Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТИ: ХАЛҚҚА АДОЛАТ КЕРАК!

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТИ: ХАЛҚҚА  АДОЛАТ  КЕРАК!
Агар мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ йўлга назар ташлайдиган бўлсак, ундаги изчиллик ва тадрижийлик, тараққиёт ва такомилни кўрамиз. Чунки суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш мамлакатимизда кеча ёки бугун бошланган жараён эмас.
Бир жиҳатни асло унутмаслигимиз керак. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 4-жилдида (2002) таъкидланганидек: “Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча ютуқларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди. У собиқ совет тузумидан кейин пайдо бўлган беқарор, нотинч даврда Ўзбекистон жамиятида барқарорлик ва ишончни пайдо қила олди, халқи олдига миллатни юксак­ларга кўтарадиган улкан мақсад ва вазифалар қўйди. У Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси, мамлакатнинг истиқлол дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир. ...У марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди”.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти  мустақилликнинг дастлабки куниданоқ  мамлакатда сиё­сий, иқтисодий ва маънавий йўналиш­ларда туб ислоҳотлар ташаббускори бўлди. Бунда у: “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак”, – деган  қатъий позицияни илгари сурди
Мамлакат ва халқ тарихида ўта муҳим бўлган икки вазифа турар эди. Шунинг учун ҳам Президент Ислом Каримов 1991 йилнинг 31 августида республика парламентидаги тарихий маърузасида Ватан ва халқ тарихидаги биратўла ана шу икки буюк янгиликни эълон қилди:
Биринчиси – Ўзбекистон ҳудудида тамоман янги, мустақил давлат тузилганини;
иккинчиси – социализмдан воз кечилиб, янги тузум барпо этишга киришилганини!
Бунинг учун ислоҳот қилиш керак эди. Ислом Каримов ана ўша тарихий маърузасида сиёсий, иқтисодий ва маънавий ислоҳотлар олиб борилишини ҳам белгилаб берди.
Сиёсий ислоҳотлар таркибига, табиийки, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ўзгартириш ҳам киради. Бу – биринчидан.
Иккинчидан, Ўзбекистон Респуб­ликасининг Биринчи Президенти тараққиётнинг тадрижий (эволюцион) йўлини танлади. Бу эса: “Янгисини қурмай туриб эскисини бузмаслик керак”, – деган қоидага қатъий амал қилишни тақозо этар эди.
“Ўзбек модели” деб номланган ўтиш даври беш тамойилининг иккинчисида белгилаб берилганидек, суд-ҳуқуқ тизимини ўзгартиришда давлат бош ислоҳотчи бўлиши табиий эди. Бундан ташқари, учинчи тамойилни амалга ошириш, яъни “жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигига эришиш” учун ҳам суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш зарур эди. Энг муҳими, бозор иқтисодиётига асос­ланган демократик тузум, фуқаролик жамияти, ҳуқуқий давлат барпо этиш учун ҳам, аввало, суд-ҳуқуқ тизимини ўзгартириш, яъни уни замон талабларига мос даражада такомиллаштириш лозим эди.
Мустақиллик йилларида бу борада амалга оширилган ишларни, лоақал,  бир-бир санаганда ҳам, неча-неча саҳифа тўлади.
Суд ҳокимияти – давлатнинг уч асосидан бири. Чунки замонавий давлат тушунчаси айнан қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бирлигидан иборат бўлади. Шундай экан, суд тизимининг мақоми, аввало, Констутитуцияда белгилаб берилади.
1992 йил Ўзбекистон Республикаси учун Конституцияни тайёрлаш ва қабул қилиш йили бўлди, дейиш мумкин. Давлат раҳбарининг ўша йили босилиб чиққан “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” асари мазмун-моҳиятида ҳам Конституция яратиш тамойиллари (принциплари) таҳлили биринчи ўринда туради. Бошқача айтганда, бу асарнинг ёзилиши билан Конституцияни яратиш жараёнлари бирга кечган. Буни унинг охирги саҳифасида битилган мана бу сўзлардан ҳам билиб олса бўлади: “Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. ...Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, озодлик, барқарорлик ва тараққиёт мажмуини ифодалайдиган демократик, ҳуқуқий ва адолатли давлатни қандай қилиб қуриш йўлларини очиб беради”.
Мустақил давлат фуқароси жамият билан бирга қадам ташлаши, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан эмин-эркин фойдаланиши, бурчларини масъулият билан бажо келтириши, шахсий манфаатларини жамият манфаатлари билан уйғунлаштириши, тараққиётдан ортда қолмаслиги, мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшиши учун ҳам унинг қўлида Конституция бўлиши керак эди.
Асосий қонунимизнинг XXII-боби “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” деб номланади ва у жами 11 моддани (106 – 116-моддаларни) қамраб олади. Уларда суд тизимининг вазифа ва ваколатлари аниқ-тиниқ белгилаб берилган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ шўро суд тизими Гдлян ва Иванов бошчилигида амалга оширилган, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деб ном олган ноҳақ судлаб, жазолаш кампаниясидан  жабр кўрган кўплаб фуқароларимиз бирин-кетин оқланди. Шунинг ўзиёқ мустақил Ўзбекистонда суд халққа қайишганидан далолат берар эди...
Президент Ислом Каримовнинг мақсади аниқ эди: халқнинг топталган, чор ҳукумати давридаги мустамлакачилик ҳамда шўро замонидаги ярим мустамлакачилик сиёсати зада қилиб ташлаган қадрини кўтариш, қаддини ростлаш, унинг қалбида ғурур-ифтихор ҳиссини уйғотиш ва кучайтириш, уни Ватанни севишга, унга хизмат қилишга ундашга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракат қўллаб-қувватланиши лозим эди.
Давлат раҳбари аввал бошданоқ масалани: “Халқнинг маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш – Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифасидир”, – деган тарзда қатъий қилиб қўйди.
2001 йилнинг дастлабки иш кунларидан бирида – 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.
Давлат ва жамият Конституциясиз яшаши мумкин эмас. Конституцияга шунчаки ҳужжат деб қараб бўлмайди. Унинг ҳар бир бўлими, боби, моддаси, банди олам-олам маъно-мазмунга эга, уларнинг ҳар бири муайян ҳуқуқ, эркинликни кафолатлайди, тегишли бурчни қайд этади. Шунинг учун ҳам Асосий қонунимизни ўрганиш фуқаро зиммасига изчил ва мунтазам давом этадиган масъулият юклайди. Айтайлик, Конституцияга биноан, ҳеч кимга ўзини бошқалардан баланд тутиш, чексиз имтиёзларни қўлга киритиш, бошқалар манфаатлари ҳисобига ўз нафсини қондириш ҳуқуқи берилмаган.
2002 йил 29 – 30 август кунлари иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналиш­лари” мавзусида катта маъруза қилди. Бу дастурий чиқишида ўша даврнинг давлат ва халқ олдида турган энг долзарб вазифалари ўртага қўйилди, ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим тамойиллари, мамлакатимизда демократияни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг етти устувор йўналиши белгилаб берилди. Чунки демократияни кучайтирмай, чинакам фуқаролик жамиятини барпо этмай туриб мамлакат ялпи тараққиётига эришиш – мушкул.
Президент Ислом Каримов белгилаб берган етти устувор йўналишнинг олтинчиси айнан “суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш” тарзида кун тартибига қўйилган эди.
 2005 йил 1 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг мантиқий давоми эди. Бундай саъй-ҳаракатлар жиноий жазони янада эркинлаштиришга қаратилганини, ўлим жазосини бекор қилиш зарурат эканлигини одамлар тез орада тушуниб етди.
Ўлим жазосини бекор қилиш комплекс вазифаларни ўртага қўяр, бунинг учун қатор қонунларга, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга тўғри келар эди. Шуни эътиборга олиб, ўша 2005 йилнинг 19 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиноий жазо ва суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ҳам қабул қилинди ва унда тегишли йўналишлар белгилаб берилди.
Ўлим жазосининг бекор қилиниши ўзига хос жасорат маҳсули сифатида баҳоланиши керак. Чунки Шарқ мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонимизда ҳам халқ ҳали бундай либераллашувга тўла маънода тайёр эмас эди. Аммо биз олдинни кўзлашимиз, порлоқ келажакни ўйлашимиз, ривож­ланган давлатлардагидек ҳуқуқий демократик жамият барпо этишимиз керак эди. Бу жамиятда инсонпарварлик (гуманизм) ақидаларига қатъий амал қилинишини тақозо этар эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан қабул қилиниши лозим бўлган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2006 йил 29 июнда чиқарилган Фармойишда айнан қайси тармоқдаги қонун ҳужжатларига, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозимлиги белгилаб берилди.
2008 йил 1 майида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Декабрда бу сана мамлакатимизда катта тантаналар билан нишонланди.
Ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин Ўзбекистон Республикаси биринчи қўшилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжат айнан шу – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эди. Чунки бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ўзида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдаги энг асосий демократик қатъиятларни (принципларни) мужассамлаштирганки, амалда у шу соҳадаги халқаро ҳуқуқ тизимини шакллантиришнинг ҳақиқий юридик асоси бўлиб хизмат қилди.
Фармонда мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсатнинг амалда инсон манфаатларини  ҳимоя қилиш, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.
Ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад – инсон ҳаётини яхшилаш, унинг эмин-эркин яшаши, ривожланиши, бунёдкорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, умрни унумли ўтказиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборат.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини эса, аввало, суд-ҳуқуқ тизими адолатли тарзда ҳимоя қилади.
2008 йилнинг 23 июнида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ташкил этилди.
2012 йил 2 августида “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди.
2015 йил 3 июнь куни пойтахтимизда “Суд кадрларини қайта
тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси”
мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Респубикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамда АҚШ Федерал суд маркази, “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўриниб турибдики, мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёни бир муддат бўлсин тўхтагани йўқ. Бу борада қанчадан-қанча қонунлар қабул қилинди.
Бу ишлар бугунги кунда янада изчил давом этяпти.
Шу йилнинг 27 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу йилги байрам  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида амалга оширилади.
Қарорда ушбу Дастурни 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш белгиланган.
Газетхонларимизга яхши маълумки, бу беш устувор йўналишнинг иккинчиси – айнан суд-ҳуқуқ тизими билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” 2017 йил 7 февралдаги Фармонида бу иккинчи йўналиш қуйидагича баён этилган: “қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш”. 
Шу йилнинг 21 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Респуб­ликасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмак­лашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш  бўйича олий комиссияси тугатилиб, унинг 21 нафар бўшаётган ижро аппарати штат бирлиги янги тузилган Кенгашга ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича  судлов ҳайъати ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри хўжалик судлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри иқтисодий судлари этиб ўзгартирилди ҳамда ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси  Олий суди ва Олий хўжалик судини бирлаштириш орқали  фуқаролик, жиноий,  маъмурий ва иқтисодий  суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.
Бу ислоҳот суд ҳокимиятининг чинакам  мустақиллигини таъминлаш,  судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига  номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш имконини беради. Бундай янгиликлар  Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси талабларига айнан мос келади.
Шу йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Истиқлол йилларида  мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Конституциямизнинг 7 моддасига суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгаришлар киритилди, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш  тизими такомиллаштириш учун судьялар ҳамжамиятининг янги органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Шунингдек, судлар томонидан жиноят ишларини қайта терговга юбориш амалиётига чек қў­йилди.
Йиғилишда, шу билан бирга, бу соҳадаги камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди.
“Асосий мақсадимиз, – деди Шавкат Мирзиёев, –  фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир”.
Шу йилнинг 6 июль куни “Ўзбекис­тон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати” қабул қилинди. Унда, жумладан: “Ҳар бир инсоннинг тақдирини ҳал этишда онгимизда – адолат, тилимизда – ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлади; ...судьялик – бу машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб ва юксак мақом эканлигини чуқур англаган ҳолда, судьялик шаънига доғ туширадиган ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга “фавқулодда ҳолат” сифатида қараймиз, адолатга хиёнат қилган ходимларга нисбатан муросасиз курашамиз ва сафларимиз софлигини таъминлаймиз”, – деган умидбахш мақсадлар битилган...
Ҳаракатлар стратегияси реал ижро талаб қилади. Уни амалга ошириш эса давлат ва халқ бирлигида жуда катта ишларни бажаришни тақозо этади. Шунинг учун ҳам шу йилнинг 15 августида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Унда муайян маънода амалга оширилган ишлар бир сидра сарҳисоб ҳам этилди. 
Ҳозирги кунда Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ҳамда 700 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мустақил давлатчилигимиз тарихида илгари ҳеч қачон ҳуқуқий базани мус­таҳкамлашда бундай жадаллик  юз бермаган эди. Бу мамлакатимизда ислоҳотларни мисли кўрилмаган даражада чуқурлаштириш  жараёни бош­ланганидан далолат беради.
Фармойишда беш устувор йўналиш бўйича қилинган ишлар қисқача санаб ўтилди. Жумладан, иккинчи устувор йўналиш бўйича ўзгаришлар ҳам қайд этилди: “Суд-ҳуқуқ тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар ташкил этилди. Ички ишлар органлари тизими ислоҳ қилиниб, уларнинг асосий фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга – “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”га йўналтирилди”.
Мустамлака халқ мустамлакачи давлатга асло ишонмайди. Мустамлакачи давлат ҳам мустамлака халққа икки карра ишонмайди.
Ана шу реал ҳақиқат қарийб бир ярим аср мобайнида онг-тафаккуримизга суд-ҳуқуқ тизимига нисбатан ишончсизлик туйғусини мустаҳкам ўрнаштириб қўйган эди. Йўқ. Давлат – халқники. У айнан халққа хизмат қилиш учун ташкил этилади. Суд – давлатнинг уч бошқарув органидан бири.
Шундай экан,  суд, аввало, халққа хизмат қилиши керак.
Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам шу аслида!
Султонмурод ОЛИМ