Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тадбиркорлар учун муҳим янгилик

Тадбиркорлар учун муҳим янгилик ЎЗБЕКИСТОН Республикаси президентининг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш ҳамда пул тушумлари устидан жамоат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди. 
Лойиҳада таъкидланишича, аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган назорат-касса машиналари (онлайн НКМ)ни жорий этиш белгиланмоқда. Жорий йилнинг 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб эса тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтадилар.
Қарор лойиҳасида айтилишича:
“2019 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтган тақдирда:
уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш мажбурияти бекор қилинади;
Тошкентда онлайн НКМ тажриба лойиҳаси ишга туширилади.
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш, хизматлар кўрсатиш ва ходимлар иш ҳақини (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) бериш мақсадлари учун кунлик нақд пул тушумини тўлиқ ўз ихтиёрида қолдириш ҳуқуқига эга бўлади;
кейинчалик сотиш мақсадида чекланмаган миқдорда нақд пулда товарлар сотиб олишга ҳамда нақд пулга сотиб олинган товарларнинг (бензин, дори-дармон ва бошқа акциз ости товарлар бундан мустасно) суммасидан қатъий назар ҳисобварақ-фактура ва харид чеки ёки аҳолидан харид қилинган ҳолларда маҳсулот сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида кирим қилиш ҳуқуқига эга бўлади;
кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбурияти бекор қилинади;
2020 йил 31 декабрга қадар ҳар бир касса учун онлайн НКМ харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлари тадбиркорлик субъектларининг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ёки қатъий белгиланган солиқ тўлови ҳисобидан, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг (базавий ҳисоблаш миқдорининг) 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтирилади;
Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқиладиган виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми бепул берилади;
Банкоматлар орқали нақд пул олишда фоиз тўловини чегаралаш таклиф қилинди. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш жойларида сотиш ҳуқуқи соддалаштирилган шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида рўйхатга қўйиш орқали қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ойлик йиғимларни мунтазам тўлаш ҳамда онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилиш шарти билан Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилади”.
Шунингдек, лойиҳада таъкидланишича, “Уй хўжалигида, шу жумладан, деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишда реализация қилинган маҳсулот унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш тартиби бекор қилинади”.

Манба: interpress.uz