Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сурхондарё саноатлашган вилоятга айланяпти

Сурхондарё саноатлашган  вилоятга айланяпти

Сурхондарё ҳудудининг унумдор майдонларида пишиб етилган, заррин қуёш тафтини ўзига сингдирган тотли мева-саб­завотларнинг хорижда талабгори кўп. Шу боис ҳам кейинги пайтда воҳанинг серҳосил ерига уруғ қадаб, ҳосил олишга ва шу ерда қайта ишлаб, экспортга чиқаришга қизиқаётган маҳаллий ва хорижий сармоядорлар сони кўпайиб боряпти. Ўтган бир неча ой давомида воҳага келган хорижлик тадбиркорлар мисолида  ҳам  бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Хитойликлар билан битимлар

Хитойнинг ўндан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат делегация беш кун давомида Сурхондарёда бўлди. Улар шу вақт давомида Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Олтинсой, Бойсун, Шеробод, Ангор туманларидаги йирик саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. 

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашувларда ҳам Хитойнинг қиш­лоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси бўйича етакчи компаниялари раҳбарлари билан воҳа тадбиркорлари ва мутасаддилари ўзаро мулоқотлар қилишди. Хитойлик ишбилармонлар “Сурхон ипаги”, “Gold Agro Fresh”, “Жарқўрғон мева-сабзавот экспорт”, “Сурхонтекс”, “Амудар Текстил” МЧЖ, “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази сингари вилоятдаги йирик саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ҳам бўлишди. Ташриф якунида жами 40 мингдан ортиқ ишчи-ходим ишлайдиган 213 та компания, жумладан, “ZiGong Guo Ming Food Co., Ltd.”, “Shashmonkashob”, “Раҳмон-Тарақ­қиёт-Омад”, “Денов вино-­ароқ” ишлаб чиқариш корхоналари, “Termiz Cargo Centre” маркази ўзаро ҳамкорлик бўйича 5 та меморандум имзолади.

“Эко-культура” агрокомплекс қуради

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекис­тонга давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 27 миллиард АҚШ долларлик савдо ва инвестиция келишувлари имзоланганди. Жумладан, “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форумида Москва бозорларига мева-сабзавот етказиб бериш учун Сурхондарёда замонавий агромажмуа ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда Россиянинг бир қатор субъектлари инфратузилмасидан фойдаланиш бўйича келишувларга эришилган ҳамда янги лойиҳалар  режалаштирилган эди. Бу борада  томонлар ўртасида дастлабки ҳаракатлар бошланди.

Россиянинг энг йирик сабзавот ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган “Эко-культура” компанияси воҳада помидор ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик агрокомплексни қуриб, ишга тушириш ниятида. 2019 йили фойдаланишга топширилиши белгиланган маж­муанинг умумий майдони 314 гектарни ташкил этади. Иссиқхона қурилиши учун 472 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж сармояси йўналтирилади. Бундан ташқари, компания 92 миллион АҚШ долларни воҳада 1000 гектардан иборат боғ барпо қилиш учун сарфлайди. Бу ерда етиштириладиган маҳсулотларнинг 40 фоизи Россияга, 60 фоизи эса Хитой,  Жанубий Корея ва Японияга экспорт қилинади.

Ғарблик инвесторлар таклифи

Буюк Британиянинг  “Tavlidi Safo” корхонаси вакиллари бир неча кун давомида вилоятда бўлиб, туманлардаги шароит ва  муҳитни ўрганишди. Ўтказилган мулоқотларда инвестор Денов туманида помидор етиштириш бўйича йирик плантация ва қайта ишлаш корхонаси бунёд этиш таклифини билдирди. Келишувларга кўра, иқлим шароити, иқтисодий қулайлиги  ва қўшни республикаларга чиқиш йўли  устида жойлашган Денов туманида 100 гектар майдонда экин майдони ва қайта ишлаш корхонаси  бунёд этилади. Етиштирилган ҳосилдан томат пастаси ишлаб чиқарилади ҳамда қўшни республикаларга экспорт қилинади. Вилоят ҳокимлиги инвесторга кўчатлар тайёрлаш учун иссиқхона ва завод қуришга, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш линиясини замонавий ва махсус техникалар билан таъминлашга кўмак беришини маълум қилди. 

Янги кластер

Келгуси йилнинг бошида Сурхондарёда гўшт маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш бўйича клас­тер ташкил этилади. Қозоғистон Республикасининг “AKTEП” компания­си вакиллари воҳада бўлиб, ҳудудни ўрганди ва мутасаддилар билан мулоқот олиб борди. Учрашувда томонлар мазкур кластер лойиҳасини амалга ошириш йўлларини муҳокама этишди. Хорижий компания томонидан вилоятга 3000 бош “Абердин-Ангус” зотли қорамол келтириш, 6 минг бош сиғимга мослаштирилган замонавий  чорвачилик комплекси ва 7,2 минг тонна гўштни қайта ишлаш қувватига эга заводни барпо этиш мўлжалланмоқда.

Шамол электр қувватига эврилади

Бойсунда келгуси йили 600 мВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга станция ишга туширилади. Тоғли ҳудудда бунёд этилиши  кўзда тутилаётган шамол электр станциясини қуриш ва муқобил электр энергия ишлаб чиқариш Туркиянинг “Etka Co Energi”  компанияси ва Ўзбекистоннинг “Шамс” илмий маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бунинг учун томонлар умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритишга келишиб олишди. Инвесторлар билан бўлиб ўтган мулоқотларда шамол энергияси станциясини энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан  қуриш, ишлаб чиқариладиган электрни 10 фоиз арзонлаштирилган ҳолда сотиш борасида аниқ тўхтамга келинди. Лойи­ҳанинг амалга татбиқ этилиши туфайли вилоятнинг Бойсун ва Шеробод туманларидаги истеъмолчилар муқобил электр энергия билан таъминланади ҳамда ишсизлик даражаси юқори бўлган Бойсун туманида 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

3 000 гектарда ЭИЗ иш бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 сентябрдаги фармонига мувофиқ, чегарадош мамлакатлар, хусусан, Афғонистон Ислом Республикаси билан самарали савдо ва транспорт-логистика алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида
3 000 гектар майдонли ер участкасида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Унинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йил этиб белгиланди.

Термиз шаҳри ҳам маъмурий марказдан саноатлашган манзилга айланиб бормоқда. Бу ерда шу йилнинг охирига қадар умумий қиймати 647 миллиард 48 миллион сўмлик, хорижий инвесторлар ҳисобидан эса жами 119 та лойиҳанинг амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Натижада 2 722 та янги иш ўрни яратилади.

Маҳаллий ва хориж сармояси асосида йўлга қўйилаётган лойиҳалар воҳанинг ғалла ва пахтага ихтисослашган аграр ҳудуддан саноати ривожланган масканга айланишига ҳам замин яратмоқда.

Сарвар ТЎРАЕВ,

“XXI asr” мухбири