Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СУРХОНДА СОЯ ПИШДИ

СУРХОНДА СОЯ ПИШДИ Соя кўплаб фойдали хусусиятларга эга ўсимлик, унинг донидан 400 дан ортиқ турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Аҳолиси кўп, экин майдонлари тақчил мамлакатларда одамларнинг оқсилга бўлган эҳтиёжи асосан соя донидан олинган ёғ эвазига қопланади. Экин майдони жиҳатидан соя жаҳонда буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейинги ўринни эгаллайди.

Шимолий ва Жанубий Америка давлатлари соя донини экспорт қилишда етакчи саналади. Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари орасида соя етиштириш бўйича юртимиз пешқадамлик қиляпти.

Сурхондарё вилоятида “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти тизимидаги ёғ-мой корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан 18 минг 500 гектарга соя экилган эди. Шу кунларда пишиб етилган соядан 35 минг 375 тонна ҳосил олиш режалаштирилмоқда. Хусусан, “Сурхон озиқ-овқат саноати” акциядорлик жамияти билан Денов, Сариосиё ва Шўрчи туманларидаги 108 та соя етиштирувчи фермер хўжалиги ўртасида шартномалар тузилиб, 800 гектарга ана шу экин экилди.

– 10 гектар майдонга ҳам тажриба, ҳам даромад учун соя эккандик, – дейди Денов туманидаги “Кенагас Бойқобиловлари” фермер хўжалиги раҳбари Ҳикмат Саломов. – Бу ўсимлик сувни кўп талаб қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда барча зарур агротехника тадбирларини амалга оширдик. Шунинг учун ҳам биринчи йилдаёқ юқори ҳосил етиштирдик.

Денов туманидаги “Барака дони сари”, “Арабов Шамсиддин Арабович” фермер хўжаликлари ер майдонларида ҳам соя ўсимлиги алоҳида эътибор билан парваришланяпти. Деновлик миришкорлар билан суҳбатлашар эканмиз, улар бу ўсимликни етиштиришнинг агротехникасини пухта ўзлаштирганини англадик.

“Сурхон” озиқ-овқат саноати акциядорлик жамияти илмий-техник маркази бош агрономи Лола Худойназарованинг айтишича, соя тупроқни азот билан бойитади. Бугун воҳада ер унумдорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири. Бинобарин, бу ўсимлик экиладиган майдонларни кенгайтириш айни муддаодир.

 Сарвар ТЎРАЕВ,

“XXI asr” мухбири