Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Стоматология поликлиникасида бир марталик тиббий буюмлар қайта ишлатиб келинганлиги аниқланди

Стоматология поликлиникасида бир марталик тиббий буюмлар қайта ишлатиб келинганлиги аниқланди

    Жорий йил бошида ўтказилган ўрганишлар айрим вилоятлардаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ишлар суст олиб борилаётганини кўрсатди.  Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.

  Хусусан, Самарқанд вилояти стоматология поликлиникасида стерилизация ишлари сифатсиз олиб борилган, баъзи ҳолларда бир маротабалик тиббий буюмлар қайта ишлатиб келинган.

  Шунингдек, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда тиббий асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш жараёнида ва бошқа муолажаларни ўтказишда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари қўпол равишда бузиб келингани маълум бўлди. Масалан, тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасининг жарроҳлик блокида стерилизация жараёни талабга жавоб бермайди.

    Юқоридаги каби ҳолатлар Самарқанд вилоят перинатал маркази, Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятида ҳам аниқланган.

  Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинди ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

    Жумладан, Самарқанд вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори А.Норбўтаев ҳамда Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Элбабаев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳамда Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, Самарқанд вилоят перинатал маркази бош шифокорига нисбатан интизомий чора қўллашга қарор қилинди.