Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шоир руҳини шод этиб…

Шоир    руҳини  шод  этиб…

        Ўзбек шеъриятининг барҳаёт   вакилларидан  бири, Ўзбекистон халқ шоири   Мухаммад  Юсуф  хотирасига бағишлаб    Ромитан туманидаги  23- ихтисослаштирилган умумтаълим   мактабида   O‘zLiDeP Бухоро вилояти ва ушбу туман  Кенгашлари  томонидан  ташкил этилган  «Мендан нима  қолур, икки мисра шеър»  мавзуидаги адабий  –бадиий кеча давомида халқимиз эъзозидаги шоир  ижодига мансуб  поэтик мисралар янгради. Сахна кўринишлари намойиш этилди. Устоз ўқитувчилар ва уларнинг  изланувчан ҳамда  тиришқоқ шогирдлари ўртасидаги ўзига хос мушоира  Мухаммад  Юсуфнинг  ўлмас  шеъриятига  вобаста ҳолда  ўзига хос  саводхонлик    беллашувига  уланиб кетди.

      «O‘zLiDeP нинг  обод кўчалари»   акцияси доирасида  ташкиллаштирилган ушбу тадбирда устозу шогирдлар  шеър ва мақола ёзиш, маъруза тайёрлаш борасидаги  ўз махоратларини  синаб кўрдилар.

Эътиборлиси, она тили ва адабиёт фанларини  чуқурлаштириб  ўқитишга ихтисослаштирилган  ушбу  билим даргохида  ёш муаллима Мадина Бахшуллаева  рахбарлигида  «Ёш қаламкашлар» адабий тўгараги ташкил этилган бўлиб, бадиий ижод билан шуғулланиш истагида бўлган  ўқувчи-ёшлардан катта бир гуруҳи  унга  жалб этилган.

   Шу куни бу ерда тадбир  доирасида ўтказилган ўзига хос кўрик-танловнинг бир қатор номинациялари  ғолиблари ҳам аниқланди.  Мухаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзилган  «Энг яхши мақола»   муаллифи  сифатида   23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси  Дилфуза Султонова  эътироф этилган бўлса, тумандаги  2-, 18-, 23  ва 35-умумтаълим мактабларининг  тажрибали муаллималаридан  Марьям Мусаева,  Адолат  Зарипова, Светлана   Холова  ва Нозима Зиёдуллаевалар  «Энг яхши шеър» номинациясида  пешқадамликни қўлга киритдилар.  Ҳудуддаги 35-умумтаълим мактаби ўқитувчиси   Лобар Эргашева  эса  шоирнинг адабий ва ижтимоий  фаолияти қамраб олинган  «Энг яхши маъруза» номинациясида ғолибликни қўлга киритиб, иқтидорли ҳамкасблари сафидан  жой олди.

         Тадбир ғолиблари  ва энг яхши қатнашчиларига  O‘zLiDeP вилоят ва Ромитан тумани Кенгашлари, туман халқ таълими бўлимининг Фахрий Ёрлиқ ва адабий асарлардан иборат эсдалик совғалари топширилди .

           Шу куни бу ерда  200 дан ортиқ турли  адабий-бадиий ва оммабоп  ижод махсулларини   ўз ичига олган  китоблар ярмаркаси ҳам ташкил этилди. 

                                                      Асхор ИСТАМОВ,

                                                             «ХХI asr» мухбири