Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сурхонда янграган айтимлар дунё миқёсида акс садо бераётир

Сурхонда янграган айтимлар дунё миқёсида акс садо бераётир

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиз тарихида илк маротаба ўтказилаётган ва Термиз шаҳри мезбонлик қилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали, ҳеч шубҳасиз, “дунё фольклоршунослиги харитаси”да Ўзбекистон номининг йирик ҳарфларда ёзилишига сабаб бўлди.

Бахшичилик – эпик жонли ижро санъатнинг бош­қа йўналишларидан шуниси билан фарқланадики, унда фонограмма йўқ. Ясамалик йўқ. Воқелик қай ҳолда бўлса, шу йўсинда акс этади. Шунданми, бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилига менг­залади. Шунданми, халқ оғзаки ижодининг бу ноёб тури дунёнинг қайси давлатида, қайси тилда, қай оҳангда, қай созда ижро этилмасин, бирдек эъзоз­ланади. Фольклор – қалбнинг соф жаранги, инсоният тарихининг энг узоқ манзилларидан сўзлайди. Ватан сўзини уқтирмасдан ватанпарварликни дилга дарж этади, эзгуликни, тинчликни, меҳр-муҳаббат, дўстга садоқат туйғуларини куй сеҳри билан томирларга жойлайди.

Бу санъат турининг бошқа бир аҳамияти нимада?

Атоқли фольклоршунос олим, академик Тўра Мирзаевнинг ишонч билан таъкидлашича, дунёдаги бизгача етиб келган эпослар – “Элиада”, “Одиссея”, “Рамаяна”, “Маҳобҳорат” каби достонларнинг ёзувдаги шакллари пайдо бўлиши билан оғзаки ижроси минг йиллар аввал сўнган эди. Лекин “Манас”, “Ботирлар жири”, “Гўрўғли” каби достонлар асрлар оша яқин қардош халқларимиз талқинида жонли ижрода бизгача етиб келяпти. Мана шу далилнинг ўзиёқ, халқ оғзаки ижоди намуналарини асл ҳолида сақлаш ва келажак авлодга етказиш масъулиятининг қанчалик муҳим эканидан дарак беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиз тарихида илк маротаба ўтказилаётган ва Термиз шаҳри мезбонлик қилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали, ҳеч шубҳасиз, “дунё фольклоршунослиги харитаси”да Ўзбекистон номининг йирик ҳарфлар билан ёзилишига сабаб бўлди. Етмишдан ортиқ мамлакатдан келган халқ оғзаки ижоди ихлосмандлари эпоснинг турфа талқинларини бир ҳудудда, бир майдонда туриб ҳис этиш бахтига мушарраф бўлишди.

Яна бир эътиборли жиҳати, фестиваль баҳона ташкилий тайёргарлик жамоатчилик синовидан ўтди, илк бора ўтказилаётгани боис мутасадди ташкилот вакиллари, шулар сирасида, хорижий ҳамда маҳаллий ОАВ ходимлари тажриба орттиришди. Бу жараёнларнинг бевосита қатнашчиси, кузатувчиси, ахборот узатувчиси, холис баҳоловчиси бўлишди. Инчунин, газетамиз махсус мухбирлари ҳам ана шу иштирокчилар қаторида эди.

Довонларда йўл равон ва обод макон

“Термизда халқаро фестиваль бошланяпти”, деган хабар янграгани ҳамоно ошуфта диллар “жануб гавҳари” аталмиш шаҳар томон ошиқди; кимдир темир қанотда, кимдир темир изда. Биз эса темир тулпор – автомашинада кетишни маъқул кўрдик. Сабаби, анча бурун ўтганимиз бузуқ, ўйдим-чуқур йўлларнинг бугунги ҳолатини синаш эди. Тошкент–Сурхондарё йўналишида қатнайдиганлар билишади, бу йўл кўп йиллар мобайнида ҳайдовчилар учун чинакам бошоғриқ бўлиб келган. Кечагидек эсимизда: машина жонворга ичинг ачийди, аждарҳонинг оғзидек қорайган чуқур ўраларга қарс-қурс тушиб чиқавериб, алп бўлгинг кеп кетади: дулдулингни азот кўтариб олиб ўтгинг келади...

 Яшириб нима қилдик, то Сурхондарё вилояти чегараси бошлангунга қадар шу ҳадик бизни тинч қўймади. Хайрият, ўйимиз ёлғон чиқди. Термизга қадар бирор юз чақирим йўл янгитдан асфальт қилинибди. Яйраб-яйраб манзилга етганимизни сезмай қолдик. Шу ўринда бу ажойиб магистрални янгитдан барпо этган азамат йўлсозларга алоҳида ташаккур айтамиз!

Тонг ёришай деганда манзилга етдик. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилингач, бу байрамона тадбирни кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида Термиз шаҳрида улкан бунёдкорлик ҳаракатлари бошлаб юборилгани хабар қилинган эди. Ўзимизу кўзимиз гувоҳ – катта ҳажмдаги қурилиш, реконструкция, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилибди, кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли тураржой бинолари жорий таъмирдан чиққан. Шаҳар бўйлаб фестивалга оид панно, баннер ва рекламалар, суратлар, электр нури билан узатиладиган ёзувлар, улкан мониторлар ўрнатилган.

Эскартиш: Ўтган йил декабрь ойида хизмат сафари билан Термиз шаҳрида бўлар эканмиз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов фестивалга тайёргарлик борасида йиғилиш ўтказаётганидан хабар топдик. Давра суҳбатида анжуманга оид барча мутасадди раҳбарлар, уларнинг ўринбосарлари, шунинг­дек, профессионал маҳорат ва тажрибага эга сценарист ва режиссёрлар, саҳна рассомларини учратдик. Ишчан руҳда ўтган йиғилишда асосий ишлар тақсимот қилинди, шароит ва камчиликлар айтилди. Бизнинг эътиборимизни тортган жиҳат, модератор Азиз Абдуҳакимовнинг шундай мазмундаги ушбу нуқтаи назари эди: “Фестиваль бу бизнинг юзимиз. Беш кунда ўтиб кетиши мумкин, аммо шу баҳона ҳудудда қилинган кенг кўламли ўзгаришлар қолади, йиллар давомида воҳа халқи баҳраманд бўлади. Туризм салоҳияти ошади. Янги иш ўринлари кўпаяди. Шаҳрисабзда ўтган Халқаро мақом фестивалида ташкилотчилик борасида айрим камчиликлар кўзга ташланганди. Бундан тўғри хулоса чиқариш шарт!”

Фестиваль платформаси билан танишув

Дастлаб қоидага мувофиқ, қолаверса, аккредитация бейжикларини тезроқ қўлга киритиш иштиёқида ОАВ ходимлари учун махсус ташкил этилган матбуот марказига йўл олдик. Сурхонлик таниқли адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази биносининг биринчи қавати журналистларга мослаб атай жиҳозланган. Тезкор интернет, компьютер жамланмалари, кофе-брейк, навбатчи тиббий ходимлар хизматингизга шай. Очиғи, анжуман доирасидаги маълумот алмашинуви борасида қийинчиликларга дуч келмадик. Марказ 24 соат мобайнида узлуксиз ишлаб турди. Боз устига, матбуот маркази ташаббуси билан телеграм ижтимоий тармоғида журналистлар учун Baхshi_Surxondaryo гуруҳи очилди. Виртуал контентда телевидение, радио, газета ва интернет нашрларда эълон қилинган материаллар ҳаволаси узлуксиз улашиб турилди. Натижада мазмун бир хиллигининг олди олинди. Ҳамкасблар тааллуқлиликдан келиб чиқиб, ранг-баранг чиқишлар қилишга эришди. Шунданми ё бошқа сабабми, билмадик, фестиваль учун атай яратилган bakhshi.uz веб-сайтида янгиликлар даврийлиги тўхтаб қолди. Бошқача айтсак, сайтда охирги хабар 4 апрель куни жойлаштирилди ва бошқа янгиланмади.

Фестивалнинг асосий тадбирлари нималардан иборат эди?

Биз оддий томошабин сифатида буни асосан уч манзарада кўрдик.

Биринчиси, Термиз шаҳридаги Санъат саройи ҳудудидаги боғда этнографик кўргазмалар, миллий чолғулар ва либослар, ҳунармандлар меҳнат маҳсули, тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда тасвирий ва амалий санъат асарлари ярмаркаси. Бадиий, ижодий жамоаларнинг концерт дастурлари...

Иккинчиси, “Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзусидаги илмий-назарий анжуман.

Ва ниҳоят, учинчиси Санъат саройи майдонида халқаро фестивалнинг тантанали очилиш маросими ва иштирокчилар ҳамда меҳмонлар учун махсус концерт дастури. Худди шу аренада фестивалнинг расмий ёпилиш маросими ва турли номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш. 

***

...Достонча сўйлаб фестиваль кўримини Алпомишга менгзасак, ташкил этилган кўргазма чиройда Барчин бўлди. Биз шу пайтга қадар юртимизда ўтган бу каби кўплаб кўргазмаларда қатнашганмиз. Бошқаларини камситмаган ҳолда, икки қўлимизни кўксимизга қўйиб деймизки, Термиздагиси чинакам ўзгача ўтяпти. Яъниким, юртимизда халқаро типдаги ярмаркалар кўпайгани сайин қатнашчиларнинг маҳорати ошиб, илҳоми жўш ураётгандек гўё. Сер солганингиз сари ҳайратингиз ошади, инсон нақадар кошиф эканига бот-бот амин бўласиз. Бир тарафда қадим миллий чолғулар – дўмбира, чанқовуз, сибизға, бўламон, сопол най, қўбиз, қўшнай... Яна бир тарафда анъаналаримиз нақш солган либослар, бош кийимлари, қадимий обида, қалъа ва миноралар макетлари, кийим-кечак, қўл ишланмалари, тақинчоқлар, зебигардонлар, ҳудудларга хос ўтовлар, бахшичиликка оид адабиётлар, хуллас, минг йилликдан то бугунги кунимизгача бўлган катта бир ансамбль қаршисида сезасиз ўзингизни.

