Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ШУКР ҚИЛГАН...

ШУКР ҚИЛГАН...

Ўткир ҲОШИМОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Бир синфдошим бор эди. Отаси “катта жой”да ишлар, бадавлат яшашар эди. Маҳаллада биринчи бўлиб телевизор олишган эди. Синфдошим яхши ўқирди. Еттинчи синфни битирган куни мотоциклли бўлди. Мактабни олтин медаль билан тугатди.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай? – десам, зарда билан қўл силтади:
– Расво! Домлам ўлгудек мараз! Номзодлик ишимни чўзиб ётибди.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Ўғлим кўп ичади. Кеча яп-янги машинанинг пачағини чиқариб келди!
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Қизимнинг турмуши нотинч. Қайнонаси ёмон. Судлашмоқчиман.
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Шифохонага борсам, ранги бир ҳолатда ётибди.
– Соғлиқ қалай?
– Расво! Қанд касали деган палакат адойи-тамом қилди. Ўлиб-ўлмайман, тузалиб-тузалмайман!
Тавба, деб гапирай-ку, фаришталар омин деган эканми, узоққа бормади, бечора…
Яна бир синфдошим бор эди. Отаси урушдан яримжон бўлиб қайтган, тўкилиб кетай деб турган кулбада туришарди. Яхши ўқирди. Лекин медалга “илинмади”.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Мебель фабрикасида ишлаяпман. Кундузи дурадгорлик қиламан. Кечаси уч кунда бир қоровулман. Яқинда велосипед олдим.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Ўғлим ўқишни битириб, чет элга ишга кетди.
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Қизим фарзанд кўрди. Неварамга бешик олишга кетяпман!
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Худди ўша, бошқа синфдошим ётган шифохонада экан. Ранги бир ҳолатда.
– Соғлиқ қалай?
– Худога шукр, яхши! Буйрак жиндай шамоллабди. Берган дардига шукр!
Яқинда уни тағин кўрдим.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Тўнғич неварамнинг бўйи чўзилиб қолди. Худо хоҳласа, беш-олти йилда невара куёв кўраман. Тўйга келасан-а?!
 
МЕНИНГ “САМАРСКА” БИРОДАРИМ
Бундан бир неча йил аввал денгиз бўйига дам олишга борган эдим. Бир куни тушлик пайтида нариги столда ўтирган ёши улуғроқ киши менга қараб-қараб қўяётганини кўриб, ҳайрон бўлдим.
Тушликдан чиқсам, бояги одам ошхона рўпарасидаги харракда ўтирибди.
– Кечирасиз, сизни бир минутга мумкинми? – деди.
Ёнига бордим. Қўл олишиб сўрашгач, қаердан келганимни сўради.
– Тошкентдан, – деган эдим, қайтадан кўришди.
– Бешёғоч жойидами? – деб сўради.
– Жойида.
– Мачит-чи? Мачит ҳам борми?
Аввалига бу одам қайси мачитни сўраётганини тушунмай турдим-да, сўнг англадим: Абулқосим мадрасасини гапиряпти. Мадраса ҳам жойида эканини айтдим.
– Хайрият! – деди суҳбатдошим енгил тортиб.
– Сиз мадрасани қаердан биласиз?
– Мен “самарскаман”. Исмим Виктор Алексеевич, – деб таништирди ўзини. – Ҳозир Ставрополда яшайман. Ўттизинчи йиллари Самара губерниясида авж олган очарчилик туфайли минглаб одам Тошкентга ёпирилиб борган. Неверовнинг “Тошкент – нон шаҳри” китобида тўғри ёзилган.
– Кейинчалик ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосов шу китоб асосида фильм ҳам яратган, – дедим эслатиб.
– Кўрганман. Ажойиб фильм, – деди ҳамсуҳбатим.
Ёш болалик пайтимда одамларни кўп безор қилган “шпаналар” ҳақидаги ваҳимали гаплар қулоғимга чалинган эди. Шу эсимга тушиб, юмшоқроқ қилиб сўрадим:
– “Самарскалар” Тошкент бозорларини бирпасда “шмон” қилиб ташлаган, дейишади. Шу гап ростми?
– Рост! – деди ҳамсуҳбатим. – Русларда бир мақол бор. “Голод – тебе не тётя” (Очлик – катта холанг эмас!) Кўз олдингда онанг ёки отанг очликдан шишиб ўлганини кўргач, ҳеч нимадан тап тортмайдиган бўлиб қоларкансан. – Виктор Алексеевич ўйга толди. – Тошкент чиндан ҳам нон шаҳри экан. Ҳаммамизнинг жонимизга ора кирди, меҳмондўст, бағрикенг ўзбек халқи олдида қарздормиз.
– Мачитни нега сўраяпсиз? – десам, суҳбатдошим бир зум сукут сақлади.
– Отам йўлда кетаётиб ўлган эди. Тошкентга борганимизда етмишга яқин оилани мачитга жойладилар. Онам иккаламиз ўн йилдан ортиқ ўша ерда яшадик. Қизиғи шундаки, мачитдаги хоналар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлар, печка ёқишнинг ҳам кераги йўқ эди. Шундай иншоотни бунёд этган ота-боболарингизга таъзим қилиш керак. Тошкент бизнинг иккинчи ватанимиз бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам сиз билан “земляк”миз десам, хато бўлмайди.
Хуллас, “самарска” биродарим билан таътил тугагунча кўп бор ҳамсуҳбат бўлдик.
Чор Россияси Тошкентни босиб олмасидан олдин бунёд этилган Абулқосимхон мадрасасида ўз вақтида минглаб толиби илмлар таҳсил олган. Мўътабар зоти шариф Абулқосимхон эшон 1892 йили Тошкентда “вабо қўзғолони” бошланганида, мустамлакачилар армияси эски шаҳарга бостириб кириб, қирғин бошламоқчи бўлиб турганида, ўша пайтдаги генерал-губернатор ҳузурига кириб, бу хунрезликни тўхтатишга кўндирган эканлар.
Ўтган асрда ҳам бу даргоҳда Абдулла Қодирий, Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов каби улуғ сиймолар таълим олган. Мадраса очлик-муҳтожлик важидан олисдан юртимизга келиб қолган ўнлаб оилаларга узоқ йиллар беминнат бошпана бўлган.
Шуларни ўйлаганимда денгиз бўйида танишганимиз “самарска” биродаримнинг “Шундай бинони бунёд этган ота-боболарингизга раҳмат”, дегани эсимга тушаверади…
Буюк аждодларимизнинг охирати обод бўлсин!

“Ярим аср дафтари”
китобидан


<!-- [if gte mso 9]> <w:LsdException Locked="false" SemiHidden="true