Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Соғлом ҳаётга қадам ташла!

Соғлом ҳаётга қадам ташла! Дарҳақиқат, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жисмоний жиҳатдан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Чунончи, Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай ислоҳотларнинг узвий давомидир.

Қарор ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда партия фаоллари ҳам қараб тургани йўқ. Жумладан, 19 февраль куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамкорликда “Соғлом ҳаётга қадам ташла!” шиори остида акция ўтказди. Тадбирда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDeP Сиё­сий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари, партия Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари иштирок этди.

Айтиш керакки, қарорда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида меҳнат жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш алоҳида белгилаб қўйилган.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари ва партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари ўртасида футбол, волейбол, югуриш бўйича кечган мусобақаларга алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Акцияга бир чақирим масофага югуриш пойгаси билан старт берилди. Маррани биринчилардан бўлиб забт этишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган иштирокчиларни суҳбатга тортамиз.

– Тўғрисини айтганда, куни бўйи иш, оила ташвишлари билан юравериб, спорт билан шуғулланишга баъзида хоҳиш, гоҳида эса вақт топа олмаймиз, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими Акбар Музаффаров. – Бугун партиямиз фаолларининг ишчанлигини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда намуна бўлишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик. Ажаб­маски, биз ташлаган биринчи қадам бундай спорт тадбирларининг кенг қулоч ёйишига замин яратса.

Бир чақирим масофага югуриш мусобақасида марра чизиғини биринчи бўлиб партия­нинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакили Мурод Ўринов кесиб ўтди. Унинг ортидан O‘zLiDeP матбуот хизмати раҳбари Элмурод Панжиев етиб келган бўлса, партиянинг парламентдаги фракцияси шаънини ҳимоя қилаётган Тоир Салимовга 3-ўрин насиб қилди.

Ана шундай қизғин баҳслар билан бошланган спорт акцияси волейбол, футбол ўйинларига уланиб кетди. Жамоалар ҳамжиҳатлик, бирдамликни йўқотмаган ҳолда ғолиблик шоҳсупаси томон одимлаб борарди. Мусобақаларни ташкил қилишда бош-қош бўлиб турган, жамоалар кўрсатган натижаларни баҳолаб бораётган мураббийларни саволга тутамиз.

– Биз партия билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Кўриб турганингиздек,  навбатдаги тадбиримиз ҳам самарали ўтмоқда, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг жисмоний маданият кафедраси ўқитувчиси Маҳсуд Шерматов. – Ҳамма ҳам юқори малакали спортчи бўлиши, мусобақаларда қатнашиб, мукофотлар олиши шарт эмас. Лекин инсон доимий равишда ўз имкониятидан келиб чиқиб спорт билан шуғулланиши, жисмоний чиниқиши кони фойда. Ҳурматли ҳамюртларимиздан ҳар куни бажариш имкони бўлган 15-20 дақиқалик эрталабки бадантарбия машғулотлари, 40-60 дақиқа давомида очиқ ҳавода пиёда юриш, тунги уйқу олдидан 20-30 дақиқалик сайр қилишни канда этмасликларини сўраб қолардим.

Замонавий тиббиёт кам ҳаракатлилик саломатлик даражасининг пасайиши, ички аъзолар фаолиятининг бузилиши, ишлаш қобилиятининг сусайишига сабаб бўлишини аниқлаган. Ҳозиқ табиблар ҳам кишини хушсизлантирувчи ва соғлиғига шикаст етказувчи нарса узоқ вақт жисмоний ҳаракат қилмасликдир,  дея таъкидлаб кетган. Бу гапларнинг қанчалик ҳақлигини акция иштирокчилари ич-ичларидан ҳис этган бўлсалар, ажаб эмас.

Волейбол бўйича ғолиблик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат “Парламент” жамоасига насиб қилди. Қолган спорт турлари бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар мураббийлар томонидан аниқлаб берилди. Якунда акция иштирокчилари ташкилотчилар томонидан эсдалик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,
“ХХI asr” мухбири
Суратларни Шуҳрат РАҲИМОВ олган.