Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

СЎЗ БИЛАН ҲАРАКАТ – ҲАМОҲАНГ

СЎЗ БИЛАН ҲАРАКАТ – ҲАМОҲАНГ
Дилшод Кичкинаев Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини битириб, иқтисодчи-ташкилотчи мутахассислигига эга бўлгач, кичик корхона очиб, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Дастлаб оддийроқ, осонроқ ишларга қўл урди. Кейин унга каттароқ объектлар ишониб топшириладиган бўлди.
Чунки у ишчиларнинг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, моҳир ва меҳнатсевар қурувчилар жамоасини шакллантиришга эришди. 2001 йилга келиб, “Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” шўъба корхонаси йирик объектларни ҳам бунёд этиш қувватига эга бўлди. Ўша йили Нуристон қўрғончасида 40 хонадонли кўп қаватли уй қурилиши ниҳоясига етказилди. Бу Дилшод раҳбарлигидаги корхона томонидан бунёд этилган илк йирик объект эди.
Шундан сўнг Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш ва таъмирлаш ишларида фаол иштирок этди. Дорилтиловат, Доруссаодат тарихий ёдгорлик мажмуалари, Ҳовузи Мардонни таъмирлаш, бадиий безакларини тиклаш, Амир Темур хиёбонини ободонлаштириш ишлари маромига етказиб бажарилди. 2014 йили корхона қурувчилари томонидан Қарши шаҳридаги Одина масжиди ва хиёбони таъмирланиб, рангли, мусиқали фаввора ишга туширилди. 2015 йили эса корхона Қашқадарё соҳилидаги қадимий Амир Темур кўпригини қайта тиклаш ва мармар панжаралар ўрнатиш ишларида қатнашди.
Айни пайтда серғайрат ва аҳил жамоа республика кардиохирургия ҳамда эндокринология марказларининг Қашқадарё вилоят филиаллари бинолари қурилишини жадаллик билан олиб бормоқда. Корхонада 110 киши мавсумий, 40 киши доимий иш билан таъминланган. Корхонада 16 та махсус техника бор. Бош муҳандис Абдухолиқ Абилов, муҳандис Мурод Мирзаев, иш юритувчи Исоқ Панжиев, механик Шуҳрат Сариев ҳам қўлга киритилаётган ютуқларга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ўтган йили собиқ кўчма колонна биноси ноль қийматда олиниб, бетон ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводлари ҳам ишга туширилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида биз билан ҳам мулоқотда бўлиб, қурилиш ишларининг сифатини ошириш, меъморий услубларини замонавийлаштириш борасида йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берган эдилар. Шу асосда иш олиб бораяпмиз, – дейди Дилшод Кичкинаев. – Йил охирига қадар ҳар иккала объектни ҳам фойдаланишга топшириш ниятидамиз. Илгари қурилиш материалларини сотиб олар эдик. Эндиликда ўзимиз йўлак плиталари, нақшли панжаралар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳадемай механика цехимиз ишга тушади. Чироқчи туманидаги дарё ўзанидан қум қазиб олиш учун карьер олмоқчимиз. Режалар ниҳоятда кўп. Уларни амалга ошириш учун бор куч-ғайратимизни ишга солаяпмиз.
Тадбиркор йигит корхонадаги бош­ланғич партия ташкилоти етакчиси ҳамда O‘zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши раисининг ташкилий-партиявий масалалар бўйича ўринбосари сифатида ҳам ғоят фаол: тадбирларда асосли таклифларни ўртага ташлаётир.
– Дилшод Кичкинаев вилоятимизда биринчилардан бўлиб партиямиз сафига кирган фаоллардан, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи раҳбари Лутфулла Ёзиев. – Унинг партиявий фаолияти воҳадаги маслакдошларга ибрат. Ташкилотчилик, ташаббускорлик фазилатлари унга ота-онасидан юққан. Рогузар маҳалласида Кичкинаевлар оиласига ҳамма ҳавас билан қарайди. Отаси Бекназар ака 35 йил қурувчилик билан шуғулланган. Онаси Қурбоной Аҳмедова ёшларга сабоқ берган. Маҳалладаги бирорта тадбир йўқки, бу оила иштирок этмаган бўлса. Кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисиз кексалардан ёрдамларини аяшмайди. Байрам тадбирларини ўтказиш, спорт мусобақаларини ташкил этишга баҳоли қудрат ҳисса қўшишади.
Дилшод Кичкинаев аниқ таклифлар билан чиққандан сўнг халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан сессияга бир неча масала киритилгани эътиборга молик. Тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, аксарияти амалиётга татбиқ этилди. Сафдошимиз аҳоли ва партия электоратини ташвишлантираётган долзарб масалаларнинг мақбул ечимларини топиш борасида тинимсиз изланмоқда. Ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминотини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун банклардан ёшларга имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашиш халқимиз фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшиляпти.
– Қуйи бўғинимиз фаоллари партиямиз дастурий мақсадлари рўёбга чиқишига имкон қадар ҳисса қўшяпти, – дейди етакчи. – Жумладан, партия электорати муаммоларини БПТ йиғилишларида атрофлича ўрганиб, унинг хулосаларини депутатлик гуруҳига олиб чиқяпмиз, партиявий тарғибот-тушунтириш ишларини изчил олиб боряпмиз.
Ҳа, партия фаолининг сўзлари амалий ишлар билан мустаҳкамланган тақдирдагина ўз таъсирини йўқотмайди, халқ уни тинглайди. Сўз ва иш бирлиги одамларни партияга ва унинг етакчиларига ишончини орттириб, мазкур сиёсий куч атрофида бирлашишга даъват этмоқда. Бундай ташаббускор инсонлар фаолиятини тарғиб қилиш эса партия иши ривожига ёрдам беради.
 Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири