Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

СУЯНСАК ТОҒЛАРИМИЗ БОР...

СУЯНСАК ТОҒЛАРИМИЗ БОР...

...Икки қўшним бор: бири карнай чалади, бири сурнай. Кунда тўйга боришади. “Ҳай, барака топ­гурлар, аэропортга чемпионларни кутиб олишга чиққанда айтиб қўйинглар, эл қатори ғолибларни кутиб олишга менам борай”, дедим. Улар кунда дарвоза тақиллатиб: “Бугун фалон юртдан ғолиблар келади, эртага фалон чемпионатдан спортчилар келади. Юринг­лар, қўшнилар!” деб қолади. Қай бирига улгурайлик. Гоҳо боролмасак, ўзлари биз билан таассуротларини баҳам кўришади, уларнинг суҳбатини тинглаш мароқли. Саҳарми, тунми, карнай-сурнайчилар аэропортга кетаверишади. Чемпионлар келишмоқда. Эҳ, ўзбекнинг қонидаги қудрат мустақилликни кутиб ётган экан-да, дейсан.

...Каттақўрғонда 95 ёшли Саида момо яшайди. Болалари зиёли, неваралари чемпион момомиз футболга шинаванда. Ҳовлиси Каттақўрғон шаҳрининг энг йирик майдонига яқин жойлашган. Ёш футболчилар ўйиндан аввал нуроний онахонларидан дуо олишади.

Ўйин тугагач, дарвозаси ёнидан ўтган болалардан сўрай бошлайди:

– Ҳой, болам, Каттақўрғон ютдими?

– Суюнчи беринг, моможон, ютдик!..

Онахон футбол бўйича миллий терма жамоамиз ўйинчиларини номма-ном билади десам, ишонаверинг.

...Пойтахтимизда жойлашган “Grееn world” шарбат ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ҳозирда Жанубий Корея, Россия, Германия, Туркия, АҚШга маҳсулот экспорт қилади. Шарбат ишлаб чиқарувчи давлатларнинг халқаро танловларида ўзбек шарбатлари олтин медаллар соҳиби бўлиб етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Корхона халқаро сифат белгисини олган.

– Ўзбекистон заминининг мева ва сабзавотлари таркибидаги элементлар бошқа давлатлар шарбатларида йўқ, – дейди корхона раҳбари Аваз Исмоилов. – Хуштаъмлиги, ширинлиги билан ажралиб туради. Шу боис дунё бозорида ўрин топаяпмиз. Корхонамиз халқаро миқёсда ҳимояланган. Гоҳо ҳамкорларимиз билан судлашишга тўғри келади. Шундай пайтда ҳуқуқшунослар ҳақ эканимизни исботлаб беришади. Бир вақтлар ҳамкорлик қилишга беписанд қараганлар эндиликда ўзбекдек ҳалол ҳамкорни йўқотиб қўйишдан қўрқишади.

Ҳозир ер шарининг энг машҳур кишилари: футболчилар, санъаткорлар, олимлари бизнинг шарбатларни ичаётганини эшитяпмиз. Дунё бозорида испаниялик, голландиялик, исроиллик шарбатчилар учун рақибмиз.

...Аслида, ғамгин ва тушкун яшайдиган, йиғлоқи шеърлар ёзадиган ижодкор эмасман. Хушчақчақлик катта энам Хурсаной момодан ўтган. Юксалишлар том маънода кўнгил қувончимга айланган.

Бизни зулматдан олиб чиққан истиқлолга минг шукр! Қуёши йўқ юртлар қанча? Елкаси офтоб кўрмаган эллар-чи? Боғи йўқлар қанча? Баҳори йўқлар қанча? Суянмоқ учун тоғи йўқлар қанча-ю, тонгги йўқлар қанча?

Бахтиёрлик нима у? Магар олтин тоғ устида ўтирсанг-у, қалбингда қувонч бўлмаса, бахтсизсан. Тўкин дас­турхон ёнида турсанг-у, кўз ёшинг ошингга оқса, бахтсизсан. Олтин шодлик бўлолмас, бойлик бахт. Бахтиёрлик юртинг тинчлиги, давлат қуд­ратидадир. Истиқлол қуёши порлагандан буён ўзбекни очлик қайғуси қамрамас, бир бурда нон ташвиши синдирмас.

Ҳа, бахтиёрмиз! Минг шукрлар бўлсин! Бу бахтни ғанимларга, ғаддорларга ўғрилатмаймиз. Бахтни ҳеч кимга бериб қўймаймиз.

Зулфия МЎМИНОВА