Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАДБИРКОР ҚАЧОНГАЧА САРГАРДОН БЎЛАДИ?

ТАДБИРКОР ҚАЧОНГАЧА САРГАРДОН  БЎЛАДИ?
“Абдусаматбек нур савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдурашид Мўминов бир неча ойдирки, турли кўринишдаги
сунъий тўсиқларга учраб, Янгиер кичик саноат зонаси  ҳудудида ўз фаолиятини йўлга қўя олмай овораи сарсон бўлмоқда...
 
Мамлакатимиз Президенти яқинда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишда бундай саноат зоналари қатнашчилари бўлган тадбиркорлик субъектларига ер участкалари ажратиш масалаларини ҳал этишда ҳанузгача бюрократизм асоратлари сақланиб қолинаётганини қаттиқ танқид қилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига асосан Янгиер кичик саноат зонаси ташкил этилди. Ушбу ҳудудда жойлашган “Ўзавтойўл” акциядорлик жамиятига қарашли “Янгиерйўлиндустрия” давлат унитар корхонаси балансида бўлган 5 та бино ва иншоотлар шу йил 13 апрелдаги 17-04/613-сонли ижара шартномасига асосан “Абдусаматбек нур савдо” МЧЖ бир йил муддатга ижарага берилиши белгиланган. Жами қиймати 2,3 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш учун ушбу ҳудуддаги 5 та бино-иншоот ва музлатгич қуриш учун ва яна 2 та бино иншоот, иссиқхона ташкил этиш учун эса уч гектар майдон “Абдусаматбек нур савдо”
МЧЖга балансига тегишли тартибда ажратилиши лозим эди. Аммо орадан саккиз ойга яқин вақт ўтибдики, ушбу ишлар турли баҳоналар билан пайсалга солиняпти. МЧЖ раҳбари ушбу масала ечимида кўмак сўраб Сирдарё вилояти  ҳокимлигига, Автомобиль йўллари давлат қўмитасига, “Ўзбекистон темир йўллар” акциядорлик жамияти компанияси ва бир қатор ташкилотларга ёзма равишда мурожаат этган бўлса-да, унга қонуний тарзда амалий ёрдам кўрсатилмади. Бу ёзишмалардан натижа чиқмагач, тадбиркорнинг ҳафсаласи пир бўлди ва Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига мурожаат этди.
Мурожаатни батафсил ўрганиш мақсадида Янгиер кичик саноат зонаси томон йўл олдик ва вазият билан яқиндан танишдик. Бизнинг эътиборимизни тортган дастлабки манзара шу бўлдики, Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудида “Абдусаматбек нур савдо” МЧЖ томонидан фойдаланилаётган бино-иншоотлар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти балансидаги темир-бетон ва мураккаб металл чиқариш мақсадида берилаётган бино-иншоотлардан алоҳида ҳудудда жойлашган экан. МЧЖга ажратилган бино-иншооот ва уч гектарлик ер майдонини темир-бетон  ва мураккаб металл конструкцияларини ишлаб чиқарувчи корхона ўртасидан ўтган йўл ажратиб турибди. МЧЖ раҳбари Абдурашид Мўминов ҳамроҳлигида ушбу тадбиркорлик субъектига ажратилган бино-иншоотлар ва ер майдонларининг аҳволини кузатдик. Ҳудуддаги бино-иншоотлар бутунлай хароба аҳволга келиб қолган. Бинолар талон-тарож қилинган. Ер майдонларини эса қаровсизликдан қалин қамиш ва ёввойи ўтлар босиб кетган. Аслида Абдурашид Мўминовнинг катта ниятлар билан ушбу ташландиқ, вайрона ҳолатдаги биноларни обод этиб, уни гўзал масканга айлантиришга қатъий бел боғлаганига тасанно айтиш жоиз. Тадбиркор ўз режа-мақсадлари ҳақида тўлқинланиб сўзлайди:
– Янгиер кичик саноат зонаси ҳудудида 5 та истиқболли лойиҳани амалга оширмоқчиман. Жумладан, логистика маркази, замонавий гўштни қайта ишлаш цехи, умумий ҳажми минг тонна бўлган мева-сабзавот сақловчи музлатгич, полиэтилен, полипропилен, шпагат ишлаб чиқарувчи кичик завод, 3 гектар майдонда эса Корея услубидаги иссиқхона бунёд этиб, маҳаллий ёшлардан 50 нафарини доимий иш билан таъминлашга аҳд қилганман.
Унинг таъкидлашича, ушбу лойиҳани 2018 йилнинг биринчи чорагида амалга ошириш белгиланган. Мамлакатимиз Президенти жорий йил 17 май куни Сирдарё вилоятига қилган ташрифи давомида Янгиер кичик саноат зонасида бўлиб, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш юзасидан зарур тавсияларини берган эди. Давлатимиз раҳбари ўшанда “Абдусаматбек нур савдо” МЧЖ раҳбари Абдурашид Мўминовнинг ишлари билан яқиндан танишиб, унга ушбу лойиҳаларини ишга тушириш муддатини 30 фоизга қисқартириш юзасидан юзасидан масъулларга топшириқ берганди. Бир дунё орзуларни дилига туккан ишбилармон ишчанлик руҳида лойиҳаларни қисқа фурсатларда амалга оширишга киришди. Афсуски аҳвол мана бундай.
