Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сурхондарё вилояти тиббиёт муассасаларида 3108 нафар олий маълумотли мутахассис етишмайди

Сурхондарё вилояти тиббиёт муассасаларида 3108 нафар олий маълумотли мутахассис етишмайди

      Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов “Сурхондарё ” телеканали орқали жонли эфирда 2017 йилдаги фаолияти ва келгусидаги режалари борасида вилоят аҳолисига ҳисобот берганди. Бу ҳақида nor.uz маълум қилди.
          Мулоқотда тиббиёт хизматида қўлга киритилган ютуқлар ва ўзгаришлар тўғрисида гапириб ўтди: Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича Президентимиз беш марта селектор ўтказди, албатта, бу ўз ижобий натижаларини бермоқда. Бугунги кунда 146 та бирламчи тиббий санитар муассалари томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатилиб келинмоқда. Вилоятимизда 137 та нодавлат хусусий тиббиёт муассалалари бор, уларнинг 28 тасида стационар, қолган 109 таси амбулотория шароитда хизмат кўрсатмоқда. Энди стационар шароитда хизмат кўрсатувчи хусусий тиббий муассаларни кўпайтиришга эътибор бермоғимиз лозим. Бу йил 9 та хусусий шифохоналарга тиббий ускуналар сотиб олиш учун Президентимиз томонидан 1 000 000 АҚШ долллари миқдорида кредит ажратилиб берилди. Бу кредитлар эвазига замонавий тиббий ускуналар олиб келиниб, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бундан ташқари чет эллардан, жумладан Россия, Ҳиндистон, Туркия каби давлатлардан малакали мутахассислар таклиф этилиб кўргазмали жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, мингдан ортиқ фуқароларга ногиронлар аравачалари, қўлтиқтаёқ, эшитиш аппаратлари етказилиб берилди. Бундан ташқари биринчи гуруҳ ногиронларига арзон уй-жойлар имтиёзли тарзда берилмоқда.
        Тан олиб айтиш керакки, вилоятда тажрибали тиббиёт мутахассисларининг етишмаслиги ҳам ҳақиқат. Бугунги кунда вилоят тиббиёт муассасаларида 3108 та олий маълумотли врачларга эҳтиёж мавжуд. Бу эса вилоятдаги беморларнинг Тошкент ва чет элларга шифо излаб боришларига мажбур бўлишига сабаб бўлмоқда. Баъзи тиббиёт ходимлари клиник баённомаларсиз ўз билганларича турли дори-дармон фирмаларига “етакчи бузоқ” сифатида кераксиз дори-дармонларни оддий тўртбурчак қоғозга ёзиб бериш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ҳалигача жуда оз бўлсада “03” хизматларида одамлардан пул ёки бензин сўраш ҳоллари одамларнинг кайфиятини бузмоқда. Масалан, куни кеча Музработ тумани тез тиббий ёрдами 20 литр бензин сотаётганда қўлга тушди. Бу масала билан тегишли органлар шуғулланмоқда. Бензин билан таъминланиш анча ортди, дори-дармон билан таъминлаш уч баробар ортди. Лекин шуларни қинғир йўллар билан сотиб юбориб, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган ҳоллар ҳам, афсуски, учраб турибди.
        Бу йил вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларига 97 та махсус тиббий хизмат кўрсатувчи машина етказиб берилди. Президентимиз Тиббиёт соҳасида олиб бораётган ислоҳотлари ижобий натижа бериб, тиббиёт ходимлари ҳам ўз касбига катта масъулият билан ёндошмоқдалар. Аммо халқимиз тиббий маданиятни ривожалантирмас экан, бу ислоҳотлар кутилган натижа бермайди. Авваламбор, ҳар бир инсон ўз соғлигига, яқинлари, фарзандлари соғлигига эътибор бериши керак. Афсуски, баъзи фуқаролар касаллик оғир формасига ўтгандагина, ноилож даволаш муассасаларига мурожаат этишади. Табиийки, бундай вазиятларда энг замонавий ускуналар ҳам, малакали мутахассис ҳам ёрдам бериши осон эмас. Шунинг учун тиббий маданиятни ривожлантириш масаласига эътибор қаратиш жуда муҳим.