Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Сиздан яхши борми дунёда?!

Сиздан яхши  борми дунёда?!

Тун. Аёл уч боласини бағрига босганча алла айтади. Тўртинчиси бу оҳангни унинг юраги остида эшитади. Деразадан боқиб турган ой ҳам куйга маҳлиё бўлиб, ёғдулари ила хонага киришга уринади. Алла тугади. Қизалоққа сукунатдан кўра меҳрибонининг овози ёқади: “Аяжон, эртак айтиб беринг”. Кўзлари аллақачон  юмилиб қолган бўлса-да,  уйғоқ қалби амри билан яна майин овозда сўзлайди: “Бир бор экан, бир йўқ экан...”

Шу қизалоқ мен бўлганимни яхши эслайман. Сизнинг ҳар сафар эринмасдан эртак айтиб берганингизни ҳам. Ҳар бир сўзингиз тасаввуримда жонланиб, сеҳрли оламда сайр қилар эканман-у, кун бўйи чарчаганингиз, сиз ҳам озроқ ором олишингиз кераклигини ўйламас эканман. Кечиринг, онажон! Болалигимни эсласам-да, сизнинг уйқудаги ҳолатингизни ҳеч эслолмайман. Тонгда ёқимли эркалашингиздан уйғонардим. Тайёрлаб қўйган чойингизни ичиб, мактабга югурар эканман, сумкамга бир бурда нон солардингиз. Эгнимда сиз тўқиган нимча, шарф, қалпоқ. Уч қизни шундай кийинтириб ўқишга жўнатасиз. Ҳамма синфдошларим ҳавас билан қарайди. Ўқитувчимиз сендан тутун ҳиди келади, деб бурнини жийиради. Кейин синфдош дугоналарим ҳам индамай нари кетади. Аччиқ тутун кўзимга киргандек ёш келади. Уйга қайтганда сизга йиғлаб-йиғлаб айтиб бераман дейман. Аммо сиз нимадир иш қилаётганингизнинг устидан чиқаман. Айтсам, хафа бўласиз, деб ўйлаб индамасдим, онажон. Бугун ёш боладек арз-дод қилгим келди. Ёнингизда бўлганимда балки ўзингизга айтардим. Аммо олисдаги инсон учун телефонда етказгандан қоғозга тўкилган осонроқ экан...

Болалигимни эсласам, уйимизнинг ўн тўққиз йил аввалги ҳолати кўз ўнгимга келади. Лойсувоқ том, икки хонадан иборат уйлардан бири ошхона вазифасини бажаради, ярмига ўтинлар териб қўйилган (бошқа пана жой бўлмаганини энди анг­лаяпман) олди очиқ айвон, иккинчиси ҳаммамиз қатор ётадиган, ёмғир ёққанида ўн жойидан чакка ўтиб, оқшоми билан томчилаётган сувга идиш қўйиб чиқишга мажбур қиладиган хона.

Ўқишдан келганимда ҳам нимадир ишлар билан машғул бўлардингиз. Қишда тўқиб ўтирган, қолган уч фаслда томорқада ишлаётган ҳолатда кўрардим сизни. Менга эрта тонгдан уйғотишингиз, ҳовли ўтларини чопишимиз ёқмасди. Аммо сиз билан бажарадиган ҳар бир иш қизиқарли ўйинга айланарди. Гоҳ шеър айтишиб, гоҳ қўшиқ, гоҳида сизнинг шеърий топишмоқларингизга жавоб излаб, юмушларни бажарганимизни сезмай қолардим. Меҳнат қилиш ва адабиётни севишга ўргатган экансиз!

Эсингиздами, онажон, ҳар гал чироқ ўчиб қолганида шам ёруғида мушоира қилардик. Ёки сиз барчамизга китоб ўқиб берар эдингиз... Гоҳида телефондан бошни кўтариб хонадошларимга қарайман. Телефон ўйнаб, ижтимоий тармоқда ким биландир суҳбатлашиб ўтирган бўлишади. Китоб билан чароғон бўлган кечаларимизга қайтгим келади, шундай вақтларда. Ўзим мутолаага тутинаман. Лекин ўша сиз-ла ўтган кунларнинг хумори босилмайди. Сиз асарнинг баъзи жойларини таҳлил қилиб, бизга ибрат бўлиши учун келтирган сўзларингизни соғинарман?! Бир гал ҳалоллик ҳақида ривоят ўқиб берганингизда: “Агар қайсиларинг бировнинг ҳақига, бир тийинига хиёнат қилсаларинг берган оқ сутимга рози эмасман. Иккала қулоқларингга ҳам сирға қилиб тақиб олинглар”, дедингиз. Баъзида ўйлаб қоламан: агар ҳамма оналар сиздек бўлганида, коррупция деган балодан ҳеч ким азият чекмаган бўлармиди?!

Она, шифокорлигингиз боис беморликни, касалхонани кўрмай катта бўлдик. Шамоллай бошласак, дард танамизни эгалламай туриб даволардингиз. Айниқса, қайнатма шўрва ичиришингиз ёқарди. Тонгда турганимда соппа-соғ бўлиб уйғонардим...

Онажон, шунча нарсани қаердан ўргангансиз-а? Тикиб берган кўйлакларингизни кийиб чиқсам, дугоналаримнинг ҳаваси келарди. Тиккан пардаларингиз-чи, қўшнилар холаю аммаларим ҳам кўриб оғизларини очиб қолганди... Шунча нарсани қаердан ўргангансиз, қандай вақт топгансиз, қандай улгургансиз? Ўзимча жавоб излайман. Ўзимча топгандек ҳам бўламан. Йўқчиликда олдингизда ягона йўл турган: машаққатли бўлса-да борига қаноат қилиб яшаш. Сиз шунчаки қаноат қилиб эмас, курашиб, ҳаётимиз тўкин бўлиши учун отам билан елкама-елка ҳаракат қилгансиз. Фарзандлар тарбиясига ҳам улгургансиз!

Опамни узатдик, юзингиз ёруғ бўлди. Икки қизингиз ўқишга кирди! Қувончингиз икки ҳисса ошди. Кичик синг­лим ва укам ҳам изимизга эргашяпти. Буларнинг барчаси сизнинг тарбиянгиз эмасми?!

Онажоним, мен ҳам сиздек бўла олармикинман? Меҳрибон, чевар, пазанда, шифокор... Бир инсонда шунча сифатлар жам бўлиши мумкин экан-да! Биласизми нима, сиздан шифо топган инсонлар йўлда учраса, Барножоннинг қизимисиз, деб сўраб қолишади. Сизга ўхшатишар экан. Шундай вақтда роса қувониб кетаман! Бир сафар беморларингиздан бири: “Сиз қандай аёлнинг фарзанди эканлигингизни биласизми, онангизнинг қад­рига етинг, ундай аёл дунё­да йўқ”, деган эди. Ота-она ва Ватанни танлаб бўлмайди. Бу тақдирга битилган битик, Яратганнинг инояти. Мен минг бора шукрлар қиламанки, сиздек инсоннинг фарзандиман!

Онанг бўлганим учун шундай ўйлайсан, дейсиз. Лекин айтинг-чи, нега унда жамиятда бировнинг ҳақини егувчилар кўп? Нега қизларни эрта турмушга бериб, ўқиб шаҳар олиб берармидинг, дейдиганлар бор? Нега қийинчиликларга чидолмай боласини етим қилиб ажрашиб кетадиганлар учраяпти? Ёки пора билан қўлга тушиб, юзи қора бўлаётганларнинг волидаси уларга бу гуноҳлигини ўргатган-у, фарзандининг эсидан чиқиб қолганми? 

Дунёда аёллар кўп. Ҳали тишим ўтмайдиган жумбоқлар мавжудлигини билсам-да, кўнглим билан ҳис қиламанки, она номига муносиб бўлолмаганлари ҳам топилади. Онажон, бугунги куннинг қаҳрамони ким деб сўрашса, мен сиздан муносиброқ инсонни топа олмайман. Нимагаки эришган бўлсам, барча-барчасида ўрнингиз беқиёслигини ҳис этаман. Илк тўпламим чиқишида, ўқишга киришимда, мустақил ҳаётга ташланган илк қадамларда...

Ҳар оқшом ўтган кунимни сарҳисоб қилар эканман, ишончингизни оқлаш учун нимадир амалга ошира олдимми-йўқми, деб ўйлайман. Муносиб фарзанд бўла оляпманми, деган савол тинчлик бермайди...

...Деразамдан ой мўралайди. Ёғдуларига қўшилиб сизнинг овозингиз ҳам хонамга кириб келгандек бўлади:

...шундай қилиб, кўнгли тоза инсонлар ҳалол меҳнатлари билан мурод мақсадларига етишибди...

Мактубимга нима деб нуқта қўйишни билмаяпман, сизга айтадиганларим шунчалар кўпки...

Онажоним, қолганларини кўксингизга бош қўйиб айтаман!

Чарос  ЁҚУБОВА