Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Тадбиркор аёл – фаровон ҳаёт сари

Тадбиркор аёл – фаровон ҳаёт сари
Бухорода “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга форум ўтказилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, воҳада бугунги кунда истиқомат қилиб келаётган 846 минг 58 нафар аёлнинг 337 минг 159 нафари доимий иш билан таъминланган. Уларнинг 42 минг 689 нафари тадбиркорлик, 6 минг 100 нафари касаначилик билан машғул, 2 минг 259 нафари эса маҳаллий ҳунарманд сифатида рўйхатга олинган.
Биргина “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси саъй-ҳаракати билан 3 минг 38 нафар опа-сингилларимиз фойдали меҳнатга жалб этилди, 127 нафар аёл эса касбий таълимга йўналтирилди.
Касб-ҳунар коллежларини битирган қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда ўтказилган семинар-тренинглар ҳам ўз самарасини берди. Эндигина тадбиркорликни бошлаган 56 нафар ёшларга тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ажратилгани ҳам ушбу муҳим жараённинг вақт ўтгани сайин кенг кўлам касб этаётгани, тадбиркор хотин-қизлар сони тобора ошиб бораётганини кўрсатмоқда.
 Форумда сўз олган “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси раиси, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Д. Аҳмедова, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Қ. Холов, Марказий банк вилоят бош бошқармаси бош иқтисодчиси М. Авезов, “Люкс Бухоро Лайн” масъулияти чекланган жамияти раҳбари У. Исмоилова ва бошқалар хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, айниқса, оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапиришди.
– Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловлардан бирида қатнашдим ва 25 миллион сўмлик грантни қўлга киритдим, – дейди Ромитан туманидаги “Зебинисо – Юлдузхон” оилавий корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP аъзоси Зебинисо Остонова. –­ “Ҳунаринг – оиланг кўрки” мавзусида ишлаб чиққан лойиҳам менга ана шундай муваффақият келтирди. Маблағнинг маълум қисмини эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларнинг 50 дан зиёд аъзосини тикувчилик бўйича ўқитишга сарфлашга аҳд қилганман. Шу мақсадда ташкил этилган ўқув марказимизда бугунги кунда 10 дан зиёд аёлга дастлабки сабоқ бериляпти. “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан бундан бирмунча вақт олдин ажратилган 100 миллион сўмлик кредитдан ҳам унумли фойдалангандик. Тикиш-бичиш, маиший хизмат ва умумий овқатланишга ихтисослашган оилавий корхонамизни янада ривожлантириш ва иш ўринларини янада ошириш ниятидамиз.
Тадбир доирасида иштирокчилар тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари ва тамойиллари, солиқ имтиёзлари ҳақида маълумотга эга бўлишди. Ўз бизнесини ривожлантиришга эришаётган пешқадам хотин-қизлар “Энг яхши дизайнер”, “Сервис соҳасида энг яхши лойиҳа”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Саноат соҳасидаги энг яхши лойиҳа” сингари номинацияларнинг ғолиблари сифатида фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
 
Асхор ИСТАМОВ,
“XXI asr” мухбири