Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СУҒУРТА ҚИЛИНМАГАН БЎЛСА ҲАМ...

СУҒУРТА ҚИЛИНМАГАН БЎЛСА ҲАМ...
Йўл-транспорт ҳодисасида айбдор деб топилган шахс­нинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинмаган бўлса, жабрланувчи ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича суғурта товонини олиши мумкинми?
Холсаид Қиличев,
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани
Самарқанд дарвоза кўчаси
4-в уй 174-хонадон
 
­Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунининг (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) 6-моддаси талабига мувофиқ, транспорт воситалари эгалари транспорт воситаларидан фойдаланишда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини қонунда белгиланган тартибда ва шартларда суғурталашлари шарт. Бироқ, турли хил сабабларга кўра, йўл-транспорт ҳодисасида жавобгар деб топилган шахснинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанмаган бўлса, жабрланувчи ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мулкига етказилган зарарни ўрнини қоплаш бўйича копенсация тўловини олиш учун Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.
Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан қуйидаги ҳолатларда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига компенсация тўлови амалга оширилади:
суғурталовчига нисбатан банкротлик тартиб-таомили қўлланилганлиги;
жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги;
транспорт воситаси уни ғайриқонуний йўл билан, эгаллаб олган шахс томонидан фойдаланилганлиги натижасида зарар етказилганлиги;
фойдаланилаётганда зарар етказган транспорт воситасининг эгаси ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаган бўлса.
Кўрсатиб ўтилган ҳолатлардан бири юзага келганда жабрланувчи ёки унинг меросхўрлари (агар жабрланувчининг аҳволи мустақил равишда мурожаат этиш имконини бермаса, қариндошлари ёки бошқа вакиллари) ёхуд ҳуқуқий ворислари қуйидаги ҳужжатларнинг аслини ёки нусхаларини илова қилган ҳолда Тўловларни кафолатлаш жамғармасига компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этади:
суғурта полиси (агар бўлса);
етказилган зарарнинг ўрнини қоп­лаш тўғрисидаги суд қарори, агар иш суд томонидан кўрилган бўлса;
зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хулоса ёки қарор, тиббиёт муассасаларидан олинган маълумотнома ёхуд ҳаётга ёки соғлиққа зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, ўлим ҳақидаги далолатнома ёхуд гувоҳнома);
мол-мулкка зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (тижорат далолатномалари, юк хатлари, асосий воситалар дафтаридан кўчирмалар, тўлов ҳужжатлари, шартномалар, мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ва бошқа шу кабилар);
жабрланувчининг шахсини ёки унинг давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни олганликларини, шунингдек, меросхўрларнинг шахсини ёки ҳуқуқий ворисларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар суғурта товони жабрланувчиларнинг мерос­хўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига тўланиши лозим бўлса).
Компенсация тўловларини амалга ошириш ёки мазкур тўловларни тўлашни асослантирилган тарзда рад этиш тўғрисидаги қарор Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан суғурталовчи ёки жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) илтимоснома билан мурожаат этган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида қабул қилинади.
Суғурта пули 3 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг миқдорда белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июнь кунги “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 141-сонли қарорининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари” деб номланган 4-иловасининг 39-бандида “Жабрланувчининг мол-мулкига зарар етказилганда суғурта товонининг миқдори суғурта пулининг 35 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас”, 48-бандида эса “Жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганда суғурта товонининг миқдори суғурта пулининг 65 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас”, деб қайд қилинган.
Фуқаролик жавобгарликни мажбурий суғурта қилмаган тақдирда ҳам, жабрланувчиларга етказилган зарар Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан компенсация тўлови орқали қопланар экан, мажбурий суғурта полиси сотиб олишнинг нима зарурати бор, деган боқимандалик кайфияти шаклланмаслиги керак. Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан жабрланувчиларга тўланган компенсация тўлови, ўзининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаган айбдор шахслардан регресс тартибида қайтариб олинади.
Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан жабрланувчиларга тўланган компенсация тўловини жавобгар шахслардан қайтариб олиш тартиби мазкур қонуннинг 28-моддаси ҳамда Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига асосан амалга оширилади.
Саволга “GULYAMOV, SADIKOV
AND PARTNERS” адвокатлик фирмаси стажёр адвокати
Абдували ДАМИНОВ жавоб берди.
 
МУВОФИҚЛИК СЕРТИФИКАТИ ЗАРУР
 
Синглим билан буюртма асосида қандолат маҳсулотлари пиширамиз. Ҳозирги кунда уларни кичик дўконларда сотиш учун биздан мувофиқлик сертификати сўрашяпти. Ушбу талаб тўғрими?
Н. Шомуродова,
Денов тумани:
 
– Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли қарори 1-иловасига мувофиқ, мажбурий тартибда сертификатлаштириладиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати ТИФ ТН кодлари асосида шакллантирилган. Қандолат маҳсулотлари озиқ-овқат маҳсулотлари турига мансуб бўлиб, ушбу рўйхатга киритилганлиги сабабли мувофиқлик сертификати олишингиз зарур. Маҳсулотингизни сертификатлаштириш учун Сиз синов ва сертификатлаштириш марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Саволга “SARBON EXPERT STANDART” озиқ-овқат
ва кимё маҳсулотларини сертификатлаштириш
органи бош мутахассиси 
Дилноза МИХЛИБОЕВА жавоб берди.
 

1 КИЛОГРАММ ҚАДОҚДА 15 ГРАММ ФАРҚ...МУМКИН!

Яқинда дўкондан кир ювиш воситаси (кукун) сотиб олдик. Гарчи қадоғида 500 грамм деб кўрсатилган бўлса-да, бироқ белгиланганидан камроқдек туюлди. Айтинг-чи, қадоқланган маҳсулотлар миқдорини қандай аниқлаш мумкин?
Р. Мамазиётов,
Урганч шаҳри:
 
– Ўрамларга қадоқланган ҳар қандай маҳсулот ёрлиғида унинг қадоқсиз соф оғирлиги (нетто) кўрсатилади. Масалан, сиз сотиб олаётган маҳсулот давлат стандарти талабларига кўра, белгиланганидан хатолик чегараси 9 граммдан ошмаслиги лозим. 500 граммдан 1 килограммгача қадоқланган маҳсулотлар эса ёрлиғида кўрсатилганидан 15 граммгача кам ёки кўп чиқиши мумкин. Яъни, хатолик чегараси шу миқдорда белгиланган. Ушбу ҳолатлар ишлаб чиқариш корхоналари устидан истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб, давлат метрологик назорати ўтказилаётганда доимо эътиборга олинади.
Саволга “TEXNOSTANDART-NEO”
қишлоқ хўжалик ва озиқ овқат маҳсулотларини
сертификатлаштириш органи бошлиғи

Татьяна ТОТРОВА жавоб берди.