Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Солиқ юкини янада камайтиришга эътибор қаратилди

Солиқ юкини янада камайтиришга эътибор қаратилди

           Дарҳақиқат шундай. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатларимиз 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекис­тон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида юқоридаги масалага кўпроқ эътибор қаратишди.

          – Бу бежиз эмас, албатта, – деди Олий Мажлис қуйи палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Ойбек Жумаев. – Чунки партиямиз сайловолди дастурида макроиқтисодий сиёсатни давом эттириш мақсадида давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш, иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмурий бошқарувини яхшилаш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш ва унинг аниқ-равшан, тушунарли бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

          Йиғилишда, шунингдек, 2018 йилги бюджет ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилгани таъкидланди.

           Асосий молиявий ҳужжатда 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида хўжалик юритувчи субъект­лар ва аҳоли даромадларига солиқ юкини янада камайтириш мақсадида фойда солиғи ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига ажратмаларнинг умумий ставкасини пасайтириш, кўчар мулкни юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан, солиқ ставкасини 5 фоиз миқдорида сақлаган ҳолда, озод қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини пасайтириш, ўсимлик ёғи бўйича акциз солиғи ставкасини 50 фоизга қисқартириш, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ажратма миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш кўзда тутилмоқда.

           Келгуси йилда бюджет маблағларини режалаштиришнинг самарадорлигини ошириш, улардан фойдаланишда юқори натижаларга эришиш ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган чораларни амалга оширишни давом эттириш кўзда тутилаётгани фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

           Таъкидландики, 2018 йилда Давлат бюджети даромадлари 62,2 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 21,4 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетига тушумлар ЯИМ номинал ўсишига мос равишда 25,9 фоизга ортади. Бевосита, солиқлар бўйича тушумларни прогноз қилишда фойда солиғи билан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларининг бирлашиши ҳисобга олинди.

           Иқтисодиёт харажатларининг асосий қисмини ташкил этаётган 2 741,8 миллиард сўм ҳажмдаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги объектларини сақлаш харажатлари билан боғлиқ масалага фракция аъзолари алоҳида эътибор қаратишди. Бунда жорий йилга нисбатан 9,4 фоизга ўсиш билан ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,9 фоиз миқдорида белгилаш назарда тутилмоқда.

          – Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг навбатдаги йилнинг прогноз кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2008-2022 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган мақсадли параметрлар асосида прогноз қилинган, – деди Олий Мажлис қуйи палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Исломжон Зокиров. –  Дастур доирасида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасидан ерларнинг мелиоратив ҳолатни яхшилаш тадбирлари учун 553,4 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. Эътиборга молик жиҳати, ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 276 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ҳамда фермер хўжаликларининг даромадлари ошишига эришилади.

           Йиғилиш сўнгида кун тартибидаги асосий масала ва қизғин кечган муҳокамалар юзасидан партиямизнинг парламент қуйи палатасидаги фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

                                                                                                                                                  “XXI asr” мухбири