Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СОҒЛОМ РАҚОБАТ КАФОЛАТИ

СОҒЛОМ РАҚОБАТ КАФОЛАТИ
Бозорнинг ўзига хос аниқ, лўнда талаби бор: кимнинг маҳсулоти сифатли, ҳам­ёнбоп бўлса, ана шу ишбилармоннинг омади чопади. Қолаверса, ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, ички ва ташқи бозорда харидор топишда ҳам айнан унинг сифат кўрсаткичлари муҳим ўрин тутади. Қувонарлиси, маҳсулотларимиз мақтаса, таклиф этса арзигулик эканки, бугунги кунда улар жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатига экспорт қилиняпти.
Президентимизнинг Россия Федерацияси, Хитой, Қозоғистон, Туркия ҳамда Қирғизистон давлатларига қилган расмий ташрифларидан сўнг мамлакатлараро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилларга нисбатан бир неча баробарга ошди. Эришилаётган бундай ижобий ўзгаришларни хорижлик таниқли иқтисодчи ва мутахассислар юртимизда тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилгани, давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан иқтисодиётни янада либераллаштириш борасида муҳим ҳужжатлар қабул қилинаётгани билан изоҳлашмоқда.
- Президентимизнинг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йигирма кун муддатда республикада халқаро стандартларни, шу жумладан “ISO 22000”, “Ҳалол” стандартларини жорий этиш ва кейинчалик қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган, – дейди Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Вафо Латипов. – Унда, айниқса, республикамизда берилган мувофиқлик сертификатларини маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини асосий истеъмол қилувчи давлатларда, шу жумладан, икки томонлама ва кўп томонлама битимларни тузиш, шунингдек, лабораторияларни модернизация қилиш орқали тан олинишини таъминлаш чораларини кўриш белгилаб берилган. Шу билан бир қаторда, қарор билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига божхона юк декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга ошириладиган тартиб жорий этилди. Мева-сабзавот ва тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун зарур бўлган сертификат бериш муддати экспорт қилувчи томонидан ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан бошлаб эса бир иш кунига қадар қисқартирилгани ҳам экспортга йўналтириладиган маҳсулот салмоғи янада ортишига хизмат қилади. 
Айни пайтда фаолият кўрсатаётган сертификатлаштириш органлари томонидан тақдим этилаётган мувофиқлик сертификатларини халқаро даражада тан олинишига эришишни таъминлаш йўлида юртбошимизнинг шу йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида агентлик томонидан 400 дан ортиқ халқаро стандарт қабул қилинди. Стандартлаштириш тизимини ривожлантириш орқали тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида ўтган йилдан бошлаб меъёрий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш муддатлари 15 кундан 10 кунга, рўйхатдан ўтказиш эса 5 кундан 3 кунга қисқартирилгани ҳам тадбиркорларга, айниқса, экспортёр корхоналарга қулайликлар яратди. Яна бир қулай жиҳати, тадбиркорларнинг мавжуд стандартлардан монеликсиз, бепул фойдаланишлари учун амалдаги  стандартлар агентлик расмий веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда. Бундан ташқари эскирган, самарасиз ва бозор механизмларига мос бўлмаган стандартлар бекор қилинди. Йил якунигача республикамизда жорий этилган халқаро стандартлар сони 3 мингдан оширилиши кўзда тутилган. Табиийки, бу ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, уларни жаҳон стандартлари талаблари даражасида ишлаб чиқаришга сабаб бўлади.
Президентимиз куни кеча  таниқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовнинг 100 йиллигига бағишлаб Жиззах шаҳрида ўтказилган йиғилишда, ҳар бир кун, ҳар соатда рақобат муҳити мавжуд бўлган бир пайтда унга дош бериб ишлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ўта масъулиятни талаб этади, дея бежиз таъкидламадилар. Айниқса, бугунги кунда дунё давлатларида озиқ-овқат тақчиллиги мавжуд бўлиб турган бир пайтда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бу турдаги маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳар доимгидан-да муҳим аҳамият касб этаяпти.
– Айнан ана шу каби долзарб масалалар юзасидан бугун “Ўзстандарт” агентлигининг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институтида Халқаро сифат кунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда сўз борди, – дейди мазкур илмий муассаса директори ўринбосари Жавлон Каттахўжаев. – Чунки давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида бекорга маҳсулот сифати, унинг экспорти салоҳияти тўғрисида куйиниб сўз юритмаяпти. Бунинг сабаби аниқ, дунёнинг қатор давлатлари бизнинг маҳсулотларимизга қизиқиб, икки томонлама шартномалар имзолаяптими, қизиқ билдиряптими, ўз навбатида биз ҳам ана шу талабларга яраша сифатли товарларимизни етказиб беришимиз керак. Шу боис ҳам ушбу йиғилишга нафақат агентлик ходимларини, балки иқтисодчилар, тадбиркорларни ҳам таклиф қилдик. Тадбир давомида қатнашчилар шу масалалар, хусусан, қабул қилинаётган ҳар бир Халқаро стандарт иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшаётгани, ИСО 9001 Халқаро стандарти талаблари даражасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга эса дунё бозорида талаб ортиб бораётгани, Ўзбекистон эса бир қатор халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлаётгани тўғрисида фикр алмашдилар.
Кечагина Тошкентда ўз ишини бошлаган ва 200 дан зиёд маҳаллий тадбиркорлар томонидан “Made in Uzbekistan” муҳри билан ишлаб чиқарилган 10 минг турдан ортиқ машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш ва металлургия, кимё саноати, нефт ва газ, озиқ-овқат, енгил саноат каби маҳсулотларнинг кўргазма-ярмаркаси эса сифатни таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг нақадар кўламдорлигидан далолатдир.
 
Зиёдулла МЎМИНОВ,
“XXI asr”   мухбири