Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сирдарё ҳар жабҳада намуна бўлади

Сирдарё ҳар жабҳада намуна бўлади

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йил 19 февралда Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи ўтган йил апрел ойи­да вилоят миқёсида белгилаб берилган вазифалар ижросини кўздан кечиришдан иборат бўлди.  

Партиямиз учун эътиборли жиҳати, давлат раҳбари томонидан эътироф этилган муҳим лойиҳаларни амалга ошираётган аксарият ишбилармонлар электоратимиз аъзолари,  тадбиркорлардир.

Биз қуйида уларнинг бу борадаги айрим фикр-мулоҳазаларини келтиришни лозим топдик. 

Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган пахтани қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар билан мулоқот қилди.

Улуғбек Сотиболдиев, Олий Мажлис Сенати аъзоси, O‘zLiDeP Сирдарё

вилояти Кенгаши раиси, “Бек кластер” корхонаси раҳбари:

– Шуни алоҳида эътироф этишим керакки, 2018 йилда Туркиянинг “SUMER” компанияси билан ҳамкорликда фойдаланишга топширилган заводда йилига 60 минг тонна пахта қайта ишланмоқда. Корхонамизда 200 иш ўрни яратилган. Давлатимиз раҳбари ўтган йилиям Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида бизнинг корхонамизда бўлиб, уни янада ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди.

Президентимиз қарори асосида корхонамизга 18 минг гектар ер майдони ажратиб берилди. Масъулияти чекланган жамиятга қарашли корхоналаримизда мингга яқин доимий иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, ­
1 минг 800 нафар киши мавсумий ишларга жалб қилинади. Янги заводимиз пахта хомашё­сини чуқур қайта ишлаяпти. Аҳамиятли томони, бу ерга ўрнатилган замонавий ускуналар пахта толасини сифатли қайта ишлаш баробарида, энергия тежамкор ҳамдир.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиш доимий эътиборимизда бўлиши кераклиги, бусиз юқори ҳосилдорликка эришишнинг иложи йўқлиги, шу жиҳатдан корхонамиз томонидан илмий муассасалар билан ҳамкорликдаги ишларимизни қўллаб-қувватлаш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Президентимизга “Бек кластер” корхонамизда истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтдик. Хусусан, кластер қошида давлат, хусусий шериклиги асосида коллеж очиш режалаштирилган. Бу ерда кластерга қарашли корхоналар учун малакали мутахассислар тайёрланади.

Ўйлаймизки, Президентимизнинг вилоятимизга ташрифидан сўнг юзлаб лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида минг­лаб янги иш ўринлари яратилади, аҳолимиз турмуш тарзи тез суръатларда ўзгаришига олиб келади. Биз тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиётини янада юқори босқичга олиб чиқишда бор кучимизни сафарбар этамиз.

Президентимиз Ховос туманида бўлар экан, Ховос шаҳарчасининг янги маркази бун­ёд этилиши сирасида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди. Учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари тумандаги “GRAN RUTA DE LA SEDA” корхонаси томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасини кўздан кечирди. 

 Рустам ЖАҲОНГИРОВ, “GRAN RUTA DE LA SEDA” корхонаси директоритадбиркор:

– “Ҳожи Гадойбой отахусусий корхонамиз 2004 йилда ташкил этилган бўлиб кўп тармоқли ҳисобланади. Деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчиликдаги ютуқларимиз айнан мана шундан бошланган. Кейинчалик бу хусусий корхона тизимида бошқалари дунёга келди. Гидропоника усулида сифатли полиз маҳсулотлари етиштиришни эса 2016 йилда бошлаганмиз. 2017 йилда Президентимиз вилоятга қилган ташрифи чоғида бу ишимизга юқори баҳо бергани бизни янада илҳомлантирди. Шундан келиб чиқиб, иссиқхоналаримиз сонини янада оширишга аҳд қилдик. Гидропоника усулида полиз маҳсулотлари етиштиришнинг унумдорлиги шундаки, унда маҳаллий шароитдаги оддий усулдан кўра тўрт баробаргача юқори ҳосил олиш мумкин. Шунингдек, маҳсулотнинг пишиб етилиш вақти ҳам қисқаради, аммо сифатга заха етмайди. Тўлиқ автоматлаштирилган тизимда иссиқхона ичидаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби қатъий назоратимизда бўлади ва уларни тўйинтирадиган минералларни ўз вақтида бериш имконияти туғилади. Иссиқхоналаримизда йилига бир ярим минг тоннадан зиёд помидор етиштирилиб, экспорт салоҳиятимиз кун сайин ошиб бормоқда.

Учрашув мобайнида юртбошимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини яна бир карра таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, фаолиятимизни янада кенгайтириш, жумладан, полиз экинларини қайта ишлаш, музлаткич омборлари қуришни режалаштирганмиз.

Президентимиз иссиқхоналаримиз сонини кўпайтириш, Жанубий Кореядан келтирилиб, фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва харажатни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Равшанбек БОЗОРБОЕВ, Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалиги раҳбари:

– Фермер хўжалигимиз 2016 йилда ўз фао­лиятини бошлади. Италия давлатидан келтирилган 1 200 бош наслли қуёндан 110 бошини сотиб олиб, яхши ниятда иш бошлагандик. Ўтган даврда уларнинг сони 10 000 бошдан ошиб кетди. Шу қисқа фурсатда уларнинг 7 000 га яқинини республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб бердик. Айни пайтда хўжалигимизда 3 000 дан зиёд қуён боқилмоқда.

Президентимиз учрашув чоғида келгусидаги режаларимизга катта қизиқиш билдирди. Яъни, қуёнчилик соҳаси ўта серунум бўлиб, агар иш тўғри ташкил этилса, бир бош қуён йилига 70-80 тагача кўпайиши мумкин. Биз бунга тажрибамиз мисолида яна бир карра амин бўлдик. Эндиликда экспорт салоҳиятимизни янада кенгайтириш имкониятларимизни кўриб чиқяпмиз. Россиянинг Альянс инжиниринг компанияси билан ҳамкорликда катта лойиҳани бошлаш арафасида турибмиз. Шу йил июнь ойида сўйиш, қадоқлаш, терини қайта ишлаш маркази барпо этилади. Натижада янги иш ўринлари яратилади.              

Ўткир МИРЗАЛИЕВ, оилавий тадбиркор, Сайхунобод тумани:

– Беданачилик сердаромад соҳа. Бугунги кунда хонадонимизда 3 000 бош бедана парвариш қилинмоқда. Унинг сердаромадлиги шундаки, масалан, парранда учун ясалган махсус қафасга 200 бош бедана сиғади. Улар бир кунда 150 дона тухум беради. Бедана тухуми бозорга улгуржи нархда 200 сўмдан етказилаётганидан келиб чиқсак – бу нақд 30 минг сўм дегани! Кунлик озуқасига 8 000 сўм сарфланади. Агар буни бир ой мисолида кўриб чиқсак, 660 минг сўм соф даромад келтиради! Энди минг бош беданангиз бўлса, қанча фойда олишингизни ўзингиз чамалаб кўраверинг.

Бошқа тарафдан бедана жуда чидамли бўлиб, унча-мунчага касалликка чалинмайди, фақат жўжаси 20 кунлик бўлгунига қадар нозик эътибор талаб қилади, шунисини эпласангиз у ёғига ўзини тутиб кетади.

Давлатимиз раҳбари хонадонимизга ташриф буюриб, оилавий тадбиркорлигимиз билан танишар экан, “Мана, уддаласа бўлар экан-ку!” дея рағбат кўрсатди. Келгусидаги режаларимиз билан ўртоқлашдик. Айни кунларда 200 дан ошиқ хонадонда ўз тажрабамизни татбиқ қилиш, оилавий тадбиркорлик йўналишида беданачиликни янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз. 

Покиза АҲМЕДЖОНОВА, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, вилоят Кенгаши депутати:  

– Давлатимиз раҳбари ҳар гал бизнинг вилоятимизга ташриф буюрса, муболағасиз айтаманки, биз учун ўзига хос тарихий воқеага айланади. Куни кеча ҳам ана шундай шукуҳ ҳукм сурди Сирдарёда. Айниқса, Гулистон шаҳрида вилоятимиз ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда бевосита менинг ўзим ҳам иштирок этиб, Президентимиз томонидан айтилган ҳар бир кўрсатма, йўл-йўриқлар, маслаҳатлардан жиддий хулосалар чиқардим. Негаки, у киши нафақат бизнинг вилоятимиз, балки бутун мамлакатимиз аҳли ҳаёти ва турмушига дахлдор масалалар, муаммолар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Қолаверса, етакчи партия вакиласи сифатида электоратимизнинг асосий қисми тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар фаолиятига тегишли танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар бизни янада фаолроқ ишлашга даъват этади деб ўйлайман. Бу борада партиядошларимиз, шунингдек, депутатларимиз керакли хулосаларни чиқариб олишлари лозим.

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,

“XXI asr” мухбири