Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Сурхондарёда биринчи чоракда бюджетга 479 миллиард сўм маблағ туширилиб, режа ортиғи билан бажарилди. Бироқ камчиликлар ҳам бор!

Сурхондарёда биринчи чоракда бюджетга 479 миллиард сўм маблағ туширилиб, режа ортиғи билан бажарилди. Бироқ камчиликлар ҳам бор!
Жорий йил якунига қадар Сурхондарё вилоятида бюджет параметрларини 2 триллион 516 миллиард сўмга бажариш режалаштирилган.
 
Жорий йил 21 май – 4 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан Сурхондарё вилоятида солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча маблағларни жалб этиш билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
 
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ана шу масала атрофлича муҳокама қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган сессияда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари О.Рустамов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж.Ўрунов мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ сиёсати юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган солиқ сиёсати концепцияси бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ, маҳаллий ҳокимият органлари, молия ва солиқ идоралари раҳбарлари, мутасадди ташкилотларнинг бюджетга қўшимча маблағларни сафарбар қилишда шахсий масъулият ва жавобгарлиги оширилди. Бу жойларда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш, бюджетга қўшимча даромадлар захирасини аниқлашда муҳим омил бўлаётир.
 
Жумладан, жорий йил якунига қадар Сурхондарё вилоятида 500 миллиард сўм қўшимча даромад жалб қилиш белгиланган. Ёки бюджет параметрларини 2 триллион 516 миллиард сўмга бажариш режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўпдир. Биринчи чоракда бюджетга 479 миллиард сўм маблағ туширилиб, режа ортиғи билан бажарилди. Бироқ ўрганиш жараёнида айрим солиқ турлари бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмагани ҳам аниқланди. Хусусан, жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи 28 фоиз, жисмоний шахсларнинг ер солиғи 13, жарималар 57, маҳаллий йиғимлар 21 фоизга бажарилмаган.
 
Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган хатлов натижасида вилоятда 2 минг 213 та бўш турган, қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ер майдони мавжудлиги аниқланган. Лекин белгиланган тармоқ жадвали асосида улардан фойдаланиш аҳволи ўрганилганда 160 объект белгиланган муддатда ишга туширилмагани маълум бўлди. Мавжуд 1 минг 147 юк ташувчи транспорт воситаси эгасини белгиланган тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш йилнинг иккинчи ярмида бюджетга 3 миллиард 509 миллион сўм солиқ ва бошқа тушумларни ундириш имкониятини яратади.
 
Мажбурий ижро бюроси томонидан 171 ҳолатда мол-мулки мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг 2 миллиард 223 миллион сўм солиқ қарзини ундириш бўйича ижро ҳужжатлари асоссиз равишда ижросиз қайтарилгани маълум бўлди.
 
Ўрганиш даврида вилоятда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилаётган харажатлар таҳлил қилинганда ҳам бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Масалан, ўтган йили маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан аҳолини иш билан таъминлаш тадбирларига камида 132 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши лозим бўлса-да, бу мақсад учун атиги 2 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Жорий йилнинг тўрт ойида эса аҳолини иш билан таъминлаш учун зарур маблағ жалб этилмаган. Ваҳоланки, ҳукумат топшириғига кўра, қўшимча манбаларнинг ўртача 40 фоизи ана шу мақсадга йўналтирилиши зарур эди. Шунингдек, қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 21 миллиард сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларга йўл қўйилган. Мисол учун, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан олти туманда давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган уй-жойлар доирасида 23 фуқарога ўзбошимчалик билан қурган иншоотлари учун 2,5 миллиард сўм компенсация пули нотўғри тўлаб берилган. 13 та бюджет ташкилоти томонидан молиявий манбаси аниқ бўлмаган товарлар (иш, хизмат) бўйича етказиб берувчилар билан асоссиз шартнома тузилиб, улар ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказилмаган.
 
Сессияда бу борада йўл қўйилган ана шу ва бошқа камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Маҳаллий бюджетга тушадиган йиғимларни ўз вақтида ундириш, аниқланган қўшимча имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субьектларини тиклаш бўйича тегишли тавсиялар билдирилди. Шунингдек, вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА