Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СЎРОВ ИЛТИМОСНОМА ЭМАС-КУ!

СЎРОВ ИЛТИМОСНОМА ЭМАС-КУ!
Бугун жойлардаги муаммоларни биринчи бўлиб депутат билмоғи, ўрганмоғи, уларга ечим топишда фаол бўлмоғи лозим. Сайловчилар номзодга овоз берар экан, бу билан нафақат унинг ўзига, балки ортида турган сиёсий партияга ҳам ишонч билдиради. Айтиш ўринлики, маҳаллий кенгашларга партиямиздан сайланган аксарият депутатлар зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб, сайловчилар ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқдалар. Халқ депутатлари Ховос туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Лочин Иномов шундай жонкуярлардан бири.
Яқинда унга Ховос туман Бинокор қиш­лоғида яшовчи фуқаролардан ичимлик суви йўқлиги боис одамлар ариқ ва зовурлардан сув истеъмол қилишларига мажбур бўлаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди. Халқ вакили мазкур масала юзасидан депутатлик сўрови билан мутасадди ташкилотларга чиқди. Унинг жонбозлиги сабаб муаммога тез орада ижобий ечим топилди. Натижада  Зомин-Ширин йўналиши бўйича ўтказилиб борилаётган катта магистраль ичимлик суви қувуридан тармоқ сув қувурлари  (46 км. масофа)  тортиб келинди. Муаммо ечимини топди.
 Мана, бўлар экан-ку?!
Бугун неча йиллардан буён ушалмаган оддий қишлоқ аҳлининг орзу-умидлари рўёбга чиқди.
– Тўғриси,  муаммолар жуда кўп, – дейди Лочин Иномов. – Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша дарду-ташвиши, муаммоси бор. Маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юриб, жойларда муаммолар қанчалик тўпланиб қолганига иқрор бўлаяпмиз. Демак, бугун ҳар бир депутат халқ олдидаги бурчини англаган ҳолда оддий одамлар дарди билан яшаши зарур. Ҳар бир ҳудудда ютуқлар билан бирга ўзига яраша муаммолар борлигини, одамлар биздан уларга ечим кутаётганини кўриб турибмиз. Юзимиз ёруғ бўлиши учун  тинмай ишлаш керак, холос.
Миржалил РОБИЕВ,
O‘zLiDeP Ховос туман
 Кенгаши масъул ходими
 
* * *
Депутатлик гуруҳларининг самарали фаолиятисиз аҳоли орасида партия мавқени ошириш, маслакдошлар сафини кенгайтиришда аниқ натижаларга эришиш қийин. Депутат фаолияти – партиянинг юзи ҳисобланади. Шундай экан, баъзи ўрта бўғин раҳбарлари томонидан депутатлик сўровларига бефарқ муносабатда бўлиш каби ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш талаб этилади. Чунки, бу ҳол депутатнинг эмин-эркин фаолият юритишига тўғаноқ бўлади.
 Яшириб нима қилдик, баъзи бир раҳбарларнинг айби билан маҳаллий кенгаш депутатларининг  сўровлари ҳафталаб, ҳатто ойлаб жавобсиз қолиб кетмоқда. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуни 8-моддасида: “Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир” деб ёзиб қўйилган.
Депутатларнинг қонуний талабига “панжа орасидан” қараб келаётганлар Қоракўл туманида ҳам бор. Туман йўл-хўжалик пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси директори Б. Отахонов маҳаллий Кенгаш депутати З. Болтаев томонидан юборилган сўровга белгиланган муддатда жавоб бермагани, наинки қонун, балки оддий одоб меъёрларига ҳам тўғри келмаслигини биладими? Ваҳоланки, депутат жойларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш билан боғлиқ энг муҳим вазифалардан бири – “Дарғали” МФЙ ҳудудидан кесиб ўтувчи йўлга пиёдалар учун махсус белгилар ўрнатиш масаласини кўтарган эди. Шунингдек, “Қоракўл” давлат унитар корхонаси бошлиғи Р. Ҳусенов депутатлик сўровига бефарқ қараб келаётгани боис туманнинг Чаткаш ва Орғун қиш­лоқларидаги зовурлар устига қурилган кўприклар таъмири масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.
Ўсиб келаётган ёш авлод – мамлакат келажаги. Бинобарин, ўқувчи-ёшларнинг етарли билим олишлари учун барча шароитларни яратиш соҳага алоқадор мутасаддиларнинг қалб амри, бурчига айланмоғи зарур. Юртбошимизнинг айнан шу масала бўйича қайта-қайта куюниб гапираётгани бежиз эмас. Аксарият маҳаллий раҳбарларда эса бу борадаги масъулият ҳаминқадар.
 Аниқ мисол керакми? Марҳамат. Қоракўлнинг “Янги турмуш” МФЙ ҳудудидаги 24-сон умумтаълим мактаби синф  хоналари-ю, спорт зали, ошхона ва кутубхонаси салкам 40 йилдан бери бирор марта ҳам таъмирланмаган?! Тасаввур қиляпсизми? Мактаб биноси ва ўқув хоналарини таъмирлашда амалий ёрдам беришни сўраб маҳаллий кенгаш депутати А. Куччиевнинг туман халқ таълими бўлими бошлиғи Я. Худдиевга юборилган депутатлик сўровига  шу кунгача тегишли жавоб олинмагани халқ сайлаган вакилга, янада аниқроғи, аҳолига беписандликдан бошқа нарса эмасми? Бундай ҳолатни туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи М. Фатуллаев, Бухоро нефть базаси Қоракўз филиали директори З. Ҳамроев, туман ҳокимлиги молия бўлими бошлиғи  Ш. Шермуҳаммедов фаолиятида  ҳам кузатса бўлади. Ана шундай ноизчил фаолият “самараси” ўлароқ, ҳудуддаги айрим долзарб масалалар ижроси ҳамон аро йўлда қолиб кетмоқда.
Маълумки, ўрта қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш O‘zLiDeP Дастуридаги  муҳим вазифалардан биридир. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун яратилаётган шарт-шароитлар, Президентнинг соҳани тараққий эттиришга оид фармон ва қарорлари, жумладан, оилавий тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган ҳамюртларимиз учун айни муддаодир. Тижорат банкларининг  молиявий  кўмаги эса бунда алоҳида аҳамият касб этади. Афсуски, баъзи  банк муассасаларида бу борада ҳамон сокинлик ҳукмрон. Халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутатлари Й. Жумаев, Ж. Ҳайитовларнинг “Микрокредитбанк” ҳамда “Асакабанк” вилоят бўлимлари бошқарувчиларига юборган депутатлик сўровларига ҳам ўз вақтида жавоб олинмаган. Ушбу сўровларда мазкур банклар томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларга ажратилган кредит маблағлари юзасидан тегишли маълумотни бериш сўралган эди, холос. Оддий маълумот учун шунча ҳаракатсизлик содир этаётган мутасаддилар аниқ ҳаракат талаб этиладиган масалага нечоғли эътиборли бўлиши мумкин?..
Шубҳасиз, депутатлик гуруҳлари зиммасига, тегишли корхона-ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ечимини кутиб қолган масалаларда сўровлар билан чиқиб, уларнинг ҳисоботларини эшитиш, маҳаллий кенгашлар сессиялари кун тартибига  киритиш, жойларда депутатлик назоратини олиб боришдек масъулиятли вазифалар юклатилган. Ушбу вазифаларни амалга ошириш жараёнида  пировард натижаларга эришилиши эса, турган гапки, депутатлик сўровларига мутасадди раҳбарларнинг холисона муносабатда бўлишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ана шу ҳаётий ҳақиқат, партиявий мезон барқарор бўлган жойларда амалий натижалар кўлами ҳам янада ошган бўлади.
 Асхор ИСТАМОВ,
“XXI asr”   мухбири

* * *
Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан туман Кенгаши сессиясига иккита масала киритилди. Дастлаб сессия иштирокчилари “Фуқароларнинг мақсад ва  манфаатларини рўёбга чиқариш – одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиш, аҳолининг туман ҳокимлигига мурожаатлари ва уларнинг ечими бўйича белгиланган чора-тадбирлар борасидаги қилинаётган ишлар” юзасидан  амалга оширилаётган ишларни кўриб чиқдилар.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман ҳокимлигига 1340 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилган. Уларнинг сони ўтган йилга нисбатан 583 тага кўпайган. Ариза ва шикоятлар таҳлили кўрсатадики, туманда уй-жой, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер олиш, бандлик, иш ҳақи ва имтиёзлар, нафақа  тайинлаш, моддий ёрдам, ёқилғи-энергетика, оилавий масалаларда ҳали ечимини кутаётган муаммолар ва камчиликлар бор.
Сессияда депутатлар туман ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар ижросини сўзсиз бажаришни таъминлашга қаратилган ишлар етарли даражада ташкил этилганлигини қайд этиб ўтдилар. Таъкидландики, фуқаролар ва  тадбиркорлар томонидан юборилган ариза ва шикоятларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш, улар билан ишлашнинг тизимли чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, мурожаатларни таҳлил этиш   борасида тегишли тавсиялар ишлаб  чиқилди.
Бугунги кунда туман марказида 6 минг­га яқин хонадонда 30 минг 500 нафар аҳоли яшайди. Аҳолининг 2,1 фоизи қувурлар орқали ичимлик суви билан таъминланади. 97,9 фоизига эса обиҳаёт автоуловлар орқали етказиб берилади. Туманда 4 та сув тарқатиш шохобчаси (гусак) мавжуд бўлиб, Қовчин ва Янгиобод шохобчалари ишлаб турибди. Бу тармоқлар билан туман маркази ўртасидаги масофа 9 ва 12 километрни ташкил этади. Вилоят ҳокимининг фармойишига асосан 1 км. масофага 1 литр сувни ташиш 10 сўм қилиб белгилаб қўйилган. Одатда ичимлик суви 4 тонна сув сиғимига эга юк машиналарида ташилади. Демак, бир машина сувнинг нархи 40 минг сўм  бўлиши керак. Аммо бугунги кунда Ғузорда бир машина сувни 100 минг сўмдан камига сотиб ололмайсиз. Шу боис Халқ қабулхонасига келиб тушаётган шикоятларнинг аксарияти ичимлик суви таъминоти ёмонлиги ҳақида бўлаяпти.
Яккабоғ-Ғузор туманлари оралиғидаги магистрал ичимлик сув қувури 1985 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда бутунлай яроқсиз ҳолга келган. Аҳолининг юқори ташкилотларга мурожаатлари ҳеч қандай самара бермаяпти.
Депутат Бекзод Абдураззоқовнинг таъкидлашича, июнь ойининг бошида тумандаги “Эшонқудуқ” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш борасидаги муаммолар ҳам кўтарилган эди. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Эшонқудуқ ва Абдиҳомид қишлоқларида 672 та хонадон бўлиб, 3521 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мулоқотда сўзга чиққанлар оқава сув қишлоққа  мутлақо келмаслиги, бир машина сувни 50-60 минг сўмга сотиб олаётганликларини айтишганди. Пули йўқ одамлар “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятининг боғини суғориш учун оқиб келаётган оқава сувдан истеъмол қилишаётган экан. Уни ҳам узиб ташлашибди. Биргина тирикчилик манбаи – чорвачилик бўлган одамлар, ҳаттоки, чорва молларини суғориш учун сув сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Бу ерда ҳеч бўлмаса бирорта артезиан қудуқ қазиб бериш борасида таклифлар билдирилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилганди. Афсуски, эшонқудуқликларнинг орзуси орзулигича қолди. Орадан икки ой ўтса ҳам ҳеч қандай ўзгариш йўқ.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, уларнинг назорати O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларига юклатилди.
 Сайфулла ИКРОМОВ,
XXI asr” мухбири