Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сунъий қарздорлик ёхуд ишлатилмаган газга пул ундиришнинг “Хатирчи усули”

Сунъий қарздорлик ёхуд  ишлатилмаган газга пул ундиришнинг “Хатирчи усули”

            Хатирчи туманининг Икром Карвон маҳалласида янги йил бошида шов-шув тарқалди. 2013 йилгача фойдаланилган газ учун “тумангаз”дан ҳамма хонадонларнинг қарзи бор эмиш. Биров бу гап­га ишонди, яна биров бўлмаган гап, деб қўя қолди.

            Қарангки, орадан кўп ўтмай, туман мажбурий ижро бюроси ходимлари хонадонма-хонадон юриб, газдан 400-500 минг сўм қарзингизни тўланг, деган талабнома тарқатиб чиқишди... Ҳамма ҳайрон. Бу қарздорлик қаердан келиб чиқди экан? 50 минг сўм қарздорлик бўлса газчилар, яна денг, мажбурий ижро бюроси ходимлари пулни тўла, бўлмаса шунга етадиган мол-мулкингни тортиб оламан, деб турган бир пайтда шунча қарздорликка нимага индашмаяпти экан?

 

            – Маҳалламиз туман марказидан четда жойлашгани учун 2011-2012 йиллар давомида қиш кунларини қўя туринг, саратонда ҳам газ умуман берилмаган эди, – дейди “Икром Карвон” МФЙ Сўфи кўчаси 9-уйда яшовчи И. Холбоев. – Шундай бўлса-да, энди газ бераркан деб, газ ҳисоблагичда кўрсатилган эмас, кунлик белгиланган истеъмол тўлови бўйича тўловларни амалга оширдим. Шундан кейин газ идораси талаби билан ҳисоб-китобларни ноль-ноль қилган ҳолда (эски ҳисоблагич завод тамғаси бузилмаган ҳолда уйда сақланмоқда) 2013 йил февраль ойида янги газ ҳисоб­лагич ўрнатдим. Шу пайтга қадар газ тўловларини ойма-ой тўлаб келмоқдаман. Айтганча, 2017 йил февраль ойида ҳисоб­лагични қиёслаш кўригидан ҳам ўтказдим. Ана шу вақт оралиғида ҳеч ким қарз ҳақида оғиз очмаган эди. Ҳе йўқ, бе йўқ, томдан тараша тушгандек, шу йилнинг 15 январида Мажбурий ижро бюросининг Хатирчи туман бўлими катта инспектори С. Ахророва имзоси билан 375 минг 470 сўм қарзингиз бор, деган талабномани уйга қолдириб кетишибди. “Бу қарздорлик қаердан келди”, деб МИБнинг туман бўлимига борсам, “Хатирчитумангаз” корхонаси томонидан 2013 йилги қарздорлик деб берилган, масалани газчилар билан ҳал этасиз, дейишди. Ҳувиллаб қолган газ идораси раҳбариятининг эса жавоби тайин: “Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ишига аралаша олмаймиз”. Хуллас, йўқ жойдан қарзсиз қарздорга, айбсиз айбдорга айланиб турибмиз...

              Шу ўринда савол туғилади? Туман газ идораси нимага салкам беш йил давомида бу қарздорликларни кўрсатмай келди? Ёки ҳисоб-китоблар МИБнинг туман бўлимига ўтказилгандан кейин шундай йўл билан кимлардир ўзлаштирган маблағлар аҳоли ҳисобига қопланиши назарда тутилганми? Бу каби адоғи йўқ саволларга қонун устуворлигини таъминлаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари жавоб топар, балки...

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири