Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Спортчиларимиз Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади

Спортчиларимиз Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда.

Тўрт йил аввал Инчеон Параосиё ўйинларида олтинларимиз 22 та эди, Жакартада эса ҳали мусобқа тугамасидан юқори пробали медалларимиз сони 25 тага етди. Бу ҳақда "ЎзА" манбаси хабар қилди.

 
"Мусобақа бошлангандан буён ҳар кунига терма жамоамиз ҳисобига медаллар тақдим этаётган спортчиларимизнинг кечаги кунги баҳслари ҳам анча баракали бўлди. Спортнинг бир неча тури бўйича курашга киришган вакилларимиз кун давомида жами 15 та медални қўлга киритишди. Аҳамиятлиси, эришилган жами медалларнинг аксарияти олтиндан бўлди - 7 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза", – дея маълумот келтирилади хабарда. 
 
Ғолиб ва совриндорлар рўйхати билан танишамиз: 
 
Олтин медаллилар:
 
Васила Алибоева -дзюдо
Ширин Шарипов - дзюдо
Темурбек Ғиёзов -енгил атлетика
Бобиржон Омонов - енгил атлетика
Мансур Абдирашидов - енгил атлетика
Фирдавсбек Мусабеков - сузиш
Фотимахон Амилова - сузиш
 
Кумуш медаллилар:
 
Шуҳрат Бобоев - дзюдо
Шоҳсанамхон Тошпўлатова -сузиш
Моҳигул Ҳамдамова -енгил атлетика
 
Бронза медаллилар:
 
Шариф Ҳалилов - дзюдо
Ферузахон Юсупова - дзюдо
Сабина Суханова - енгил атлетика
Ислам Асланов - сузиш
Нигорахон Мирзоҳидова – сузиш.
 
"Манба маълумотларига кўра, ҳозирча Ўзбекистон делегацияси ихтиёрида 47 та медаль жамғарилди. Шундан 25 таси олтин, 12 таси кумуш ва 10 таси бронза. Умумий медаллар сони бўйича ҳозирча тўртинчи ўринда турибмиз - Хитой, Жанубий Корея ва Эрондан кейин.
 
Маълумот учун айтиш керак, 47та медал жамғарган ҳолда спортчиларимиз мамлакатимизнинг Параосиё ўйинларидаги рекордини янгилади. Тўрт йил аввал Инчеонда ўтказилган Параосиё ўйинларида ўзбекистонликлар 22 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза, жами 31 та медални қўлга киритган эди. Ваҳоланки, мусобақанинг якунига етишига бугунни ҳам қўшиб ҳисоблаганда ҳали яна икки кун бор. Сиз хабарни ўқиётган айни дақиқаларда Жакартада яна бир қатор ҳамюртларимиз қўша-қўша медаллар учун ҳал қилувчи баҳсларда иштирок этишмоқда. Табиийки, медалларимиз сони янада ортади, ҳатто совринли ўринлар учун ҳам имкониятларимиз бор", – дейди журналист Ойбек Юнусов.

Бу мавзуда аввал ҳам ёзган эдик.