Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Шу кунларга шукрона айтинг!

Шу кунларга шукрона айтинг!

Эсимда. Ўқувчилик пайтларимиз 9 май куни нонушта қилиб, мактабга отланар эканмиз, онам қўлимизга бир қучоқ гулдаста тутарди. Ҳовлимиздаги атиргул ва райҳонлардан сараланган ажойиб гулдаста! Сўнг ҳамқишлоқларимиздан Иккинчи жаҳон уруши ва Афғонистондаги жангларда қатнашганларнинг исмларини айтиб, уларни бир-бир табриклашимизни тайинлардилар.

Ака-опаларимизга эргашиб, айтилган уйларга бирма-бир кириб, қаҳрамонларимизни қутлар эканмиз, уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, ўзимиз ҳам суюниб кетардик. Шу куни уларга қўшилиб оила аъзоларининг қалби ҳам қувончга тўларди. Ҳатто бир гал бир оёғини урушда қолдириб келган бобонинг қўлтиқтаёқсиз бизга ошиққанини кўриб ҳайрон қолганман. Ахир, қадрланиш, заҳматларига муносиб қадр топиш инсон учун жудаям ёқимли туйғу.

Ўшанда уларнинг ҳар бири бизларни узундан-узоқ дуо қилар, жимгина қолиб, хаёлан жангоҳга қайтиб, бошдан ўтказганларини сўйлаб беришар ва бугунги кунга етганлари учун шукр қилишарди. Мактабга янада бошқача қадам ва иштиёқ билан йўл олардик.

Бундай йўқловларимиз нафақат шу кунда, балки йил давомида ҳам такрорланиб турарди: биринчи гилос пишганида “ҳосил боши” дея мевани қоғоз халталарга жойлаб, улашиб келардик. Яна, қулупнай, бодринг, помидорнинг ҳам энг сараларини уларга илинардик. Сабабини сўрасак, онам: “Улар бўлмаганида ҳовлимизда шундай гулу гиёҳ ўсмаган, боғ ўрнида тақир ер бўлган бўларди”, деб жавоб қайтаргани эсимда. Бу гапларимга кимдир ишониши, кимдир ишонмаслиги мумкин. Ўша пайт ўзим ҳам ҳайрон қолардим бола қалбим билан. Энди билсам, муштипаримиз бизга катта сабоқ берган экан: инсонларни қадрлаш, дилларга қувонч улашиш, яхшилик қилиш, ўргатиш, ўзгалар хурсандчилигини кўра олиш ва бундан завқланиш...

Бу одатлар ёққаниданми, талабалигимда пойтахтдан туриб, энг сўнгги пулим қолган бўлса-да, ўша “ветеран” боболаримизни вилоятлараро сўзлашув алоқаси орқали табриклардим. Гўшакдан яна ўша узундан-узун дуолар, қирғинбарот урушни қарғаганлари... У пайтлари қишлоқларда фақат колхоз раиси ва уруш қатнашчиларининг уйларида телефон бўларди, холос. Бирам суюнишардики, бирам суюнардимки...

Хотираларга берилишим бежиз эмас. Президентимизнинг шу йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан танишар эканман, беихтиёр ўша кунлар эсимга тушди.

Тасаввур қилинг, машъум талотумда 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекис­тонлик қатнашиб, ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган. Бағрикенг халқимиз фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини ҳам баҳам кўрган.

Бундай жасорат ва мардликларни қадрламай бўладими? Шу боис Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, қолаверса, мус­тақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига давлатимиз томонидан мукофотлар топшириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш анъанага айланиб улгурган.

Юқоридаги ҳужжатларга биноан бу йил ушбу анъана “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида янада кўтаринки тарзда давом эттирилади. Тегишли вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакиллари биргаликда ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш мақсадида уларнинг яшаш жойига боришади. Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чилари ва ногиронларига 7 500 000 сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти берилади. Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг турар жойи ва уй хўжаликлари таъмирланиб, ободонлаштирилади. Айни пайтда юртимиз ҳудудларида ушбу ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида: ҳозирда мамлакатимизда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаяпти (ўтган йили 1 168 нафар эди). Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари анъанага кўра ҳар йили 9 май арафасида пул мукофотлари билан тақдирланади. Аввалги йилларда, хусусан, 2013 йили бир марталик пул мукофоти 500 000 сўм, 2014 йили 600 000 сўм, 2017 йили 2 миллион сўм, 2018 йили эса 5 миллион сўмни ташкил этган. 

Бу йилги эътибордан ҳам фахрийларимиз ва уларнинг жигаргўшалари, таниш-билишлари, ҳамқишлоғу маҳалладошлари чексиз мамнун бўлишмоқда. Ахир, умрининг энг гуллаган даврини бой бериб, жонини тиккан юртдошларимиз ва уларнинг яқинларига ҳар қанча таҳсин айтсак кам. Зеро, бугун биз ўйнаб-кулиб яшаётган,  тинчлик-фаровонлик ҳукм сураётган дориломон замон уларнинг кўз ёшлари, мардлиги ва жасурлиги ортидан сақлаб қолинган-да! Шукрона айтайлик бу кунларга!

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири