ярим чин қилиб.

– Нега? – ҳайратланди у.

– Ўрик гуллаганини кўрдингизми?

– Вой, энди бодом гуллаяпти-ку!

Нигоҳимдан неларнидир уқди, чоғи, хижолат тортиб ерга қаради:

– Уйдан ишга, ишдан уйга югураман, боғ айланиб юришга вақт борми? – ўзини оқлаган бўлди.

            Қўярда қўймай уни ўриндиққа бошладим. Аммо ишларига улгуролмаслигини айтиб, шошганча йўлида давом этди. Айтмоқчи бўлган сўзларим дилимдан тилимга кўчмай, сабога айланди-ю, унинг ортидан эргашди...

            Ҳаво майинлашгани, табиат яшараётганини сезмаяпсизми, қушларнинг овозини эшитмаяпсизми? Унда, саҳар туриб ишга ёки ўқишга ошиқманг. Бир зум деразани очинг. Атрофга назар солинг. Баҳорий насимлар ўрик гулларининг ифорини олиб келади. Эрта тонгдан кайфиятингиз кўтарилиб, беихтиёр қўшиқ хиргойи қила бошлайсиз: 

Деразамнинг ортида бир туп,

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.

Новдаларни безаб ғунчалар,

Тонгда айтди ҳаёт отини

Ва шаббода қурғур илк саҳар

Олиб кетди гулнинг тотини...

            Хаёл қишлоққа, ҳовли этагидаги бир жуфт ўрик томон бошлайди. Бу йил ҳам ўзини “еб” гуллагандир?! Ҳар баҳор қийғос гулларига келган асалариларнинг овози ҳовлини тутиб кетарди. Ифорга маст арилар гуллар довучча бўлмагунча аримасди...

            Чанг кўчалар болалар қийқириғига тўлиб кетади. Толлар миттигина барг чиқариши билан қизалоқлар толпопук тақишга ошиқади. Қирқкокил қилиб ўриб қўйилган сочларига ёш новдалардан попук қилиб беришгандаги қувончини кузатганмисиз? Ўғил болаларнинг толчўпдан от минганини-чи? Кимнинг попуклари кўп бўлса, узун бўлса, ҳамманинг ҳаваси келарди. Қоқиўтлардан чамбарак ясаганингиз-чи! Бошимизга қандай ярашиб турарди-я? Биз дугонам билан шу гулдан тергани бедазорга борардик (бедалар орасида ўсганларининг банди узун-узун бўларди-да!). Эгаси ювошгина амаки эди-ю, бедапоясига оралаганни хушламасди. Доим бир гапни так­рорларди:

           “Ҳаттоки шоҳлар ҳам кўклам келиши билан юришларини тўхтатган. Ҳеч қаерга лашкар тортиб бормаган. Чунки бу вақтда ер уйғона бошлайди.
Майсалар унади, қурт-қумурс­қалар ғимирлайди. Табиат жонланади.

             Уларга озор бермаслик учун  шундай қудратли подшоҳлар уруш қилмаган, сен жужуқчалар бедаларимни босиб юришларинг нимаси?!” Койирди-ю, жаҳл қилмасди. Ҳалимлик билан койирди. Биз ҳам оёғимизни бир жойга қўйиб туриб, қўлларимизни чўзиб-чўзиб сап-сариқ гулчалардан узиб олардик. “Ана, бобо, майсаларни босмадик”, дердик... “Эҳ сизларни”!,  деб бобо жаҳл ва меҳр аралаш жилмайиб қўярди...

            Негадир ҳар баҳорда шу хотиралар жонланаверади. Бу фаслда нафақат табиат, балки кўнгиллар ҳам, хотиралар ҳам уйғонади, чоғи... Кимларнидир ранжитганингиз хаёлингизга келиб, узр сўрамоққа чоғланасиз. Чунки кўклам қалбимизниям юмшатади-да! Берилган озорларни, хафаликларни унутгингиз келади. Бу вақтда тупроқ эриган қор сувлари, ёмғирларга тўйиниб роса етилади. Юмшоқ ердан юмалаб, қаттиқ ердан қаталаб кўклар униб келаверади. Аммо юракнинг юмшаши... Тушунолмайсиз... Алланечук туйғулар қуршовида қоласиз. Барг чиқарган дарахтларга термулиб, анча йиллар аввал шундай дарахтлар остида кутиб-кутиб, кутишдан чарчаб, автобусга жимгина чиқиб кетган бир туйғу хаёлингизда гавдаланади. Афсус, у дарахтлар кесилиб кетди... Жала шаррос қуйишига парво қилмай тоғдан терган лолангизни беролмаганингиз (олишга ийманганингиз)ни эслаб жилмайиб қўясиз. Эҳ, шу кунлар ортга қайтганида эди! Баҳор қайтади, аммо...
            Шундай вақтда она меҳрини доимгидан-да кўпроқ қумсайсиз. Ёш боладек этагини тутиб йиғласангиз,  даст кўтариб бағрига босса. Кўксига бош қўйганча юрагининг овози-ю ширин сўзларининг сеҳрига алланиб ухлаб қолсангиз. Уларнинг меҳрида тилсим бор, гўё...

           Ривоятларга кўра, биз севиб пиширадиган сумалакнинг яратилишига ҳам она меҳри сабаб бўлган экан. Оч қолган болаларини тўйдириш учун кўклам чоғи унган буғдой донлари ва бир ҳовуч ундан тайёрланган бу таомнинг ширин бўлишига асосий сабаб она меҳри эмасми?! Шунданми, сумалак бошида доим момоларимиз туришади. Хола-ю аммалар эса ёрдамчи. Сизнинг бувингиз ҳам айтадими ҳеч кимнинг сумалаги оналариникига ўхшамаслигини? Менинг онам эса момомнинг сумалагини мақтайди. Асли-ку, бу таом кўпчилик билан ширин. Лекин буғдой ундиришда катта гап бор, дейишади. Бу юмушни кайвони бувиларга ишонишади. Улар буғдойларга сув сепар экан, пичирлашади: “Менинг қўлим эмас, онамнинг қўли...”

              Кеча ва кундуз тенглашишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу кун нафақат кун билан тун, балки катта билан кичик ҳам тенглашиб кетади. Сумалак пишириш баҳонасида йиғилганларга бир қаранг-а?! Момолар каттаман демайди, ўн саккиз яшар қиздек тинмайди... Ёшлар катталардек дуолар айта-айта капгирга боғланган ўқлов билан шоҳтаомни ковлашади. Лоладек лаблари пичирлаб, нозиккина қалбидаги сирли ниятларининг ижобатини тилайди. Болалар тилак айтиш учун тош теришдек масъулиятли иш билан овора. Етти аждоди туташ авлод дийдорлашадиган Йилбоши шодиёнасида юракдаги тилаклар тилга кўчади.

               Илк бор сумалак ковлаганда қилган ниятингизни эслай оласизми? Кўк узиб келганингизда бувингизинг айтганларини-чи? Ҳа, менинг моможоним ҳам кўзларига суртиб:

Омонлик – сомонлик,

Ҳеч кўрмайлик ёмонлик,

Келаси йил шу кунларга

Ўйнаб кулиб етайлик, –

деган эдилар.

            Етганимиз рост бўлсин!  Еткизганига шукур!

            Хонангиз деразасини бирозгина очиб, гулафшон фасл келганини ҳис этган бўлсангиз, кўнг­лингиз деразаларини ҳам очиб қўйинг, баҳорий насимлар қонингиз, ҳар бир ҳужайрангизга етиб борсин!!!

Чарос ЁҚУБОВА,

“XXI asr” мухбири