Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СЎМИМИЗ ҚАДРИ ОШАДИ...(ми?)

СЎМИМИЗ ҚАДРИ ОШАДИ...(ми?)
валюта сиёсатининг эркинлашиши иқтисодий ўсиш суръатларининг янада жадаллашишига пухта асос яратади  
2017 йилнинг  5  сентябрида  мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим воқеа юз берди. Яъни, миллий пул бирлигимиз – сўмни хорижий валюталарга конвертация қилишни эркинлаштириш соҳасида жуда катта аҳамиятга эга қадам ташланди. Шу кундан эътиборан  Ўзбекистон  Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, валюта муносабатларини тартибга соладиган ҳамда юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани эркин сотиш ва сотиб олишга имкон берадиган янги бозор механизмини жорий қилиш бошланди. Энди миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан курси талаб ва таклиф асосида шакллантирилади.
Маълумки,  давлатимиз раҳбари 2017 йил 7 февралда  имзолаган  “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича  Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги  фармонининг  “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган  бўлимида бу ҳақда алоҳида қайд этилган эди. Шу боис мазкур фармон эълон қилинган кундан  бош­лаб  мутасадди идоралар  мазкур масалани талаб даражасида ҳал этиш учун  кенг кўламли тайёргарлик ишларини олиб боришди.
Энг аввало, валюта сиёсатини эркинлаштиришга мўлжалланган “Вал­юта сиёсатининг устувор йўналиш­лари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиниб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.  Мазкур масалага қизиққан барча хоҳловчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилишди. Порталга тушган таклифлар валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича қабул қилинган фармонни бойитишга хизмат қилди.
Юртимизда миллий валютамизни хорижий валюталарга нисбатан эркин конвертация қилишнинг очилиши билан боғлиқ ўта муҳим бир жиҳат намоён бўлганлигини эътироф этиш лозим.  Яъни, айрим давлатларда миллий пул бирликларини конвертация  қилишнинг бошланиши ҳамма учун мутлақо кутилмаган пайтда ва олдиндан эълон қилинмасдан бошланади. Шу боис кўпчилик ғафлатда қолади ва бундан моддий зарар кўради.
Бизда эса,  кўпгина давлатлардан  фарқли равишда  ўзбек сўмининг конвертацияси бошланиши 2017 йилнинг бошидаёқ ҳаммага маълум қилинди. Унинг  бевосита  бошланиши ҳақидаги қарор ҳам 2 сентябрдаёқ  эълон қилинди.
Миллий пул бирлигининг эркин конвертация қилиниши нима учун керак, деган савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Бу саволнинг жавоби Президентимиз томонидан жорий йил 2 сентябрда имзоланган фармонда баён этилган.  Конвертация, энг аввало,  мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, экспортни рағбатлантириш, корхоналарнинг рақобатдошлигини ошириш  учун зарурдир.
Хорижий инвестор учун ҳар қанча имтиёзлар берсангиз ва жозибадор муҳит яратсангизу, лекин миллий пул бирлиги эркин конвертация қилинмаса, уларнинг кўпчилиги мамлакатингизга бизнес қилиш учун келмайди. Негаки, хорижий сармоядор бундай шароитга кўникиши қийин. У бошқа давлатлардан олиб келган валютасини хоҳлаган пайтда ва хоҳлаган миқдорда конвертация қилиши, айниқса, ўзи ишлаб топган фойдани ўзи билан олиб кетиш имкониятига эга бўлиши керак. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат  юртимизда энди шундай шароитни яратди ва бу ўз навбатида мамлакатимизга хориждан келаётган  инвестициялар миқдорининг кескин ошишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Сўмнинг конвертацияси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатдошлигини оширишга ҳам  ўта муҳим ижобий ҳисса қўшади. Гап шундаки, сўмни конвертация қилишнинг юртимизда қўлланиб келинган эски усулида субъектлар ўзларига хизмат кўрсатадиган тижорат банкларига муайян маблағни конвертация қилиш учун ариза топшириб қўйиб, унинг ижросини узоқ муддат кутишга мажбур эдилар. Конвертация учун ажратилган маблағ ҳам валюта биржасининг махсус ҳисобварағида шу муддат сақланарди. Яъни, конвертация учун топширилган  пулнинг эгаси ўз маблағидан шу вақт ичида фойдалана олмасди. Бу усул иқтисодий ҳаётга қанчалик салбий таъсир кўрсатганини маблағини ўз вақтида конвертация қилиб беришмаганликлари туфайли банкрот бўлган кўплаб  тадбиркорлар алам билан эслашади.
Мазкур фармонда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг  ижобий  жиҳатлари жуда кўп.    Улардан бири хориж­га маҳсулот ва хизматлар экспорт қилувчи корхоналар фаолияти билан боғлиқ. Хусусан, валюта соҳасини либераллаштириш мамлакатимиз экспорт салоҳиятини  оширишни рағбатлантириш бўйича ҳам қатор янги имкониятлар яратди. Масалан, мамлакатимиз юридик шахслари товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни  қайтариш, хизмат сафари харажатлари  каби тўловларни амалга ошириш учун хорижий валюталарни чекловсиз сотиб олиш имкониятига эга бўлишди. Бир пайтнинг ўзида барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб ҳам  бекор қилиндики, бунинг тадбиркорлик муҳитига кўрсатадиган  ижобий таъсирини сўз билан ифодалаш қийин.
Кези келганда шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Марказий банк раҳбарияти валюта сиёсатини либераллаштириш масаласида энг тўғри ва оқилона усуллардан фойдаланяпти. Валюта сиёсатига таъсир кўрсатадиган ташқи ва ички омиллар чуқур ўрганилиб, улар тўла эътиборга олинмоқда. Хорижий валютани ҳозирча нақд кўринишида эмас, балки фақат чет элда ишлатиш мумкин бўлган конверсион карталарга ташлаб берилаётганлиги ҳам мутлақо тўғри. Чунки мамлакат ичида миллий пул бирлигидан бошқа  валюталар муомалада бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Қолаверса, мазкур усул  узоқ вақт давомида муайян даражада доллар таъсирида бўлган иқтисодий ҳаётни бу салбий ҳолатдан озод қилишга ҳам хизмат қилади.
Узоқ вақт давомида амалда бўлган шарт-шароитлар ўзгаришининг юридик ва жисмоний шахслар ҳаётига вақтинчалик характерга эга бўлган  салбий таъсирлари ҳам борлиги сир эмас. Шу боис фармонда  мутасадди ташкилотлар уларни юмшатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар  тизимини ишлаб чиқиши, уларни изчиллик билан амалга ошириши зарурлиги ҳам кўрсатилган.  Масалан,  валюта сиёсатини либераллаштириш жараёнида банк тизими учун вужудга келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш,  таянч тармоқлар корхоналарини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўриш, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами турмуш даражасига кўрсатиши мумкин бўлган оқибатларни камайтириш мақсадида уларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги  белгиланган.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда валюта  сиёсатини ташкил этиш ва бошқаришнинг янги босқичи бошланди. Мазкур жараён иқтисодий ўсиш суръатлари янада юқори бўлиши ва халқ турмуш даражасининг кескин ошиши учун пухта асос яратади.
Одил ОЛИМЖОНОВ, 
иқтисод фанлари доктори,
профессор