Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сўнгги пушаймон – ўзингга душман

Сўнгги пушаймон – ўзингга душман

       Ҳар бир ота-она орзу қилганидек, Савр бува ҳам жигаргўшаси Нозимани бир хонадоннинг бахтли бекаси, ширин-шакар набираларининг ойижониси бўлишини истаган эди.

      Аммо у бир муҳим нарсани – қизи ҳали турмуш қуришга маънан, ҳам жисмонан тайёр эмаслигини унутганди. Шифокорларнинг огоҳлантиришига ҳам қулоқ тутмади. Коллежда ўқиётган, ҳали балоғат остонасига қадам қўймаган, гўдакликда орттирган касаллик асоратидан тўлиқ қутилмаган нуридийдасини турмушга узатиб юборди. Нимжонгина вужуд ҳомиладорликни кўтаролмай, гумроҳ отани зор қақшатиб ташлаб кетди... Ота кўксидан отилиб чиқаётган фарёддан ер-кўк ларзага келди.
Афсус ва надоматлар бўлсинки, аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай, ҳаётимизда ўғилни эрта уйлантириб, қизни барвақт турмушга узатиш ҳоллари учраб турибди. Оқибатда ҳали оилани эплаб кетишга қурби етмаган йигитлар ёки ҳомилани кўтаришга организми заиф келинчаклар билан нохуш ҳоллар содир бўлаётир. Ёш оилаларнинг бузилиши, мурғак гўдакларнинг тирик етимга айланиши кишини ташвишга солади. Онгимизда негадир бир ақида ўрнашиб қолган. Ўғил-қизимиз вояга етгач, уларни аввало, илмли-ҳунарли, ўзларини ўзлари эплаб, мустақил ҳаёт кечиришга тайёрлаш ўрнига тезроқ уйлантириш, тезроқ турмушга узатиш тараддудига тушиб қоламиз. Бу шошқалоқлигимизни яна "Тенгини топсанг, текин бер", "Чиққан қиз чиғириқдан нари" қабилидаги нақлу мақоллар билан оқлаб ҳам қўямиз. Ҳали она сути оғзидан кетмаган, қўлида на бир ҳунари, на оила, на рўзғор ҳақида тасаввури бўлган, масъулиятни ҳис этмайдиган йигит-қиз турмуш муштига дош беролмаслигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
      – Қизим коллежни битираётганда остонамиздан совчилар қадами узилмай қолди, – дейди Қаҳҳор ака. – Фарзандимиз турмушга чиқишига ҳали эрталиги, ўқишни давом эттирмоқчилигини айтиб, рози бўлмадик. Аммо бўлғуси қудалар "Ўзимиз ўқитамиз", деб ҳоли-жонимизга қўйишмади. Қизимизнинг қаршилигига қарамай, ноилож тўйга розилик бериб юбордик. Катта хато қилган эканмиз. Йигирма ёшга ҳам тўлмаган қизимиз турмуши бузилиб, икки норасида гўдаги билан келиб ўтирибди. Бизнинг ҳам, унинг ҳам маҳалла-кўйда бошимиз хам, тилимиз қисиқ. На ўқиган, на бирор ҳунар эгаллаган, эркатой, тикка косов бўлиб ўсган куёв рўзғори алоҳида қилиб қўйилгач, оилани боқишга қурби етмай, хотини ва болаларини ташлаб кетди. 
      Балоғат ёши мураккаб давр. Ҳали ҳаётнинг баланд-пасти, аччиқ-чучугини татиб кўрмаган йигит-қизлар руҳиятида нозик ҳис-туйғулар, романтик кайфият ҳукмрон бўлади. Улар ишқ бошқа, ҳавас бошқа эканлигини тан олгилари келмайди. Турмушни фақат байрамлардан иборат деб биладилар. Оиланинг ижтимоий аҳамияти, жамиятдаги ўрни, эр-хотиннинг бурчи, масъулияти ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.
     Ҳар бир ота-она мустақил ҳаёт бўсағасида турган йигит-қизига бир умрлик турмуш қўрғони бўлган муқаддас оила, ҳаётнинг ёзилган ва ёзилмаган қонунларини жиддий тушунтиришлари зарур.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.

“Зарафшон” газетасининг fаcebookдаги саҳифасидан олинди