Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“СИРЛИ МАСАЛЛИҚНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ” ҳаммаси ўзимизга боғлиқ

“СИРЛИ МАСАЛЛИҚНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ” ҳаммаси ўзимизга боғлиқ
Халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Зокир Ботировнинг фаолиятига бир қур назар ташлар эканмиз, янги-янги ташаббус­ларга бош-қош эканига гувоҳ бўламиз.
У атрофдагиларни тадбиркорликка йўналтириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, замонавий лойи­ҳаларни амалиётга татбиқ этиш йўлида тинмай изланаётган партиядош­ларимиздан бири.
– Бобом Ботир Валиевнинг қулоғимизга қуйган “Еримиз бебаҳо, унга чўп суқсанг ҳам кўкаради, фақат қандай дарахт экишни билиш керак”, деган ўгити ҳаёт аъмолимга айланди, десам ҳам бўлаверади, – дейди депутатимиз. – Биз яшайдиган ҳудудда сувсизликка чидамли дарахтлар экиш ташаббуси айнан у кишидан чиққан. Эсимда, ўша пайтлар бобом ҳовлимизга ўтқазилган ёнғоқ кўчатларига челаклаб сув таширдилар, ниҳоллар бўй кўрсатгач, ҳамма қойил қолганди. Шу воқеа сабаб бобомнинг эзгу амалини давомчиси бўлишга аҳд қилдим. Баъзида оддийгина ҳаёт ҳақиқати катта ютуқларга пойдевор бўлишини ҳар доим ҳам англаб етавермаймиз. Яъни, мавжуд ички имкониятдан тўғри, самарали фойдалансак, турмушимиз бундан-да фаровон бўлади. Мен мана шуни одамлар онгига сингдиришга интиляпман. Аҳоли орасида партиямиз дастурий мақсадларини тарғиб қилиб, тадбиркорликни йўлга қўйишларига яқиндан ёрдам беряпман. Эндиликда кўпчилик боғ-роғ яратишга киришиб кетди. Сабаби оддий: бугунги кун шароитидан келиб чиқсак, ўн туп ёнғоғи бор одам, йил давомида ҳеч нарсага зориқмай яшаши мумкин. Ҳамма гап, қаровда. Шунингдек, пистазор ва бодомзорлар яхшигина даромад манбаига айланиб улгурди. 
Бугун одамлар тафаккурида ўзгариш рўй берди. Улар иқтидорлари ортидан савобли ишларга қўл уришяпти. Ҳар куни ўндан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар олдимга келиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида эканликларини ва бу борада, хусусан ер ва кредит олишда ёрдам зарурлигини айтишади. Кўряпсизми, юртдошларимизда эл-юрт маъмурлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортиб бораётир. Сайлов округим ҳудудидаги қишлоқларда 10 минг нафардан кўпроқ аҳоли яшайди. Улар билан тез-тез учрашиб тураман. Йилбошидан буён фуқаролардан 70 та оғзаки, 20 га яқин ёзма мурожаатлар бўлди. Мавжуд муаммоларнинг мақбул ечимларини топишга ҳаракат қиляпман. Чунончи, 100 га яқин касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда кам таъминланган оилаларга чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, иссиқхона, лалми боғ ва токзорлар ташкил этиш учун банклардан кредит олишда кўмаклашдим.
“Амал тақдирга кўчади” деган халқона ҳикматнинг яна бир ёрқин исботини Зокиржон мисолида кўргандек бўламиз. У дастлаб, барчани ҳайратга солиб, ўзига хос тажриба майдони барпо этди. Ҳар хил дарахт кўчатларини келтириб, экиб, синаб кўра бошлади. Ва... Ўзбекистон Либерал демократик партиясига биринчилар қаторида аъзо бўлди. Айни пайтда хўжаликда 120 гектар лалми ер мавжуд бўлиб, 50 гектардаги ғалла ҳосили йиғиб олинди. 30 гектар ерда эса масхар етиштирилмоқда. Қолган 40 гектари эса ёнғоқ, писта ва бодом экиш учун мўлжалланяпти. Хўжаликда ўн нафардан ортиқ йигит-қизнинг бандлиги таъминланган. Келгусида етиштирилаётган озуқабоп экинлар уруғларини саралайдиган, зиғир, кунжут ва масхардан ёғ ишлаб чиқарадиган цехлар барпо этмоқчи. 
– Зокир Ботиров ғоявий-сиёсий, ташкилий-партиявий ишларда фаоллиги билан бош­қалардан ажралиб туради, – дейди O‘zLiDeP туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Маҳмадали Қулбулов. – Қачон қараманг,  одамларнинг ташвиши билан елиб-югурган бўлади. Қишлоқ жойларда тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришда хизмати беқиёс. 
30-Қайрағоч сайлов округига қарашли Яккабоғ туманининг “Ҳисор”  тоғолди ҳудудидаги Қайрағоч, Чуброн, Ажрим, Уйғур, Бешқўтон, Лангар, Наврўз қишлоқлари аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланишар эди. Эндиликда лалми деҳқончилик, писта ва бодом етиштиришни бош­лаб юборишган.
Мавзуга доир бир маълумотни келтириб ўтсак. Президентимиз қарорига асосан республикамиз бўйича 30 000 гектар майдонда ёнғоқзорлар ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, шундан 10 минг гектари Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаларидаги тоғолди ва лалми майдонларига тўғри келади. 5 000 гектар ёнғоқзор эса Яккабоғ туманидаги “Ҳисор” фермерлар уюшмаси ҳудудида яратилади. Ҳозирда “Ямин-яшин” фермер хўжалигининг 20 гектар ер-майдонида ёнғоқ кўчати экилиб, парвариш қилиняпти. Яқинда депутатимиз етакчилик қилаётган “Гулбоғ” фермер хўжалиги қошидаги бошланғич партия ташкилоти йиғилишида фаоллар “Ҳар бир хонадонда 10 дона ёнғоқ кўчати экиш”  ташаббуси билан чиқдилар. Натижада ўрмон хўжалиги ва аҳоли истиқомат қилаётган уйларда ёнғоқ кўчатлари етиштириш бошлаб юборилди. Ҳозирга қадар экилган ёнғоқзорлар 300 гектарга яқинлашиб қолди.
– Гуруҳимиз аъзолари билан тумандаги бош­ланғич партия ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган, – дейди Зокир Ботиров. – Киритилган таклифларнинг аксарияти қуйи бўғинлар томонидан кўтарилган ташаббуслар­дир. Мисол учун, Наврўз қишлоғи атрофидаги чиқинди полигонининг табиат мусаффолигига, аҳоли саломатлигига жиддий зарар келтираётгани боис атрофини девор билан ўраш ёки узоқроқ жойга кўчириш ҳақидаги таклиф билан депутатлик гуруҳига мурожаат этилган эди. Мазкур муаммо атрофлича ўрганилиб, туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш масаласи муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан  мазкур ҳудудда  қорабайир отларини кўпайтириш борасида қатор ижобий ишлар бошлаб юборилган. Отчиликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Қорабайир” наслчилик хўжалиги учун замонавий ипподром қуриш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Хориждан зотдор отлар келтириш учун шартномалар имзоланди. Юртимизда мавжуд бўлган мазкур зотли отларни кўпайтириш борасида мутахассислар изланиш­лар олиб боришяпти. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириладиган мазкур ипподром вилоятда истиқомат қилаётган от спорти ишқибозларининг севимли дам олиш ва кўнгилочар масканига айланади.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири