Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Судда одамлар эмас, ҳужжат гапиради, дегани қанчалик тўғри?

Судда одамлар эмас, ҳужжат гапиради, дегани қанчалик тўғри?                               Бир шикоят изидан 

Агентлигимизга Сурхондарё вилояти Денов тумани “Сурхон” маҳалласида яшовчи Эшмуҳаммад Холбеков ўғли Даврон Алмановнинг балиқчилик кўли ва сув ҳавзалари ташкил этиш мақсадида олган 2 гектар ер майдонига нисбатан Денов тумани ва Сурхондарё вилояти маъмурий судлари томонидан чиқарилган қарордан норози бўлиб мурожаат қилди.
 
Хўш аслида воқеа қандай бўлган эди?
 
Фуқаро Д.Алманов 2018 йил 10 апрелда Денов тумани ҳокимлигига ёзма мурожаат қилиб балиқчилик билан шуғулланиш учун ер майдони ажратишни сўрайди. Ўша йилнинг 21 май куни туман ҳокимининг тегишли қарори билан Д.Алмановга “Холчаён” СИУ ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган 174 қ-контурдаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдондан 2 гектар ер ажратиб берилади. Шундан сўнг бўлажак балиқчи ер майдонини тегишли тартибда расмийлаштириб, “Xolchayon xazinasi” хусусий корхонасини ташкил этади. Уни давлат рўйхатидан ўтказиб, балиқчилик кўли барпо этишга киришади.
 
6.jpg
 
Лекин, у эгалик қилган ер майдони Денов тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 2018 йил 27 февралдаги тақдимномасига асосан “Денов–Холматов Нормат” фермер хўжалигидан туман захирасига олинган 7.40 гектар майдоннинг бир қисми экан. Ўша йили захирага олинган ернинг 2 гектари Х.Алмановга, 2 гектари У.Рўзиевга, 1 гектари Ж.Шомердиновга балиқчиликни ташкил этиш учун туман ҳокимининг қарорига мувофиқ доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган.
 
Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мазкур майдонга озуқабоп экинлар экилмагани учун “Денов – Холматов Нормат” фермер хўжалигидан ерни захирага қайтариш бўйича тақдимнома киритган. Шундан сўнг туман ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 36-моддаси 10-банди, 38-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига асосан ҳокимликнинг 2009 йил 19 майдаги “Денов–Холматов Нормат” фермер хўжалиги негизида балиқчиликни ривожлантириш ҳамда озиқлантириш, кўлнинг атроф-муҳитини муҳофаза қилиш, ўтхўр балиқлар учун озуқабоп экинлар экиш ва яйлов кўлларини ташкил этиш учун 7.40 гектар ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги 290-қарорини бекор қилиб, ерни туман захирасига қайтарган.
 
Ўз навбатида “Денов – Холматов Нормат” фермер хўжалиги раҳбари Шарофиддин Мусирмонов 2018 йил 3 октябрда туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, мазкур қарор ва Д.Алманов, Х.Алманов, У.Рўзиев ва Ж.Шомердиновга нисбатан Денов тумани ҳокимининг ерга эгалик қилиш бўйича қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
 
– Гапнинг очиғи биз суднинг Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарган ҳал қилув қарори бошланишидаги жумлани ўқиб, ҳафсаламиз пир бўлди, – дейди Эшмуҳаммад Холбеков. – “2018 йил октябрь ойининг 26 кунида Денов тумани маъмурий суди ўз биносида ва Денов туман Холчаён СИУ ҳудудидаги низоли яйлов ер майдонида, очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб”,...деган сўзлар жуда ажаблантирди. Чунки, биз ўша куни туман маъмурий суди биносида ўтказилган суд мажлисида қатнашганмиз. Қарор ҳам шу ерда ўқиб берилган. Сайёр суд бўлмаган эди. Иккинчидан, суд даъвогар Ш.Мусирмоновнинг туман маъмурий судига ёзган аризасида билдирилган фикрларни очиқ қўллаб-қувватлаб, бизнинг эътирозларимизни ҳам, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг далолатномасини ҳам эътиборга олмади. Учинчидан, Ш.Мусирмонов ерни увол қилмоқда. Билмаймиз, у судга тақдим этган далолатномани қандай тузган, ким билан тузган? Бироқ, бу ерга экин экиб, ҳосил олганини кўрмаганмиз. 2009 йилда 860 килограмм чавоқ, 20 тонна ем олиб, 2014 йилда юз минг сўмлик балиқ сотаяпти. 2015 йили 1 миллион 700 минг сўмлик чавоқ олиб, 400 минг сўмлик балиқ сотаяпти. Биз суддан “хўш, шунча иш қилибди, бунинг даромади қани”, деб сўрасак, судья “силар жим ўтиринглар, бу одил фермер экан. Мана ҳужжатлари, судда одамлар эмас, ҳужжат гапиради”, дея ўша юз минг сўмлик ва 1 миллион 700 минг сўмлик квитанцияларни кўрсатди. Майли, суд сари ҳам борайлик. Фермер 2010-2013 йилларда қанча балиқ етиштирган, қанча даромад қилган экан? Нега судда ана шу йилларга оид ҳужжатларни тақдим эта олмади. Давлатдан қарздорлиги йўқми?
 
12.jpg
 
Суднинг ана шу масалаларни ойдинлаштирмаганидан ҳам биз жуда ҳайратда қолдик. Шунингдек, судда “Денов–Холматов Нормат” фермер хўжалигини ёқлаб, “Сурхонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятининг берган кўрсатмалари инобатга олинди-ю, афсуски, давлат ташкилоти бўлган туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими тақдимномасига келганда бу ҳужжат “Д.Алмановнинг балиқчиликни ривожлантириш учун ер майдони сўраб қилган мурожаатини даъвогарнинг ер майдонидан ажратиб бериш йўли билан қаноатлантириш мақсадида чиқарилгани”га йўналтириб юборди. Бу гапларни эшитиб, “ҳа улима, бўсанг балиқчи эмас, судья бўл экан-а!”, деб юборибман...
 
Ҳужжатларга эътибор берсангиз, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими 2018 йил 27 февралда ўз тақдимномасини киритган. Шунга асосан Денов тумани ҳокими 2018 йил 7 апрелда ўзининг 2009 йил 19 майдаги “Денов - Холматов Нормат” фермер хўжалиги негизида балиқчиликни ривожлантириш ҳамда озиқлантириш, кўлнинг атроф-муҳитини муҳофаза қилиш, ўтхўр балиқлар учун озуқабоп экинлар экиш ва яйлов кўлларини ташкил этиш учун 7.40 гектар ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги 290-қарорини бекор қилган. Д.Алманов 2018 йил 10 апрелда балиқчиликни ривожлантириш учун ер сўраб, ариза берган.
 
18.jpg
 
Мазкур суд қароридан норози бўлиб, Денов тумани ҳокимлиги 2018 йил 12 ноябрда Сурхондарё вилояти маъмурий судига апелляция шикояти киритган. 1 декабрда бўлиб ўтган апелляция инстанцияси судида ҳам туман судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
 
Мурожаатчининг таклифига кўра, биз маъмурий суд томонидан “Денов-Холматов Нормат” фермер хўжалигига қайтариб олиб берилган 7.40 гектар ер майдонини бориб кўрдик. Ернинг бир қисмига ғалла экилган. Лекин, уни бегона ўт босиб кетган. Ғаллазорнинг четлари сарғайиб ётибди. Фермернинг тўртта кўлидаги балиқларни “томоша” қилмоқчи бўлдик. Шох-шабба сузиб юрган иккита кўлда балиқни ҳам учратмадик. Шундан сўнг иккита янги кўл ковланган ерга келдик. Фойдаланилмай турган бу ер ҳам қаровсизликдан файзсиз бўлиб ётибди.
 
– Ўғлим мана шу иккита кўлни ковлашга 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлади, – дейди Э.Холбеков. – Суд бошлангач, иши чала қолди. Даврон бу ерда 12 иш ўрни яратишни мўлжаллаб, иш бошлаган эди. Мен ўғлимнинг меҳнатига, эндиликда бу ерларнинг бўш ётганига, фойдаланилмаётганига ачинаяпман. Биз, фермернинг бу ердан тўлақонли фойдаланмаётгани ҳақида ёзиб, 9 йиллик фаолиятини текширишни сўраб, вилоятда бормаган эшигимиз қолмади. Афсуски, ҳеч бир раҳбар бунга эътибор бермаяпти. Кўлларининг учтаси аввалдан мавжуд. Тўртинчи кўлни ўтган йили май ойида ковлади. Лекин, у судда тўртта кўлда балиқ етиштираяпман, деб кўрсатма берди. Унинг ишларини халқимиз, элимиз кўриб турибди. Ҳужжатларда бир гектар тутзори ҳам борлиги қайд этилган. Аммо бизга ўша тутзорини кўрсатадиган мард топилмаяпти. Биз-ку энди бир деҳқонлармиз. Қонуну қарорларга ҳам кўп тушунавермаймиз. Суд нега ўғлимнинг бу ерда ковлаган кўлларини ўзининг ҳал қилув қарорига киритмади. Бир ҳуқуқшуносга ана шу саволни бердим. У “агар қарорга ўғлингиз ковлаган кўлларни киритса, ерни ундан қайтариб ололмас эди”, деди. Хуллас, биз тегишли давлат органлари фермернинг фаолиятини текшириб кўришини, ваколатли суд органи бу низони маҳалламиз аҳли иштирокида сайёр суд шаклида қайта кўриб чиқишини илтимос қиламиз. Агар унинг ишларини кўриб турган халқимиз “Денов–Холматов Нормат” фермер хўжалиги маъмурий суд қарорида ёзилганидек, балиқчиликни ривожлантираётгани, давлатга даромад келтираётганини тасдиқлаб берса, биз фермерни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Фақат бу ишнинг қоғозда эмас, амалда сайёр суд шаклида муҳокама этилишини истаймиз.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА