Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тадбиркорга жарима солиш осон, лекин уни қўллаб-қувватлаш-чи?!

Тадбиркорга жарима солиш осон, лекин уни қўллаб-қувватлаш-чи?! Президент фармони ижроси қачон тўлиқ таъминланади?

Президентимизнинг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 30 октябрдаги фармони тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган айрим бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, хусусий корхоналарнинг давлат идоралари билан муносабатларини тартибга солиш имконини яратди, қатор солиқ ва божхона имтиёзлари жорий қилинди. Мазкур ҳужжатнинг 1-банди “а” қисмига мувофиқ 2019 йил 1 январдаш бошлаб:

– улгуржи савдони амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш ва савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартиби; 

акциз солиғи солинадиган товарларнинг айрим турларини (автомобиль, ўсимлик ёғи ва бошқалар) сотишдан тушадиган тушумлар ҳисобини юритиш ва ундан фойдаланишнинг махсус тартиби; 

кўчма савдо учун рухсатнома олиш талаби;

давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун санкциялар;

давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар билан шартномалар бўйича ички бозорда олдиндан 15 фоиз тўловни амалга оширишга доир талаб;

1-иловага мувофиқ айрим турдаги товарлар экспортига чекловлар; 

– келишишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этган ҳолда, маҳсулотларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишишнинг амалдаги тартиби;

– молиявий истеъмол кредитини ишлаб чиқарувчидан ёки реализация қилувчи ташкилотдан фақат Ўзбекистон Респуб­ликасида ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари (хизматлари)ни сотиб олиш учун бериш тўғрисидаги талаблар бекор қилинди.

Шунингдек, фармоннинг 7-бандига кўра Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тегишли вазирлик­лар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу фармонга мувофиқлаштириши белгиланди.

Хусусий сектор фаолияти самарадорлигини ошириш ва харажатларини камайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлиги таъминланишига шарт-шароит яратувчи бу ҳужжатни, айниқса, тадбиркорлар мамнуният билан кутиб олгандилар. Бироқ, гарчи орадан ойлар ўтган бўлса-да, кутилган айрим ижобий ўзгаришлар амалга ошмаяпти.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари шу йилнинг биринчи чораги давомида республикамизнинг турли ҳудудларидаги 7 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлар муаммоларини ўрганиш жараёнида тилга олинган фармон ижроси таъминланиши борасида талай камчиликлар мавжудлигига ва улар бизнес муҳитга салбий таъсир қилаётганлигига ишонч ҳосил қилдилар. 

Шу кунгача айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фармон талабларидан келиб чиқиб, ўзгартирилмаганлиги  кўзга ташлан­япти. Жумладан, жорий йилнинг 1 январидан бекор қилиниши лозим бўлган давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун санкциялар ҳануз амалда экани кишини таажжублантиради.

Солиқ органлари 3 ойдан буён эскича тартибда ишлаб, тадбиркорлик субъектларига турли молиявий санкция ва жарималар қўллаяптилар, судлар эса тақдим этилган материалларга асосан ишбилармонларга жазо тайинлаяпти.

 Вазирлар Маҳкамасининг  2000 йил 29 июндаги 245-сонли “Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 4-банди “в” қисми билан чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар, шунингдек, “эркин муомала учун чиқариш” режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни  30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан ке­йин:

– белгиланган муддатлардан 180 кунгача кечикканда – тушмаган валюта маб­лағлари ёки “эркин муомала учун чиқариш” режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда;

– белгиланган муддатлардан 180 кундан 365 кунгача кечикканда –  20 фоизига тенг миқдорда қўшимча;

– белгиланган муддатлардан 365 кундан ортиқ кечикканда – 70 фоизига тенг миқдорда жарима тўлаш белгиланган бўлиб, бундай амалиётдан ҳозир ҳам воз кечилмаган.

Илгари хорижий валюталар курсининг 3 хил – давлат банки ва биржа ҳамда ноқонуний – “қора бозор” курслари мавжуд эди. Давлатимиз раҳбарининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”  2017 йил 2 сентябрдаги фармонига мувофиқ валюта сиёсати ислоҳ қилиниб, ягона курс жорий этилди. Авваллари курслар ўртасидаги тафовут катталиги туфайли давлат манфаатидан келиб чиқилиб, юқорида баён этилган жазо чоралари белгиланган эди. Бугунги кунда тадбиркор тўловни эркин хорижий валюта курсида амалга оширмоқда ва муддати ўтган дебитор қарздорликдан биринчи навбатда, тадбиркорнинг ўзи зарар кўрмоқда. 

Шундай ҳолатлар учраяптики, тадбиркор хом ашё, технология ёки бутловчи қисмлар учун шартномага асосан “сотиб олувчи” сифатида тўловни амалга ошириб, ўзининг шартномадаги шартини тўлиқ бажармоқда, аммо контрагент – “сотувчи” томонидан шартнома шартлари бажарилмай, хом ашё, технология ёки бутловчи қисмлар етказиб берилмаётганлиги оқибатида кечиктирилган дебитор қарзлари вужудга келмоқда.

Тадбиркор зарар кўриб, қарзни ундириш учун сарсон бўлаётган, ёрдамга жуда муҳтож бир пайтда, аксинча, унга жазо бериляпти.    

Мисолларга мурожаат қилайлик.

Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Taraz-servis-effect” МЧЖ 2005 йилда ташкил этилган. Корхона омухта минерал ўғитлар ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади. Корхона айрим хом ашёларни, масалан, аммофосни Қирғизистондаги “Достук Кара-Добо” МЧЖ дан сотиб олиш учун 2018 йил 6 апрелдаги 6-сонли шартномага асосан 17800 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тўлиқ ўтказиб берган. Аммо қўшни давлатдаги корхона  шартнома мажбуриятларини бажармаган, хом ашёни жўнатмаган. 2019 йил 28 мартда Фарғона шаҳар солиқ инспекциясининг 24-26821-сонли талабномаси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги 245-сонли қарори 4-бандига асоан дебиторлик қарз суммасининг 20 фоизи миқдорида (3 570 АҚШ доллари ёки 29 952 192 сўм) молиявий жарима қўлланилиб, ихтиёрий тўланмаган тақдирда, Иқтисодий судга даъво киритилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Яна бир мисол. Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги “O’zimizniki” МЧЖ 2015 йилдан буён фаолият юритади. Тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисос­лашган. Корхонада 50 дан зиёд йигит-қиз иш билан таъминланган. Маҳсулотлар ички бозорга чиқариляпти, шунингдек, Россия, Беларусь ва Қозоғис­тонга экспорт қилиняпти. 2017 йил 25 октябрдаги 06-2017/ЕХ-сонли шартнома ва 20 фоиз ҳажмидаги олдиндан тўлов асосида Россиядаги “Вармия” МЧЖ га тайёр трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинган. Маблағнинг  қолган 80 фоизи босқичма-босқич тарзда тўланган. Импортёр томонидан маблағнинг охирги қисми бироз кеч тўлангани учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги   245-қарори 4-қисмига асосан 2019 йил 16 январда Тошкент туманлар­аро иқтисодий судига жами 58 858 213 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш ҳақида даъво киритилган ва суд даъвони қаноатлантирган. Ваҳоланки, кечиктирилган дебитор қарздорлик суд ажримидан аввал бартараф этилган. Бундай ҳолат бош­қа хорижий ҳамкорлар билан ишлашда ҳам кўпгина муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Шунга ўхшаш яна юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Тилга олинган салбий ҳолатларга буткул чек қўйиш, фармон ижросини тўлиқ таъминлаш вақти аллақачон келган. 

Ана шу каби жиддий муаммоларни ижобий ҳал қилишга масъул тегишли  ташкилотлар ва идоралар  қуйидаги таклифларимизни ҳам инобатга олсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди:

1. Вазирликлар ва идоралар ўзлари ишлаб чиққан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Фармоннинг 1-банди “а”-қисмига мувофиқлаштириш­лари зарур.

2. Шу йилнинг дастлабки уч ойи давомида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун молиявий санкция ва жарималардан моддий ва маънавий зарар кўрган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини шакллантириш ва зарар миқдорини ҳисоблаш керак.

3. Барча хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектларига ўтган 3 ой мобайнида (2019 йил 1 январдан бош­лаб) қўлланилган молиявий санкция ва жарималарни бекор қилиб, юзага келган моддий ва маънавий зарарни уларнинг ҳисоб-рақамига қайтарилса ёки келгуси давр солиқ ва бошқа мажбурий тўловлари учун йўналтирилса айни муддао бўлар эди.

Ғайрат ТУРҒУНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси

Ёшлар билан ишлаш
бўлими мудири