Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сополлитепа қумпайкалга айланиб бормоқда

Сополлитепа қумпайкалга айланиб бормоқда

Музработ туманидаги тўрт минг йиллик тарихга эга Сополлитепа ёдгорлиги йўқолиб кетиш арафасида. Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий шаҳар ­– Жарқўтон аҳолисининг янги ерларни ўзлаштириши ва сувли ҳудудга оммавий кўчиши натижасида бундан тахминан тўрт ярим минг йил муқаддам Сополлитепа манзилгоҳи юзага келган. Археологлар ушбу ёдгорликни қазиб ўрганишганида бу ерда бронза даврига доир кўплаб ноёб экспонатлар топилган.

Бугун эса у қум барханлари орасида йўқолиб бораётир. Сополлитепа маҳалласи котиби Музроб Исанқуловнинг айтишича “Бу манзилгоҳнинг довруғини эшитиб келганлар ёдгорликка аввало йўл излаб қийналади. Кейинига эса ўнқир-чўнқир жойни кўриб, кўзларига ишонишмайди. Бир неча йиллардан буён таъмирлаш ҳақида гап-сўзлар юради, лекин бирор бир амалий натижа йўқ”.

Атрофи девор билан муҳофазаланмагани боис бу манзил ёзнинг жазирамасидан ҳамда қишнинг изғиринидан қочган дайди итларга, шу атрофдаги қўйчивонларнинг чорва молларига қўнимгоҳлик вазифасини ўтамоқда. Ёдгорликни турли табиат ҳодисаларидан, офатлардан сақлаш, табиий шўрланишдан муҳофазалаш учун ёпиқ дренаж ҳам қилинмаган. Сополлитепага олиб борувчи йўл йўқ. Дала оралаб борувчи кичик йўл эса ёзда тиззабўйи тупроқ, қишда эса лой билан қоп­ланади.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекция­сининг вилоятдаги масъули Шоҳиста Маматқулова билан гаплашганимизда бу ташкилотнинг тарихий обидаларни асраш борасидаги имконияти ҳаминқадарлиги аёнлашди. “Биз 2019 йилги давлат дастури режасига кўплаб ёдгорликларни таъмирлаш қаторида бу ёдгорликни ҳам жиддий муҳофазага олиш бўйича ўз таклифимизни ҳам берганмиз. Энди... ҳар йили шундай қилинади. Лекин айнан Сополлитепанинг режага киритилиши ва киритилмаслигини эса аниғини билмадим”, деди у.

Жойларда ёдгорликка олиб борувчи йўл белгилари қўйилмаган, тарихий обида ҳақида афиша ва маълумотлар жойлаштирилмаган. Шу боис нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам бу манзиллар аҳамиятсиз туюлади.

Ёдгорлик ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб маҳаллий ва хорижий археологлар томонидан ўрганилиб келинмоқда. Қадимшунослар бу ердан пахса иморат, сопол буюмлар, бронзадан меҳнат қуроллари ва зеб-зийнатлар ясаладиган устахона қолдиқлари, шунингдек, йирик хумларда сақланган буғдой ва арпа донларини топган.

­– Маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш орқали воҳанинг туризм салоҳиятини кўтариш мумкин. Ҳар йил бошида ҳудудлар кесимида туризмни ривожлантириш бўйича махсус дастурлар қабул қилинади. Туман ҳокимликларидан таклифлар олинади. Музработдан Сополлитепада туризм инфратузилмасини яратиш бўйича таклиф бўлмаган, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бош­қармаси мутахассиси, археолог Зебо Алмардонова.

Музработ туман ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармасидан эса маълумот олиб бўлмади.

Вилоят матбуотида тез-тез маданий мерос объектларининг бугунги ачинарли ҳолати ҳақида материаллар нашр этиб борилади. Хусусан, шу йилнинг ўзида Сополлитепа ҳамда бир нечта бошқа ёдгорликлар ҳақида журналистларнинг “Давлат муҳофазасига олинган”, “Тарихий ёдгорликлар “қоғоз”да асралади...ми?”, “Зараутсой эътиборга муҳтож”, “Ёдгорликлар ўрнида молхона” каби мақолалар ҳам чоп этилган. Мутасаддилар эса мудом сукут сақлашмоқда.

Маълумот учун: туризм бўйи­ча юқори имкониятга эга Сурхон воҳасига, вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ўтган йили атиги 8 мингдан ортиқ хорижлик ва 40 мингга яқин маҳаллий сайёҳ келган, холос...

Сарвар ТЎРАЕВ,
“XXI asr” мухбири