А. Мўминов ушбу бўш ётган бино ва иншоотларни ер майдонлари билан биргаликда инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда сотиб олишда амалий ёрдам сўраб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига 2017 йилнинг 25 сентябрь куни хат билан мурожаат қилади. Аммо унинг бу мурожаати ҳам ечим топмайди.
Бугун мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш бўйича яратилган янги тизим, яъни бўш турган биноларни инвестиция киритиш мажбурияти билан “ноль” харид қийматида тадбиркорларга сотиш амалиёти ўзини тўлиқ оқлаяпти. Негаки, бу хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш билан бирга, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб қилиш ҳисобига  рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ва янгидан-янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Президентимизнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларга кенг қанот бағишлади. Тадбиркорларимизда янгича  кайфият уйғонди, уларнинг имкониятлари кенгайди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти  “Абдусаматбек нур савдо” МЧЖнинг ёзма мурожаатини ўрганиб, ҳудуддаги бўш ётган бино, иншоот ва ер майдонларини “ноль” қийматда унинг балансига ўтказиб беришни нега асоссиз равишда чўзиб келмоқда? Ҳолбуки, Абдурашид Мўминовнинг ёзма мурожаатига асосан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси шу йилнинг 25 сентябрида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти компанияси бош­қаруви раисининг биринчи ўринбосари Акбар Шукуровга хат юборган эди. Бу хатга 10 октябрь санасида компания менеджери, бош мененжер- бош муҳандис Х.Хасилов имзоси билан жавоб келди. Унда “Янгиер­йўлиндустрия” давлат унитар корхонасига тегишли бўш ва таъмирталаб бўлган бино ва иншоотларнинг ер ҳудудлари билан биргаликда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилган ва унинг негизида темир-бетон ва мураккаб металл конструкцияларни ишлаб чиқарувчи корхона барпо этилиши белгилаб қўйилган” дея маълумот берилган, холос. Ушбу жавоб, айтиш мумкинки, қуруқ расмиятчиликдан бош­қа нарса эмас.
Энди яна бир қизиқ ҳолатга эътибор беринг: O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси номига юқоридаги каби мазмунда йўлланган мурожаатга қўмита раиси ўринбосари Д. Юнусов имзоси билан 5 октябрда юборилган хатдаги жавобнинг сўнгги жумласини ўқингчи: “Янгийўлиндустрия” УКнинг мол-мулклари белгиланган тартибда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан белгиланган тартибда қабул қилиб олинганидан сўнг,  мурожаатингизда келтирилган бино-иншоотларни ижарага олиб фойдаланиш ёки сотиб олиш юзасидан жамиятга мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқлиги билдирилади”.
Бу хатниям қандай изоҳлашни билмадик.
Хуллас, тадбиркорнинг асосли мурожаати яна боши берк кўчага кириб қолди. У энди қаерга, кимга мурожаат этиши мумкин?
– Бино ва иншоотлар бизнинг балансимизга ўтказиб берилиши чўзилиб кетаётгани оқибатида лойиҳаларни амалга ошириш ҳам ўз-ўзидан кечикяпти, – дейди биз билан суҳбатда Абдурашид Мўминов. –  Балансда сақловчининг розилик хати берилмагани сабабли биз “Халқ банки”нинг Янгиер филиалига  кредит маблағлари олиш бўйича зарур ҳужжатларни тақдим этолмаяпмиз. Лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Польша, туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бундай аҳволда мен истиқболли лойиҳаларни қачон амалга ошираман? Оворагарчиликларимга қачон чек қўйилади?
Давлатимиз раҳбари юқорида қайд этилган йиғилишда меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, бугунги замон талабларига мослаштириш ва ер участкалари, бўш турган биноларни ажратиш тартибини соддалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Йиғилишда билдирилган ҳақли эътирозлардан мутасадди ташкилот раҳбарлари тегишли хулоса чиқариб олмоғи лозим. Зеро, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида фаолият бошламоқчи бўлган Абдурашид Мўминов каби ўнлаб тадбиркорларнинг сарсон бўлиши, бюрократик тўсиқлар туфайли ойлаб вақтини беҳуда ўтказиши фақат ва фақат тараққиётимиз йўлида тушов бўлади.
Анорбой НОРҚУЛОВ,
“XXI asr” мухбири

Сирдарё вилояти