Олимлар ила боғлиқ омадсизлик...

Кўпчиликнинг яхши хабари бор, ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет нашрида “Президент табригида эслаган олимлар байрамга киритилмади” мазмунидаги хабар ва изоҳлар урчиди. Келинг, воқеаларнинг бевосита иштирокчиси сифатида аслида нима бўлганига эътиборингизни қаратсак.

Тўғриси, айнан конференция иштирокчилари ташкилотчилиги билан боғлиқ пала-партишлик сал аввалроқ бошланган эди. Яъни, 5 апрель куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг телеграмдаги канали “ТерДУ халқаро бахшичилик конфeренциясини ўтказишга шай” мавзусида материал эълон қилди. Танишар эканмиз, университет жамоаси конференцияга сидқидилдан тайёргарлик кўришганининг гувоҳи бўлдик.

Аммо бироз ўтиб, бизга маълум бўлмаган сабабларга кўра, конференция “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси жойлашган бинога кўчирилгани тўғрисида хабар қилинди. Натижада “тор жойда томоша” ҳақидаги мақолни эсга олишга мажбур бўлдик. Таажжубланар эканмиз, айни ҳолатни тиғиз график ва вазиятнинг ҳукмига йўйишдан бошқа иложимиз қолмади.

Фольклоршунос дарғаларимизнинг фестиваль очилиш маросимига киролмай қолгани эса... Очиғи, ҳатто биз ҳам асосий тадбирга кириш ҳуқуқини берадиган махсус голограммали рухсатномани тадбир бошланишидан сал бурун олдик... Фикримизча, илм фидойи­ларининг тадбирда қатнашолмай қолгани атайин қилинмади. Не дейсизки, бахшиёна қўшиқлари билан элимиз меҳрини қозонган машҳур халқ артисти ҳам рухсатномадан қуруқ қолибди. Санъаткор азбаройи қизиқуви туфайли хорижлик меҳмонларга таржимон ва йўлбошловчилик қилаётган талабанинг рухсатномасидан фойдаланишга мажбур бўлгани кулгили эмасми? Аввалги хатбошида қайд қилганимиздай, бу кўламдаги халқаро фестиваль Термизда илк маротаба ўтказилаётгани боис тажрибасизлик панд берди, чоғи. Муҳими, хатолардан вақтида хулоса чиқариш зарурлигини мутасаддилар унутишмаса, бас.

Фестиваль билан боғлиқ мазкур кўнгилсизликни атайин тилга олаётганимизнинг сабаби шундаки, чин илм қилган зотларнинг бир қаноти камтарлик бўлса, иккинчиси бағрикенгликдир. Шу туфайли ҳам уларни алоҳида эътиборга лойиқ деб ҳисоблаймиз...

Асосий саҳна ва режиссура ҳақида

Турфа хил митти гуллар чиройли дизайн тархида экилиб, обдон парваришланган. Бариси табиий. Бу манзара, айниқса, юқоридан қарасангиз, кайфиятингизни чоғ қилади. Тарихийликни жонлантириш бўйича саҳна рассомлари анчагина тер тўкишганини олқишлаш керак. Шунингдек, қурол-аслаҳалар, ёй, суворий совути, жанговар довул, либослар бичими ва композицияси профессионаллар қўлида яратилгани шундоққина билиниб турибди. Очилиш маросимининг бадиий қисмини кўрар эканмиз, сценарий борасида креативлик кўзга ташланади. Биз бу намойишни бош режиссёр томонидан халқ оғзаки ижодининг барча йўналишларини иложи борича қамраб олишга уриниш сифатида ижобий баҳоладик. Агар ўқ мазмунга нигоҳ берсак, муштипар она сиймоси балқиб чиқади. Чунончи, “Алпомиш” достонидаги онаизорнинг “Исинг болама ўхшайди” ёхуд “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонидаги онаизорнинг “Болама ўхшайди овозинг санинг” илтижолари сценарий учун махсус танлаб олинган. Ижодий боғламларнинг узилиб қолмагани, бир-бирини тўлдиргани таҳсинга сазовор. Якун ҳам, албатта, шунга яраша бўлди. Тоғ-тошлар қулаб, ортидан кошона-саройлар пайдо бўлганида катта рамзий маъно уқиш мумкин.

***

Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳақида билдирган фикр-мулоҳазаларимиз тўқима эмас, кўрган-кечирганларимиз асосида бор борича ёзилди. Ўйлаймизки, биз эътибор қаратган жиҳатлар, хусусан, ташкилотчилик борасида тилга олинган айрим камчиликлар келгусида ўтадиган бу туркумдаги халқаро анжуманларда бошқа учрамайди. Эътироф этилган муваффақиятлар эса янада юксалиб боради.

Очунга шиддат билан очилаётган жонажон диёримизга эса яна бир қутлуғ шодиёна муборак бўлсин!

Аслиддин АЛИМАРДОНОВ,
“XXI asr” махсус мухбири