Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Собиқ банкирнинг ҳибсда ушлаб турилиши узайтирилди

Собиқ банкирнинг ҳибсда ушлаб турилиши узайтирилди
"Олмаота Тергов суди Россиядан Қозоғистонга экстрадиция қилинган собиқ банкир Жомарт Ертаевнинг ҳибсда ушлаб турилишини узайтирди", дея хабар беради маҳаллий нашрлар.
 
Матбуот хизматининг маълум қилишича, тергов идоралари собиқ банкирни ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтиришни сўраган ва суд Ертаевни 15 июнга қадар ҳибсда ушлаб туришга қарор қилди. 
 
Бундан аввал Олмаотадаги ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди Россиядан олиб келинган Жомарт Ертаевни ҳибсда ушлаб турилишини асосли дея тан олган эди. Унинг ҳибсда ушлаб турилиши 2019 йилнинг 15 мартидан 2019 йилнинг 15 майигача белгиланди.
 
RBK банки раҳбарининг собиқ маслаҳатчиси Жомарт Ертаев жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида Россиядан экстрадиция қилингани ва пойтахтдаги тергов изоляторига жойлаштирилгани ҳақида Бош прокуратура 15 март куни маълум қилган эди.
 
Қозоғистонда Ертаев хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда бошқа шахслар билан тил бириктирган тарзда RBK банкидан 2011 йилдан 2017 йилга қадар 144 миллиард тенгени(390 миллион доллар) ўзлаштиришда гумон қилинади. 
 
Прокуратуранинг маълум қилишича, Ертаев билан бирга бу иш бўйича 54 киши, жумладан, банкнинг 41 нафар ходими гумон қилинмоқда. Прокуратура ўз хабарида гумондор бўлмиш бир нечта фамилияларни келтиради. Улар орасида –Бахит Ибрагим ҳам бор. 
 
Тарқатиб юборилган "Qazaq Banki" эгаси бўлмиш Ибрагим ўтган йили июнь ойида Германиядан экстрадиция қилинган эди. У аввалдан тил бириктириш орқали бир гуруҳ шахслар билан фирибгарлик йўли билан Bank RBK пул маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинади.
 
Прокуратуранинг айтишича, пулларни ўзлаштириш иши бўйича олиб борилган тергов вақтида 15 миллиард тенгени ундириш, 48 миллиард тенгега тенг мулклар хатланишига муваффақ бўлинди. Тергов якунланди.
 
Ўтган йилнинг кузида Россия ОАВЕртаевнинг адвокатига таянган ҳолда Москва уни Қозоғистонга экстрадиция қилишдан воз кечгани ҳақида маълум қилган эди. 
 
Чунки Россия ИИВ миграция масалалари бўйича Москва шаҳар бошқармаси Ертаевга қочқин мақомини берган эди. Аммо кейинроқ Бош прокуратура Ертаевни Қозоғистонга топшириш ҳақида қарорга келгани маълум бўлди. 
 
Сўнгги вақтларда Москвада истиқомат қилган тадбиркорнинг адвокатлари прокуратура қарорининг қонунийлиги устидан шикоят қилишга уриниб кўрдилар, аммо суд инстанциялари қарорни асосли дея топишди.

ЎзА дан олинди.